Прокуратура органлари томонидан спорт соҳасига охирги 3 йилда (2019 — 2021 йиллар) ажратилган бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши ўрганилганда, унинг турли йўллар билан талон-торож қилингани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар берди.

Аниқланишича, 464 та спорт муассасаларида жами 27 млрд сўм зарар аниқланиб, унинг 10 млрд сўми ундирилди.

Жумладан, ҳудудий спорт муассасалари томонидан 20 та ҳолатда 8 млрд сўмлик маблағлар иш ҳақи ва бошқа тўловлар сифатида ўзлаштириб олинган.

«Мисол учун, Фарғона олимпия захиралари коллежи бош ҳисобчиси жами 4,3 млрд сўм маблағни ўзига иш ҳақи сифатида олиб, талон-тарож қилган», дейилади хабарда.

Шунингдек, спорт муассасаларини қуриш — таъмирлаш ишларида 25 та ҳолатда 10 млрд сўм бюджет маблағлари ўзлаштирилгани айтилмоқда.

Келтирилишича, спорт — таълим муассасаларини жорий таъмирлаш учун ўтказилган танловларда 72 та коррупциявий ҳолатларга йўл қўйилган. Хусусан, Бухоро олимпия захиралари коллежини жорий таъмирлаш учун танловда таъсисчиси Б.Қ. бўлган 4 та корхона қатнашиб, уларнинг биттаси ғолиб деб топилган.

Яна бир ҳолатда спорт жиҳозлари 8 та ҳолатда 4,2 млрд сўмга қиммат нархларда сотиб олиниб, маблағлари талон — торож қилингангани аниқланди.

«Ўтказилмаган ўқув машғулот йиғинлари ўтказилганлиги ҳақида 10 та ҳолатда ҳужжатлар сохталаштирилиб, 4,3 млрд сўм маблағ ўзлаштирилган», — деб ёзади Бош прокуратура.

Қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 1 150 та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилди, 431 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқи тикланди ҳамда 66 та жиноят иши қўзғатилди.