18 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари ўттиз еттинчи сессияси бўлиб ўтди.

Йиғилишда Олий Мажлис Сенати ва ҳукумат органлари, раҳбарлар, ОАВ вакиллари, шунингдек, Жўқорғи Кенгес депутатлари иштирок этди.

Сессияда Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг 81-моддаси 4-бандига мувофиқ, Жўқорғи Кенгес раисининг ўринбосари лавозимига 18-сон «Жанбаскала» сайлов округидан депутат Сапарбаев Рустам Турсинбаевич номзоди таклиф этилди.

Бунга қадар Рустам Сапарбаев Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари лавозимида фаолият юритган.

Рустам Сапарбаев 2004 йилда Қорақалпоқ давлат университети ва 2008 йилда Ўзбекистон Республикаси Стратегик таҳлил ва истиқболни белгилаш олий мактабини тамомлаган. Мутахассислиги бўйича у ҳуқуқшунос, сиёсатшунос. Ўзбекистон Халқ демократик партияси аъзоси.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесининг янги раиси этиб Аманбай Оринбаев сайланганди. У аввалроқ ИИВ раҳбари ва Вазирлар Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари сифатида ишлаган. Президент у ўз лавозимида Қорақалпоғистон халқига сидқидилдан хизмат қилиши ва билдирилган ишончни оқлаши лозимлигини таъкидлади