26 август куни президент Шавкат Мирзиёев Аманбай Оринбаевнинг раҳбарлик қобилияти, ватанпарварлиги ва инсоний фазилатларини, шунингдек, ҳудудни ривожлантириш борасидаги таклифларини ҳисобга олиб, унинг номзодига ўз розилигини билдирди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Жўқорғи Кенгес депутатлари, жамоатчилик вакиллари сўзга чиқиб, номзод ҳақида фикр билдирди. Шундан сўнг мазкур масала овозга қўйилди.

Яширин овоз бериш йўли билан Аманбай Оринбаев бир овоздан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси лавозимига сайланди.

Президент Жўқорғи Кенгеснинг янги Раисига мурожаат қилар экан, «Аманбай Оринбаев адолат, садоқат, ҳалоллик, масъулият, ташаббускорлик ва фидойиликни ўз фаолиятининг энг муҳим мезонлари сифатида белгилаб олиб, сайланган лавозимида Қорақалпоғистон аҳлига сидқидилдан хизмат қилиши ва ўзига билдирилган ишончни оқлаши лозим», деди.

2020 йилдан бери Қорақалпоғистонга раҳбарлик қилиб келган Мурат Камалов «бетоблиги сабабли» лавозимидан озод этилди.

Аманбай Оринбаев Қорақалпоғистон ИИВ раҳбари лавозимида 5 ойдан камроқ муддат — март бошидан июль охирига қадар ишлади. Июль ойи бошида республикада юз берган намойишлардан сўнг у ўз лавозимидан озод қилинганди ва Вазирлар Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди. Август ойи бошларида у ўз номзодини Жўқорғи Кенгеснинг бўшаб қолган ўринларига қўйди ва 21 август куни депутат сифатида сайланди.

Бунга қадар эса у ИИВ ЖХД Пробация хизмати бошлиғи лавозимида фаолият юритган. Унгача эса ИИВ Жамоат тартибини сақлаш хизмати бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган. 2016 йил август ойида Аманбай Ўринбоев Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳар ички ишлар бошқармаси бошлиғи этиб тайинланган.

Юқоридаги сессия давомида президент Шавкат Мирзиёев икки ой олдинги Нукус воқеалари негизида аҳолининг айрим ижтимоий-иқтисодий муаммолари ётганини таъкидлаганди. «Чунки бу ердаги айрим адолатсиз, нопок раҳбарлар „халқни рози қилиш“ деган эзгу тушунчани ҳали англаб етмаган», — деди у.