Сенатнинг 32 ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун кўриб чиқилди, дея хабар бермоқда юқори палата матбуот хизмати.

Мазкур қонун билан Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ҳамда «Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги қонунга тегишли ўзгартишлар киритилмоқда.

«Сир эмаски, охирги пайтларда электрон тўлов воситалари ёки масофавий хизмат кўрсатиш тизимларидан фойдаланиб, ўзгалар мулкини талон-торож қилиш, фирибгарлик, ўғрилик жиноятлари кўп содир этилмоқда. Биргина мисол, 2022 йилнинг 7 ойи давомида банк пластик карталаридан пул маблағларини фирибгарлик ва ўғрилик йўли билан талон-торож қилингани ҳолати юзасидан жами 1 812 та жиноят иши қўзғатилган», — дейилади хабарда.


Сенатга кўра, бугунги кунда ушбу ҳуқуқбузарлик Жиноят кодексининг фирибгарлик, ўғрилик деб номаланган 168, 169-моддалари билан таснифланмоқда. Бироқ айни пайтда ушбу моддаларда белгиланган жазо айбдорларнинг чин дилдан пушаймон бўлиб, бу йўлдан қайтиши, аҳлоқан тузалиш йўлига кириши учун етарли эмаслиги, содда қилиб айтилганда жазо енгиллик қилаётгани маълум бўлмоқда.

Шу боисдан ушбу қонун билан бундай турдаги жиноятлар учун жазо оғирлаштирилмоқда. Яъни эндиликда ахборот тизимларига ноқонуний кириб ва улардан фойдаланиб содир этилган фирибгарлик жинояти учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 бараваридан 400 бараваригача жарима тўланади. Ҳозир бу миқдор 100 дан 300 гача. Ёки амалдаги нормага кўра ушбу жиноят учун 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш белгиланган бўлса, эндиликда бу муддат 5 йилдан 8 йилгача этиб қатъий белгиланмоқда.

Қолаверса, амалдаги қонунчиликда муқаддас қадамжоларга, тарихий воқеаларга бағишланган, атоқли давлат ва жамоат арбоблари, миллий қаҳрамонларнинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида ўрнатилган ёдгорликларга ҳурматсизлик билан муносабатда бўлиш каби хатти-ҳаракатларга нисбатан жавобгарликни белгилашда бўшлиқлар борлиги қайд этилди. Шу боис, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга Моддий маданий мерос объектларига нисбатан ҳурматсизлик қилиш, таҳқирлаш ёки уларга шикаст етказиш учун жавобгарликни назарда тутувчи янги норма киритилмоқда.


Шунингдек, шикаст етказиш учун белгиланаётган миқдорлар яъни, оз миқдор ва кўп бўлмаган миқдор тушунчалари киритилиб, унга кўра, оз миқдорда деганда базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваригача, кўп бўлмаган миқдорда деганда базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваригача бўлган доирадаги миқдор тушунилиши кўрсатилмоқда. Мазкур қонунни ишлаб чиқиш жараёнида халқаро тажриба, Ҳамдўстлик мамлакатлари қонунчилиги ўрганилган ҳамда миллий қонунчиликка мос келадиган нормалар қисман инобатга олинган.

Қонуннинг қабул қилиниши:

  • биринчидан, жисмоний ва юридик шахсларнинг электрон пул маблағларини талон-торож қилиш ҳамда фуқароларнинг ишончига кириб ҳисоб рақамлари ёки пластик карталаридан пул маблағини талон-торож қилиш каби ўғирлик ва фирибгарлик жиноятларининг олди олинишига;
  • иккинчидан, миллий ва умуминсоний қадриятлар, муқаддас қадамжоларнинг муносиб сақланишига, муҳим тарихий воқеаларга бағишланган, атоқли давлат ва жамоат арбоблари, миллий қаҳрамонларнинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида ўрнатилган ёдгорликларга ҳурматсизлик ёки уларни таҳқирлашга йўл қўймасликка хизмат қилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.