Жума куни Олий Мажлиси Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида кўриб чиқиладиган қонунларнинг дастлабки тарздаги муҳокамаси бўлиб ўтди, деб хабар берди юқори палата матбуот хизмати.

Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси мажлисида моддий маданий мерос объектларига нисбатан ҳурматсизлик билан муносабатда бўлганлик учун жавобгарлик белгилаш кўриб чиқилди.

Унга кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс моддий маданий мерос объектларига нисбатан ҳурматсизлик билан муносабатда бўлишни ўзида акс эттирган 64−1-модда билан тўлдирилиши мумкин.

Ушбу моддада моддий маданий мерос объектларига ёзувлар ёзиш, расмлар чизиш йўли билан уларни таҳқирлаш ёки уларга шикаст етказиш жавобгарликка олиб келиши назарда тутилади.

Бундан ташқари, моддий маданий мерос объектларини, шу жумладан уларнинг тарихий, илмий, бадиий ёхуд ўзгача маданий қимматига доғ туширувчи ёки уларни масхара қилувчи ҳаракатларни содир этиш, худди шунингдек объектларга нисбатан жамоат тартибини бузувчи ҳаракатларни содир этишни маъмурий ҳуқуқбузарлик сифатида қайд этиш таклиф этилмоқда.

Йиғилишда Жиноят кодексининг 168-моддасига ўзгартириш киритилиб, ахборот тизимидан, шу жумладан, ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда фирибгарлик жиноятларини содир этганлик учун жавобгарлик белгилаш муҳокама қилинди.

Сенаторлар «Электрон рақамли имзо тўғрисида»ги қонунни ҳам муҳокама қилдилар. Мазкур қонун билан юридик шахсларга электрон рақамли имзодан фойдаланиш имконияти яратилиб, давлат хизматлари кўрсатилишида халқаро электрон рақамли имзодан ҳамда Ўзбекистон норезидентларига электрон рақамли имзодан фойдаланишга рухсат этилиши мумкин.

Сенаторлар, қўмита ҳузуридаги эксперт гуруҳи ҳамда қонун ташаббускорлари билан бўлиб ўтган муҳокамалардан сўнг қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.