Тошкент шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Фарҳод Деҳқонов ҳибсга олинганидан бир кун ўтиб озод этилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев маълум қилди. «Газета.uz»га маълумотни Бош прокуратура матбуот хизмати ҳам тасдиқлади.

«Тошкент шаҳар бош экологи Фарход Дехқонов кеча тунда(шанба куни ярим тунда — таҳр.) қўйиб юборилиб, оиласи бағрига қайтди. У Чилонзор ва Учтепа туманларидаги дарахткушлик иши ортидан ҳибсга олинганди. Дарахткесарларга қарши курашадиган орган раҳбарининг ҳибсга олиниши жамоатчиликни ларзага келтирди. Айниқса, бу экология тизимидаги ходимларга шаштни сўндирадиган даражада қаттиқ зарба бўлди», — деб ёзади парламент аъзоси.

У экологларни руҳини чўктирмасликка чақирди ва «вазиятга холис баҳо бериб, тўғри қарор қабул қилишга ҳисса қўшган» бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевга миннатдорчилик билдирди.

«Газета.uz»нинг аниқлашича, Фарҳод Деҳқонов жиноий иш бўйича ҳамон гумонланувчи сифатида қолмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Экология бошқармаси бошлиғи 9 сентябрь куни Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисми «а» банди (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, давлат ёки жамиятга жуда кўп миқдорда зарар етказиш)да назарда тутилган жиноятни содир этганликда гумонланиб, ҳибсга олинганди.

Бош прокуратура у асосий вазифаси экология ва атрофни муҳитни муҳофаза қилишга оид қонунчилик талаблари ижроси устидан назоратни амалга ошириш керак бўлган ҳолда, ўз мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиб, гўёки дарахтларни кўчиришга рухсат берганлиги важи билан уларнинг нобуд қилинишига шароит яратиб бергани қайд этган.

Фарҳод Деҳқонов ҳибсга олингандан сўнг Расул Кушербоев ўз каналида прокуратурадан «агар холис бўлса», Чилонзор тумани прокурори ва ҳокимига ҳам нисбатан жиноий иш қўзғатишни ва уларни қамоққа олишни талаб қилган видеосини эълон қилганди.

«Акс ҳолда прокуратура дарахт ҳимоячиларини синдириб, «ерфуруш»ларни ҳимоя қилмоқчи, деган хулоса келиб чиқади. Айниқса, Учтепада. Дарвоқе, Учтепада гап кўп. Бунга алоҳида тўхталамиз. Демак, бошланишига Чилонзордаги прокурор ва ҳокимга жиноят иши очилишини кутамиз», — деб ёзган у.

Кейинчалик депутат постни ўчириб ташлади.

Маълумот ўрнида, аввалроқ Чилонзор туманида 58 туп, Учтепа туманида 42 туп дарахт ноқонуний равишда кесиб ташлангани аниқланганди.