Давлат экология қўмитаси томонидан тузилган ишчи гуруҳ ва қўмита жамоатчилик кенгаши аъзолари пойтахтнинг Учтепа туманида ўраб олинган ҳудудда бўлиб, ўрганиш ишларини олиб борди, дея хабар бермоқда қўмита матбуот хизмати.

Жамоатчилик вакиллари ҳам қатнашган ўрганишлар давомида Учтепа туманининг Лутфий ва Катта Хирмонтепа кўчалари кесишмасида жойлашган ушбу ҳудудни «Goroda stroy» МЧЖ ўраб олгани маълум бўлди. Мазкур МЧЖ томонидан Ягона интерактив давлат хизматлари агентлиги орқали йўлланган мурожаатга асосан, Тошкент шаҳар Экология бошқармаси инспекторлари ушбу ҳудудда ўрганиш ишларини олиб борган ва дарахтларни хатловдан ўтказишган.

Ўрганишлар натижасида 2021 йил 11 октябрда далолатнома расмийлаштирилган, шунингдек, «Goroda stroy» МЧЖга дарахтларни кесмаслик бўйича рад жавоби ҳамда дарахтларни сақлаб қолиш юзасидан қонунчиликка белгиланган тартибда огоҳлантириш берилган.

Тошкент шаҳар Экология бошқармаси томонидан белгиланган тартибда ушбу ҳудуддаги дарахтлар ҳолати бўйича навбатдаги хатлов ўтказилганда 42 туп, шундан 9 туп чинор, 2 туп арча мавжуд эмаслиги, чинор, шумтол, сафора, арча каби 27 туп дарахтлари кўчириб ўтқазиш, 4 туп терак эса муҳофаза қилиш чоралари кўрилмагани сабабли қуриб қолгани аниқланган. Бунинг оқибатида эса ўсимлик дунёсига жами 425,1 млн сўм миқдорида зарар етказилган. Ушбу ҳолат юзасидан МЧЖ масъуллари тушунтириш беришдан бош тортишган.

Тошкент шаҳар Экология бошқармаси тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб, жорий йилнинг 6 сентябрь куни Тошкент шаҳар прокуратурасига ҳуқуқий баҳо бериш учун тақдим қилган.


«Бугунги ўрганишлар давомида жамоатчилик талаби билан ҳудудни ўраб олган тўсиқлар олиниб, дарахтлар қайта хатловдан ўтказилди. Шунингдек, ободонлаштириш ходимлари жалб этилган ҳолда тозалик ишлари олиб борилди. Айни пайтда ҳудудда ўрганиш ишлари давом этмоқда», — дейилади хабарда.

Бош прокуратура хабарига кўра, Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан қурувчи ташкилот мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 198-моддаси 3-қисми (Экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Чилонзор туманида 58 туп дарахтни кесиб ташлаб, табиатга қарийб 800 млн сўмлик зарар етказгани учун Dream House Stroy компанияси мансабдорларига нисбатан жиноят иши очилгани ҳақида хабар берган эдик.

Август бошида Чилонзор кўчасини кенгайтириш баҳонасида 101 туп дарахтга шикаст етказилганди. Ушбу можаро хабари давлат раҳбаригача етиб борганди. Президент топшириғига асосан Чилонзор тумани ҳокими Шавкат Мавлонов ва прокурори Иззат Бозоров ишдан бўшатилганди. Қолаверса, пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва прокурори Улуғбек Қосимовга қаттиқ ҳайфсан берилганди.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг 30 декабрдаги фармони билан мамлакатда дарахтларни кесишга муддатсиз мораторий жорий қилинди. Шунга қарамасдан ҳудудларда дарахтларни ноқонуний кесиш ҳолатлари давом этмоқда.