8 сентябрь куни Андижоннинг Пахтаобод туманида 38-сонли мактабга ўқувчилар оёқяланг киргизилгани ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга вилоят ХТБ матбуот хизмати муносабат билдирди.

Унга кўра, мактаб 310 ўринга мўлжалланган, бу сиғим ҳудудда яшовчи болаларни таълим билан тўлиқ қамраб олиш талабига жавоб беролмай қолган ва у ерга инвестиция дастури асосида 300 ўринли қўшимча бино қурилган.

Мактабда тоза ва озодаликни сақлаш учун болалар бинода алоҳида оёқ кийим кийиши белгиланган. Тармоқларда тарқалган видео ўқувчилар синфхоналаридаги оёқ кийимлари кийилгунга қадар йўлакда юрган вақтларида тасвирга олинган.

Келтирилишича, ўқувчилар оёқ кийимларини алмаштирилгунга қадар йўлакда юришининг таълим сифатига умуман таъсири йўқ, қолаверса ўқувчилар учун ноқулайлик келтириб чиқишига сабаб бўлган.

Шуни инобатга олган ҳолда Андижон вилояти ХТБ бошлиғининг буйруғига асосан мактаб директори О. Х ҳамда Пахтаобод тумани халқ таълими бўлими мудирининг буйруғига асосан мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директори ўринбосари М.Б.ларга интизомий чора қўлланилди.

Мактаб маъмуриятига эса, таълимга алоқадор бўлмаган «ташаббус»ларни илгари сурмасликлари, таълим жараёнлари Халқ таълими вазирлиги ва қонунчиликда белгиланган тартиб-қоидалар асосида олиб борилиши ва мана шундай ҳолатга такроран йўл қўймаслик юзасидан қатъий огоҳлантиришлар берилди.