Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 851 млн 458 минг сўм маблағ хайрия сифатида сарфланган. Бу ҳақда АОКАда бўлиб ўтган брифингда «Вақф» хайрия жамоат фонди ахборот хизмати раҳбари Саидаброр Умаров маълум қилди.

Таъкидланишича, «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан «Вақф сувлари» лойиҳаси жорий этилган. Ўтган давр мобайнида ҳомийлар билан ҳамкорликда мамлакатнинг турли ҳудудларидаги, олис қишлоқ ва овулларида тоза ичимлик сувига муҳтож бўлган аҳоли учун артезиан қудуқлари қазиб чиқариш ҳамда минорали сув иншоотлари барпо этиш ишларини амалга ошириб келмоқда.

Жумладан:

  • 2019-йилда Сурхондарё вилояти, Сариосиё туманидаги «Боғи Обод», «Себзор» ва «Эҳтиром» маҳаллаларида истиқомат қилаётган 8 минг нафарга яқин аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида бир километр масофадан ичимлик суви тармоғи тортиб келиниб, аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланган;

  • Самарқанд вилояти Нуробод тумани «Оқсой» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудига ҳам аҳоли учун хайрия сифатида 2 км масофадан тоза ичимлик суви келтирилган.

2020−2021 йилларда Қорақалпоғистон Республикасининг 10 та туманидаги ичимлик суви танқис бўлган қишлоқ ва овулларда жами 100 та, 2021−2022 йилларда эса Фарғона вилоятида 1 та ва Қашқадарё вилоятининг Косон, Қамаши ва Ғузор туманларида 5 та артезиан қудуқлари ва минорали сув иншоотлари бунёд этилиб маҳаллий аҳоли учун хайрия сифатида тақдим этилган.

Ушбу хайрия ишлари учун фонд маблағларидан 566 млн 458 минг сўм, ҳомийлар ҳисобидан эса 285 млн сўм, жами 851 млн 458 минг сўм маблағ сарфланган.

«Айни дамда „Вақф сувлари“ лойиҳаси доирасида ҳомийлар билан ҳамкорликда Қорақалпоғистоннинг чекка овуллари ҳамда Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманидаги сув танқис бўлган ҳудудларида тоза ичимлик суви артезиан қудуқларини қидириш ва қазиш ишлари давом этмоқда», — дейди Саидаброр Умаров.