Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида якшанба куни эрталаб 11 ёшли боланинг оёғи ариқнинг темир панжарасига қисилиб қолди. Бу ҳақда вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасининг 1050 рақамига соат 7:20 лар атрофида хабар келиб тушди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар беришича, қутқарувчилар тезда воқеа жойига етиб бориб, болага ёрдам кўрсатиб, ота-онасига топширган. Болакай ҳеч қандай жароҳат олмаган.

Вазирлик ота-оналарни ўз фарзандларини қаровсиз қолдирмасликка чақирди.

Таҳририятдан

Ўзбекистоннинг шаҳарлари ва бошқа аҳоли пунктларида, умуман олганда, ариқларга ва очиқ люкларга тушиб кетмаслик, юзага чиқиб турган арматура, бетон парчалари ва бошқа буюмларга қоқилиб кетмаслик учун доимо огоҳ бўлиб юриш зарур. Бунга барча даражадаги масъул шахслар эътибор қаратишлари керак.