Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 23 август куни Халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг 69-сессиясида ҳокимият қошидаги Жамоатчилик кенгаши фаолиятини қайта ташкил этиш юзасидан таклиф киритди. Депутатлар эса бу ташаббусни қўллаб-қувватлашди. Бу ҳақда пойтахт маъмурияти матбуот хизмати хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, ҳокимиятнинг асосий мақсади — пойтахт аҳолиси ва меҳмонлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш, аҳоли турмуш даражаси сифатини янада оширишдан иборат.

«Лекин, сўнги вақтларда аҳолимиз манфаати учун қилаётган хайрли ишларимизни кенг жамоатчиликка ўз вақтида ва тўлиқ етказа бера олмаётганимиз сабаб, турли эътироз ва баъзи пайтда нохолис танқидларга учраяпмиз. Шу ўринда яна бир нарсага алоҳида тўхталмоқчиман, амалга оширилаётган ишлар ва лойиҳалар кўлами қанчалик кенг, катта бўлмасин, жамоатчиликнинг фикри, маслаҳати ва керак бўлса, баъзи ўринларда танқидисиз кутилган ижобий натижага эришишнинг иложи йўқ», — деди Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

Ҳоким шу сабабдан ҳам жамоатчилик билан яқиндан ва очиқ ишлаш, аҳолининг фаол қисмини шаҳарда олиб борилаётган ислоҳотларга кенгроқ жалб этиш мақсадида Жамоатчилик кенгаши ишини қайта кўриб чиқишга қарор қилинганини айтди.

«Эндиликда Жамоатчилик кенгаши фуқароларимизга олиб борилаётган ислоҳотлар ва лойиҳаларни тўлиқ, шаффоф етакзиб бера оладиган ваколат ва тизимга эга тузилма бўлади», — деди у.

Таъкидланишича, янги Жамоатчилик кенгаши ишида эксперт сифатида хоҳлаган фуқаро иштирок этиши мумкин.

У кенгаш раислигига ўзининг ўринбосари Фурқат Маҳмудхўжаев номзодини таклиф қилди.

Фурқат Маҳмудхўжаев. Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.

«Фурқат акани ортиқча таништириб ўтириш менимча шарт эмас, давлат ва жамоат ташкилотларида узоқ йиллар давомида масъул вазифаларни бажариб келган. Қолаверса, Тошкент шаҳринининг тараққиёти ва тақдирига доимо жон куйдирадиган фидоий, ватанпарвар инсонларидан бири», — деди ҳоким.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев шунингдек, ОАВ вакиллари, журналист ва блогерлар, хусусан, шаҳардаги ўзгаришлар, пойтахтнинг флора ва фаунасига бефарқ бўлмаган Никита Макаренко, Александра Иванюженко, Саодат Абдузакирова, Абу Али Ниёзматовлар каби фаолларни кенгаш аъзолигига таклиф қилди.

«Ишонаманки, уларнинг бу ердаги фаолияти, фикрлари, таклиф ва ташаббуслари, албатта, шаҳримиздаги янгиланишлар ҳамда ўзгаришлар жараёнига, бизнинг турли соҳа ва йўналишлардаги фаолиятимизга ижобий таъсир кўрсатади», — деган фикрда ҳоким.