Президент Шавкат Мирзиёев «Буюк ипак йўли» халқаро туризм марказининг тантанали очилиш маросимида иштирок этиш учун Самарқандга жўнаб кетди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Ташриф доирасида, шунингдек, вилоятдаги бунёдкорлик ишлари билан танишилади.

Эслатиб ўтамиз, эшкак эшиш канали ҳудудида жойлашган, 353 млн долларга баҳоланган Silk Road сайёҳлик маркази Самарқандда 15−16 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг саммити муносабати билан қурилди. Марказ ҳудудида конгресс-холл, саккизта меҳмонхона, «Абадий шаҳар» мажмуаси, дам олиш маскани ва бошқа объектлар жойлашган.

Маълумотларга кўра, Samarkand Touristic Centre компанияси 2019 йил 20 ноябрда Самарқанд туманида рўйхатдан ўтказилган. Устав капитали 10 млрд сўмни ташкил қилади, асосий фаолият тури меҳмонхоналар ва шу каби яшаш жойлари ҳисобланади.

Нефть конларига хизмат кўрсатувчи Eriell Group компанияси бошқаруви раиси (у ҳам асосий акциядор эканлиги хабар қилинган эди) ва Enter Engineering (Ўзбекистондаги энг йирик EPC-пудратчилардан бири) Бахтиёр Фозилов ушбу компаниянинг 60 фоиз улушига эгалик қилади, қолган 40 фоизи NBU Samarkand Invest’га тегишли.

Silk Road Touristic Centre, Marakanda Group Hotel, Savitsky Plaza савдо белгиларининг эгаси ҳам Samarkand Touristic Centre деб кўрсатилган.