15 апрель куни президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд туманида барпо этилаётган Silk Road туризм маркази қурилишини кўздан кечирди.

«Газета.uz» мухбирининг хабар беришича, комплекс эшкак эшиш канали соҳилида 212 гектар майдонда қурилмоқда. Лойиҳага кўра, бу ерда икки қаватли конгресс маркази, меҳмонхоналар, ресторанлар ҳамда савдо марказларига эга дам олиш маскани, амфитеатр ва бошқа объектлар пайдо бўлади.

Кўл билан вулқон, сунъий дарёлар, кўллар ва ариқлар яратилиши, шунингдек, параллель йўл (М39 асосий автомагистралига олиб борадиган йўл), каналдан тарихий зона, Самарқанднинг эски қисмида жойлашган сунъий кўлгача олиб борадиган йўллар қурилиши кутилмоқда.

Ҳозирда New Renaissance конгресс-холли, «Абадий шаҳар» карвон саройи ва саккизта меҳмонхоналар қурилиши давом этмоқда.

Иккита 22 қаватли меҳмонхоналар беш юлдузли, қолганлари тўрт юлдузли бўлади. Улардан тўрттаси санитария ва соғломлаштириш йўналишида, Marakanda Group Hotel бренди остида бўлади ва уларга қуйидаги номлар берилади:

Alisher Navoiy — профилактика тиббиёт клиникаси (профилактика). Ўзбек мумтоз адабиётининг асосчиси, шоир, олим ва давлат арбоби Алишер Навоий шарафига номланган;

Sogd -детокс клиникаси. У Зарафшон водийси марказидаги қадимий тарихий вилоят номи билан аталган. Милоддан аввалги VIII асрда бу ерда давлат пойтахти — Мароқанд шаҳри ташкил этилган;

Navruz — бу меҳмонхона ва санаторий мажмуаси. Наврўз байрами шарафига номланган;

Bekhzod — нафас олиш тизим касалликлари клиникаси. Миниатюра санъатининг энг катта устаси, рассом Камолиддин Беҳзод номи билан аталган.

Туристик марказдаги қолган меҳмонхоналар қуйидагича номланади:

Savitsky Plaza — рассом, реставратор, этнограф, санъатшунос, Нукусдаги Санъат музейининг асосчиси ва биринчи директори Игор Савицкий номи билан аталган;

Stars of Ulughbek by Lia Minyoun — олим-астроном, давлат арбоби, Самарқанд ҳукмдори ва Амир Темурнинг набираси Улуғбек номи билан аталган.

Silk Road by Minyoun — Буюк Ипак йўли номи билан аталган.

Samarkand Regency (Amir Temur) — давлат арбоби, темурийлар давлатининг асосчиси Амир Темур номи билан аталган.

«Абадий шаҳар» мажмуаси

«Абадий шаҳар» карвонсаройи, лойиҳа муаллифларининг фикрига кўра, Ўзбекистон маданиятининг «ташриф қоғози» га айланади. Унда маҳаллий ошхоналар, ҳунармандлар устахоналари, жумладан, ёғоч ўймакорлиги, кулолчилик буюмлари усталари, тут дарахтидан ипак қоғози ясовчи усталар, заргарлик буюмлари ва гиламчалар ясовчи усталарнинг кстахоналари, шунингдек «шовқинли ва ўзига тортувчи ёпиқ ва усти очиқ бозорлар бўлади, шунингдек, спектакллар ва маҳаллий халқлар маданиятларини намойиш этувчи шоулар ўтказилади.

Лойиҳа қиймати ва буюртмачи

Лойиҳанинг умумий қиймати 353 млн долларга баҳоланган бўлиб, бугунги кунда 726,3 млрд сўмлик ишлар бажарилган. Объектни 2022 йилнинг биринчи чорагида фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Лойиҳа буюртмачиси Samarkand Touristic Centre бўлса, лойиҳалаштирувчи Туркиянинг Arup Mühendislik ve Müşavirlik Limited Şirketi компанияси, пудратчи эса Сингапурнинг Enter Engineering компанияси ҳисобланади.

Маълумотларга кўра, Samarkand Touristic Centre компанияси 2019 йил 20 ноябрда Самарқанд туманида рўйхатдан ўтказилган. Устав капитали 10 млрд сўмни ташкил қилади, асосий фаолият тури меҳмонхоналар ва шу каби яшаш жойлари ҳисобланади.

Нефть конларига хизмат кўрсатувчи Eriell Group компанияси бошқаруви раиси (у ҳам асосий акциядор эканлиги хабар қилинган эди) ва Enter Engineering (Ўзбекистондаги энг йирик EPC-пудратчилардан бири) Бахтиёр Фозилов ушбу компаниянинг 60 фоиз улушига эгалик қилади, қолган 40 фоизи NBU Samarkand Invest’га тегишли.

Silk Road Touristic Centre, Marakanda Group Hotel, Savitsky Plaza савдо белгиларининг эгаси ҳам Samarkand Touristic Centre деб кўрсатилган.

Аввалроқ «Газета.uz» Самарқанд аэропортини бошқарувини тендерсиз қўлга киритиши, ўз авиакомпаниясини яратиши мумкин бўлган Air Marakanda компанияси ҳақида ёзган эди.