24 июль куни Тошкент шаҳрида ППХ инспектори Ботир Солиев вояга етмаган (тахминан 14−15 ёшлар атрофидаги) болага нисбатан қўпол тарзда муомала қилгани акс этган видеолар тарқалди. Troll.uz Telegram-каналида эълон қилинган мазкур видеога ИИВ ўзининг дастлабки муносабатини билдирди.

Видеодан инспектор ва бола ўртасидаги мулоқот нимадан бошланганини англаш қийин. ИИО ходими қўл остидаги ходимга бола билан суҳбати аввалида вояга етмаганлар билан ишловчи ходимни чақиришни буюради. У бўлса «рация» орқали ходимларни воқеа жойига жалб қилади.

Шу вақтда болакай қуйидагича жавоб қайтаради: «Тўхтаб туринг, Ички ишлар органлари тўғрисидаги қонунга асосан сизлар хизмат фаолиятингларни оммавий ахборот воситалари билан қилишинглар керак».

ППХ инспектори эса «мени рухсатим билан» дея болага дўқ-пўписа қилишга уринган. Унинг сўзини бўлмоқчи бўлганида болага қарата 2 маротаба «мен сенга сўраётган нарсангни жавобини бераман» дея гапирган. «Секинроқ. Вояга етмаган боласан. Сал секинроқ муомала қилавер. Сен видеога олаётган, мен сенга айтаяпман — чиройли қилиб ол мени. Мени исмим Ботир, фамилиям Хасанов. Бу сен олаётган видео менга нисбатан прокуратура ёки мендан юқори турувчи органларга тақдим қилиш учун олинади», — деди у.

Суҳбат давомида халқ хизматидаги ходим видео интернетга тарқалиб кетса, боланинг ота-онасини судга бериш билан қўрқитган.

«Агар бу нарса интернет, сайтларга қўйиб юборадиган бўлсанг, мен шу видеога олаётган болани, сен вояга етмагансан, шунинг учун сенга масъул бўлган ота-онангни судга бераман. Сабаб мени интернет тармоқларига қўйворганинг учун. Мен Ўзбекистон республикасининг ички ишлар ходимиман, Ўзбекистон республикаси фуқаросиман. Конституциявий ҳуқуқларим бор. Тушунтира олдимми?», — деди Ботир Хасанов.

Шу пайт бола унинг гапини бўлиб, унинг ҳам Конституциявий ҳуқуқлари борлигини эслатиб ўтган ва ходимдан Асосий қонуннинг 29-моддасида нима ёзилганини сўраган.

Маълумот ўрнида, Конституциянинг 29-моддасида — «Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир. Фикр юритиш ва уни ифодалаш эркинлиги фақат давлат сири ва бошқа сирларга тааллуқли бўлган тақдирдагина қонун билан чекланиши мумкин», дея қайд этилган.

Ходим эса вояга етмаган боланинг гапини бўлиш учун овозини янада баландлатиб гапиришга ўтган. «Моддангни охирида айтасан. Мен гапираётган гапимни гапириб олай. Аввало, мени гапимни бўлишинг маданиятга тўғри келмайди. Маданиятга тўғри келмайди», — деди у ёш болага қўрс муомала қилиб.

Унинг фикрича, боланинг бу хатти-ҳаракати ўзбек менталитетига тўғри келмайди. «Ўзбек халқида катта гапирганда кичкина жим туради. Катта гапириб бўлганидан кейин мени измим билан сен гапириш ҳуқуқига эгасан», — деди у. У яна бир марта болани оила аъзоларига қўшиб, судга беришини таъкидлаган.

Болакай эса тилга кириб, ходимнинг исм фамилияси ошкор этилмаслиги, шунчаки ўзи билан урушгани чиқишини айтган.

Шундан сўнг икки шахс ўртасидаги мулоқот қуйидаги хронологияда давом этган.

Инспектор: Тушунмадим. Мени юзимни интернетга қўйишга сенларни ҳаққинг йўқ.

Бола: Бор.

Инспектор: Нимааа?

Бола: Бор ҳаққим.

Инспектор: Нимаааааа?

Бола: Конституциянинг 29-моддасида нима ёзилган?

Инспектор: Олиб кел, Конституцияни олиб кел… Ҳозир бирга борамиз.

Видеодан лавҳа.

Шундан сўнг, ички ишлар ходими гувоҳномасини болага кўрсатиб, ўзини кимлигини таништирганини яна бир марта айтди: «Мен сенга айтаяпман, бу нарса (видео — таҳр.) интернетга чиқиб кетса, мен сен билан судлашаман. Сен билан эмас, яъни, ота-онанг билан».

У шуниндек, тасвирга олаётган шахсга ҳам қарата гапирган: «Бўлдими? Олиб бўлдингми, хурсандмисан? Бўлди. Ошга бергин». Шундан сўнг, у яна вояга етмаган болага нимадирни тушунтиришга уринган. Шу вақт ён-атрофга қараб, ўз ходимларини қидирган ва суратга олаётган шахсни унинг устидан кулаётганликда айблаб, қўпол қилиб жавоб беришини таъкидлаган. Шу жойда видео тугайди.

Мазкур ҳолат юзасидан ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов дастлабки муносабатни эълон қилди.

«Жорий йилнинг 24 июль куни Тошкент шаҳар Яшнобод тумани М.Ашрафий кўчасида фуқаро билан касб этикасига нолойиқ мулоқотда бўлган Яшнобод тумани ППХ инспектори Б.Хасановнинг ҳаракатлари интизомий тартибда ўрганилиб, ҳуқуқий баҳо берилишини маълум қиламиз», — дейилади хабарда.

«Ички ишлар органлари ходимлари ёдингизда тутинг. Сиз халқнинг хизматидасиз. Сизнинг ҳар бир ҳаракатингиз фуқароларнинг кўз олдида бўлгани учун одамлар сизнинг хизматингизни тасвирга олишига доим тайёр туринг. Камерадан ҳеч ҳам чўчиманг, асабийлашманг. Ҳар қандай вазиятда хизматингизни давом эттиришга шай бўлинг», — дея Шоҳрух Ғиёсов ходимларга мурожаат қилди.

Видео