Марказий банк 2023 йилда режалаштирилган 5 фоизлик инфляциянинг доимий мақсадига эришишни 2024 йил охиригача қолдирди. Бу ҳақда 21 июль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида МБ раҳбари Мамаризо Нурмуратов маълум қилди, деб хабар берди «Газета.uz» мухбири.

Бир кун олдин регулятор асосий ставкани 1 фоиз бандга пасайтириб, йиллик 15 фоизга туширди. Қарор май-июль ойларида қисқа муддатли ташқи шоклар таъсирини пасайиши ҳисобига макроиқтисодий ҳолатнинг нисбатан барқарорлашиши ҳамда тартибга солинадиган нархларни эркинлаштириш бўйича кутилмаларнинг кечиктирилиши ҳисобига қабул қилинди. Охирги омил инфляция даражасининг 12−14 фоизлик прогноз коридорининг медианисидан пастроқ, яъни қуйи чегарасига яқин шаклланиш эҳтимолларини оширмоқда.

Июнь ойида йиллик инфляция суръати 12,2 фоизни ташкил этиб, ушбу ўсиш асосан глобал инфляцион жараёнлар шароитида импорт инфляцияси, товарларни етказиб бериш ва логистикасида юзага келаётган муаммолар ҳамда ғалла етиштириш ва сотиш нархларининг эркинлаштирилиши каби омиллар билан боғлиқ, деди МБ раҳбари.

Агар йиллик инфляция таркибида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари 16,5 фоизга ошган бўлса, ноозиқ-овқат товарлари ва хизматлар мос равишда 10,7 ва 6,8 фоизга қимматлашган.

Июнь ойида ўтказилган сўровлар натижаларига кўра, келгуси 12 ой учун нархлар ўсиши бўйича аҳоли вакилларининг инфляцион кутилмалари май ойидаги кескин ўсишдан кейин (17,6 фоиз) пасаювчи динамикани кўрсатиб, 16,4 фоиз атрофида шаклланган бўлса, тадбиркорлик субъектлариники 15,7 фоизгача пасайди (май ойида — 17,3 фоиз).

Истеъмол нархлари ўзгаришининг ҳафталик кузатувлари, ҳафталик ўсиш суръатлари май ойининг охирги ва июнь ойининг бошидаги ҳафталарида энг юқори ўсиш нуқталаридан ўтиб, июль ойининг дастлабки 2 ҳафтасида нисбатан барқарорлашганини кўрсатмоқда.

Гўшт маҳсулотлари, сариёғ, дон, шакар ва ФАО индекси нархлари. Манба: МБ.

Бундан ташқари, июнь ойида БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) индекси бўйича жаҳонда асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари пасаювчи тенденцияда шакллана бошлади. Бунда, ёғ, дон ва шакар нархлари мос равишда 7,6, 4,1 ва 2,6 фоизга арзонлашган бўлса, гўшт маҳсулотлари нархининг ойлик ўсиши 1,6 фоизни ташкил этди.

Марказий банк аввалроқ инфляция даражасини 2021 йилда 10 фоиздан, 2023 йилда эса 5 фоиздан паст даражага етказишни мақсад қилган эди. Ўтган йилнинг охирида инфляция даражаси 9,98 фоизгача пасайди, бироқ геосиёсий воқеалар, дунёда асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари тенденциялари, етказиб бериш муаммолари ва логистикадаги узилишлар келгуси йилда ҳам юқори инфляция рисклари ва ноаниқликлар сақланиб қолишини кўрсатмоқда.

«Бу, ўз навбатида, 2023 йилда эмас, балки 2024 йилнинг иккинчи ярмида 5 фоизлик инфляция кўрсаткичига эришиш учун зарур шарт-шароит яратади. Шу сабабли, санаб ўтилган фундаментал омилларни ҳисобга олган ҳолда, инфляция мақсадли кўрсаткичларига эришиш кўрсаткичини 2023 йилдан 2024 йил охирига кўчиришга қарор қилинди», — деди Мамаризо Нурмуратов.

2020 йилдан бошлаб Марказий банк инфляцион таргетлашга ўта бошлади. 2023 йил учун доимий инфляция мақсади 5 фоиз этиб белгиланди. Аввалроқ, регулятор инфляция мақсадини 5 фоизини танлаш ва агар ставка 5 фоиздан юқори ва ундан паст бўлса, юзага келиши мумкин бўлган оқибатларни тушунтирган эди.

Инфляцион таргетлаш, бу — давлат идоралари томонидан мамлакатда инфляцияни назорат қилиш учун кўриладиган монетар чора-тадбирлар мажмуидир. Бунинг учун ўрта муддатли макроиқтисодий прогнозни белгиланиши, сўнгра прогноздан четга чиққан тақдирда, иқтисодиётдаги мақбул ҳолатга қайтишга имкон берувчи чора-тадбирлар мажмуи ишлаб чиқилиши керак.