Ўзбекистон Марказий банки ЯИМ прогнозини қайта кўриб чиқди. Иқтисодиётда мавжуд захиралар ва ялпи талабнинг жорий тенденцияларидан келиб чиқиб, 2022 йилда ЯИМнинг реал ўсиши йилига 5−5,5 фоиз атрофида бўлиши тахмин қилинмоқда, апрель ойидаги прогноз 3,5−4,5 фоизни ташкил этди.

Бу ҳақда 21 июль куни Марказий банк Бошқаруви йиғилишида маълум қилинди. Унда асосий ставка 1 фоиз бандга пасайтирилиб, йиллик 15 фоизга тушириш бўйича қарор қабул қилинган эди.

Регулятор ушбу қарорни май-июль ойларида қисқа муддатли ташқи шоклар таъсирини пасайиши ҳисобига макроиқтисодий ҳолатнинг нисбатан барқарорлашуви ҳамда тартибга солинадиган нархларни эркинлаштириш бўйича кутилмаларнинг кечиктирилиши йиллик инфляциянинг ўртача баҳосидан пастроқ, яъни 12−14% коридорининг қуйи чегараси яқинидаги прогнози билан изоҳлайди.

Бу, ўз навбатида, инфляциянинг апрель ойидаги прогноз даражасидан қисқа муддатли омиллар таъсири ва кутилмалар бўйича қўшилган юкламани олиб ташлаш ва шунга мос равишда, пул-кредит шароитларини ҳам ўзгартириш имконини беради, дея қайд этади регулятор.

«Глобал инфляцион жараёнларнинг давом этаётганлигини инобатга олиб, нархларга монетар омиллар таъсирини минимал даражада сақлаб қолиш, миллий валютадаги активларнинг нисбий устунлигини таъминлаб бориш мақсадида йил сўнгигача „нисбатан қатъий“ пул-кредит шароитлари сақлаб қолинади», — деб ҳисоблайди МБ.

Июнь-июль ойларида ташқи иқтисодий шароитлар Ўзбекистон учун нисбатан мўтадил бўлди. Реал самарали алмашув курси июнь ойида май ойига нисбатан қарийб 0,2 фоизга қадрсизланди.

Ташқи савдо операциялари бўйича экспорт тушумларида ҳам, импорт учун тўловларда ҳам ўсувчи тенденциялар кузатилди. Иккинчи чоракда экспорт тушумлари биринчи чоракка нисбатан 41 фоизга, импорт тўловлари эса 19 фоизга ошди.

Апрель-июнь ойларида мамлакатга (экспорт тушумлари, пул ўтказмалари ва хорижий валютадаги кредитлар каналлари орқали) кириб келган валюта оқимларининг ҳар йили кузатиладиган мавсумий ўсиш даражасидан ҳам юқори бўлганлиги ички валюта бозорида таклиф ҳажмини қўллаб-қувватламоқда, дея қайд этди МБ. Хусусан, иккинчи чоракда банклар ва хўжалик субъектларининг валюта сотуви биринчи чоракка нисбатан 1,8 баробарга ошди.

Ички иқтисодий шароитлар

Жорий йилнинг биринчи ярим йиллик якунлари бўйича иқтисодий ўсиш реал ҳисобда 5,4 фоизни ташкил этиб, ўсиш суръати ўтган йилнинг мос даврига (7,2 фоиз) нисбатан паст, апрель ойи прогнозларига (3,5−4,5 фоиз) нисбатан эса юқори даражаларда шаклланди.

«Эътиборлиси, қишлоқ хўжалиги, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ва чакана савдо соҳаларида ўтган йилга нисбатан юқорироқ ўсиш суръатлари кузатилди. Ушбу тенденцияларнинг сақланиб қолиши келгуси ойларда нархлар шаклланишига ижобий таъсир этиши кутилмоқда», — деб ҳисоблайди МБ.

«Биринчи ярим йилликда ойлик ва нафақаларнинг оширилиши ҳисобига иқтисодиётда ўртача номинал иш ҳақларининг ўтган йилнинг мос даврига нисбатан сезиларли ошиши кузатилди ва бу, ўз навбатида, ички талабни рағбатлантирувчи асосий омиллардан бўлди», — дейилади баёнотда.

Ушбу даврда тижорат банклари томонидан иқтисодиётга ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 10 фоизга кўп кредитлар ажратилган.

Инфляция ва инфляцион кутилмалар

Июнь ойида йиллик инфляция суръати 12,2 фоизни ташкил этиб, ушбу ўсиш асосан глобал инфляцион жараёнлар шароитида импорт инфляцияси, товарларни етказиб бериш ва логистикасида юзага келаётган муаммолар ҳамда ғалла етиштириш ва сотиш нархларининг эркинлаштирилиши каби омиллар билан изоҳланади.

Йиллик инфляция таркибида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари 16,5 фоизга ошган бўлса, ноозиқ-овқат товарлари ва хизматлар мос равишда 10,7 ва 6,8 фоизга қимматлашди. «Бу, ўз навбатида, умумий инфляциянинг пасайиб боришида озиқ-овқат нархларининг барқарорлашувига асосий эътиборни қаратишни тақозо этади», — қўшимча қилади МБ.

Июнь ойида ўтказилган сўровлар натижаларига кўра, келгуси 12 ой учун нархлар ўсиши бўйича аҳоли вакилларининг инфляцион кутилмалари май ойидаги кескин ўсишдан кейин (17,6 фоиз) пасаювчи динамикани кўрсатиб, 16,4 фоиз атрофида шаклланган бўлса, тадбиркорлик субъектлариники 15,7 фоизгача пасайди (май ойида — 17,3 фоиз).

Истеъмол нархлари ўзгаришининг ҳафталик кузатувлари, ҳафталик ўсиш суръатлари май ойининг охирги ва июнь ойининг бошидаги ҳафталарида энг юқори ўсиш нуқталаридан ўтиб, июль ойининг дастлабки 2 ҳафтасида нисбатан барқарорлашганини кўрсатмоқда.

Пул-кредит шароитлари

Асосий ставка пасайтирилиши натижасида июнь ойида банклараро пул бозорида ўртача тортилган фоиз ставкаси май ойидаги 18 фоиздан 17,1 фоизгача пасайди. Июнь ойида Uzonia индекси асосий ставка билан юқори фоиз коридори оралиғида — 17 фоиз атрофида шаклланди.

Пул бозорида нисбатан узоқроқ муддатли бир ойдан уч ойгача бўлган операциялар бўйича фоизлар май ойидаги 19,6 фоиздан июнь ойида 18,9 фоизгача пасайиши кузатилди.

2022 йил июнда жисмоний шахсларнинг миллий валютадаги муддатли депозитлари бўйича ўртача фоиз ставкаси 21 фоизни, юридик шахсларнинг депозитлари бўйича эса 17,7 фоизни ташкил этди. Депозитларнинг реал фоиз ставкалари аҳоли омонатлари бўйича 7,8 фоиз ва юридик шахслар депозитлари бўйича 4,9 фоиз даражасида шаклланди. Аҳолининг миллий валютадаги муддатли депозитлари иккинчи чоракда 21 фоизга ва йил бошига нисбатан 30 фоизга кўпайди.

Иқтисодиётга миллий валютада йўналтирилган кредитларнинг фоиз ставкаларида ҳам май ойидаги кўрсаткичларга (23 фоиз) нисбатан пасайиш кузатилиб, ўртача 22,8 фоизни ташкил этди.

Макроиқтисодий прогнозлар

Умуман олганда, 2022 йилнинг биринчи ярим йиллигида жаҳон ва ички иқтисодиётда кузатилган ҳолат мазкур даврда юз берган геосиёсий вазият ҳисобига кескин шок ва ноаниқликлар таъсирида макроиқтисодий ривожланишнинг ҳеч бир сценарийсида кўзда тутилмаган тарзда шаклланди.

2022 йилнинг иккинчи ярми ва 2023 йилда кутилаётган ташқи макроиқтисодий тенденциялар «Пул-кредит сиёсати асосий йўналишлари«нинг муқобил сценарийсида кўзда тутилган тарзда кечса-да, ривожланган мамлакатлар иқтисодий сиёсатидаги тўғриланишлар (ривожланган мамлакатлар марказий банклари томонидан фоиз ставкаларининг оширилиши 2023 йилдан бошланиши кўзда тутилган эди, амалда эса анча эрта — 2022 йил биринчи ярим йиллигидан бошланди) ривожланаётган мамлакатларда иқтисодий ўсиш ва мақроиқтисодий барқарорликни таъминлашларида қўшимча мураккабликларни вужудга келтиради, дея қайд этади МБ.

Марказий банк ташқи иқтисодий вазиятлар бўйича ноаниқликлар, ялпи талабни шаклланиши ва таклиф бўйича кутилаётган тенденцияларни инобатга олиб, 2022 йил учун мўлжалланган макроиқтисодий ривожланиш прогнозларини ҳам қайта кўриб чиқди.

Юзага келаётган инфляцион жараёнлар, тартибга солинадиган нархлар оширилишининг кейинга қолдирилиши билан бир қаторда, мавжуд ноаниқликлар ва хатарларни инобатга олган ҳолда йил якуни бўйича инфляция даражаси 12−14 фоизлик коридорнинг қуйи чегараси атрофида шаклланиши прогноз қилинмоқда.

Бугунги қарор таъсирида келгусида шаклланадиган пул-кредит шароитлари инфляция прогнозининг пасайиб бориши билан реал фоиз ставкаларининг ижобийлигини, миллий валютадаги активларнинг даромадлилиги сақланиб қолишини таъминлашини кутмоқда регулятор.

Марказий банк Бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2022 йил 8 сентябрь кунига белгиланган.