Замонавий санъат марказини реконструкция қилиш лойиҳаси тақдим этилди

Ўзбекистон маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамда Франциянинг Studio KO архитектура бюроси томонидан Замонавий санъат маркази биносини реконструкция қилиш ва Тошкентнинг тарихий маҳаллаларида иккита арт-резиденция яратиш лойиҳалари тақдимоти ўтказилди. Лойиҳаларни 2023 йилгача якунлаш режалаштирилган.

Ўзбекистонда газ ва электр энергия учун «ижтимоий норма» жорий этилади

Яқин кунларда энергетика соҳасини ислоҳ қилиш бўйича ҳужжат лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилади, дейилади Иқтисодий тараққиёт, Молия ва Энергетика вазирликлари қўшма баёнотида. 2021 йилни Ўзтрансгаз — 2,5 трлн сўм, Миллий электр тармоқлари — 2,1 трлн сўм зарар билан якунлаган, субсидиялаш сиёсати эса етарли самарани бермаяпти. Энергоресурслар бўйича қўшимча қувватларни яратиш учун эса 25 млрд доллар зарур. Шундан келиб чиқиб, энергоресурслар нархини эркинлаштириш ҳамда «ижтимоий норма» тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда.

Урганчда тергов изоляторидаги маҳкумларга истеъмолга яроқсиз сув берилди

Урганчда тергов изоляторидаги маҳбуслар Омбудсман вакилига ичишга яроқсиз сув берилаётгани юзасидан шикоят қилишди. Ҳолат тасдиқланди. Маҳкумларга кечаси электр ўчгунига қадар сув қайнатиб олиш тавсия қилинди.

ОТМга қабул учун давлат буюртмасини камайтириш таклиф этилмоқда

2022/2023 ўқув йили учун ОТМларга қабул квоталарини белгилашга оид президент қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Унга кўра, давлат буюртмаси сонини камайтириш таклиф этилмоқда. Хусусан, бакалаврларни тайёрлаш учун 110 278 нафар (2021 йилда — 157 755), магистрларни тайёрлаш учун 11 082 нафар (2021 йилда — 12 900) талабага ўрин ажратиш кўзда тутилмоқда. Молиявий мустақиллик берилган 35 та ОТМ эса тўлов-контракт асосидаги квотани ўзи белгилайди.

2023 йилдан фақат давлат гранти бўйича квоталар эълон қилиниши мумкин

Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган президент қарори лойиҳасига кўра, 2023 йилдан бошлаб давлат ОТМларига квоталарни фақат давлат гранти асосида эълон қилиш таклиф этилмоқда. Шунга кўра, 2023/2024 ўқув йилидан барча ОТМлар тўлов-контракт бўйича квотани мустақил белгилаши мумкин бўлади.

Мастлик ҳолатида бўлганларга тиббий ёрдам кўрсатиш пунктлари ташкил этилади

Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида маст ҳолатда бўлган шахсларга камида 10 ўринли тиббий ёрдам кўрсатиш пунктлари ташкил этилади. Шунингдек, ички ишлар органларига наркологик касалликларга чалинганларни мажбурий даволашга юбориш ҳуқуқи берилмоқда. Қолаверса, йил охиригача наркология диспансерларида қўшимча 430 та ўрин яратилади.

Тиббиёт ходимларининг ойлик маоши оширилади

Президент фармони билан 1 июндан бошлаб давлат тиббиёт муассасаларидаги тиббиёт, фармацевтика ва бошқа ходимларининг ойлик лавозим маошлари оширилади. Бир қанча устамалар ҳам жорий этилади. 1 сентябрдан бошлаб тиббий-профилактика муассасалари ходимлари илмий даража учун маошининг 30 фоизидан 60 фоизигача қўшимча ойлик олади.

Нукусда 2 кг героинни 90 минг долларга сотаётган шахс ушланди

Нукусда 34 ёшли шахс 2 кгдан зиёд героинни 90 минг долларга сотаётганда ушланди. Шунингдек, Тошкент шаҳри, Фарғона ва Наманган вилоятларида ҳам гиёҳвандлик ва психотроп моддалар билан боғлиқ ҳолатлар аниқланди.

Антимонополия қўмитаси UzIMEI, радарлар ва Ягона имтиҳон маркази бўйича якуний хулоса беради

Монополияга қарши курашиш қўмитаси раҳбари Шахрух Шарахметов UzIMEI тизими, радар ўрнатиш нуқталарининг аукционда сотилиши ва ҳайдовчилар учун Ягона имтиҳон маркази масалалари кун тартибида турган «энг мураккаб ва долзарблари» ҳисобланишини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, қўмита рақобат нуқтаи назаридан бу каби ҳолатларни назорат қила оладими, унинг ваколатига кирадими ёки йўқми деган масала турибди.

Наманганда ўқув машинаси аварияга учради, бир киши ҳалок бўлди

Наманган вилоятида Lacetti ҳамда Cobalt ўқув машинаси тўқнашди. Lacetti ҳайдовчиси ҳодиса жойида ҳалок бўлди, Cobalt ҳайдовчиси эса касалхонага ётқизилди.

Жиззахда молиявий пирамида ташкилотчилари қарийб 700 млн сўмни қўлга киритишди

Жиззахда молиявий пирамида ташкилотчилари Telegram орқали маблағ жалб қилиб, унинг бир қисми аввалроқ гуруҳга қўшилганларга тўлаб келгани аниқланди. Жами 692,3 млн сўм қўлга киритилган.

Ал-Ақсо масжиди кутубхонасидаги ўзбек алломалари қўлёзмаларининг нусхалари Ўзбекистонга олиб келинди

Ал-Ақсо масжиди кутубхонасида сақланаётган Имом ал-Бухорий ва Исо ат-Термизий муаллифлигидаги нодир қўлёзмаларнинг электрон нусхалари ҳамда Исроил давлат архиви сақловидаги Бухоро яҳудийлари уюшмасига тегишли ҳужжатлар тўплами нусхаси Ўзбекистонга олиб келинди.

Апрель ойида автомобиллар савдоси ошди — ИТИМ шарҳи

Ўзбекистон автомобиль бозори ҳажми апрель ойида 15,1 фоизга ошди. Иккиламчи бозорда жадал ўсиш кузатилмоқда. Буни экспертлар йил бошидан автомобилларни харид қилиш ва олиб кириш учун йиғим бекор қилингани билан изоҳламоқда. Тўртинчи ойдирки, хорижий автомобилларга қизиқиш пасайиб бормоқда.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақолалар:

Фото: Ўзбекистон ва Қирғизистон хавфсизлик хизматлари раҳбарлари чегарани кўздан кечирди

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси Абдусалом Азизов Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев билан бирга вертолётда ўзбек-қирғиз чегарасининг белгиланмаган қисмини кўздан кечирди (фото).

«Фарзанд тарбияси билан шуғулланмоқчи бўлган қизлар уйдан ишлаб, пул топиши ҳам мумкин» — Мафтуна Маҳкамова

«Газета.uz» Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги IT соҳасини ўрганаётган ўсмир қизлар билан суҳбатлар уюштирди. Биринчи суҳбатдошимиз, Тошкентдаги ал-Хоразмий мактабининг 9-синф ўқувчиси Мафтуна Маҳкамова нега IT соҳаси келажакни бошқариши, айрим мактабларда ўқувчиларнинг компьютер хоналарига ҳам олиб кирилмаслиги ва қизиқиши бўлмаган одамни IT соҳасига мажбурламаслик кераклиги ҳақида сўзлади.