Апрель ойида Ўзбекистонда автомобилларга бўлган талаб бирламчи бозорда яна жадал ўса бошлади. Бу ҳақда «Газета.uz»га Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълум қилди.

Ўтган ойда 129,1 минг дона автотранспорт воситалари давлат рўйхатидан ўтказилди ва бу 2021 йилнинг апрель ойига (63,3 минг) нисбатан 2 бараварга кўпроқ. Шу билан бирга, сотувлар ҳажми жорий йилнинг март ойига нисбатан 15,1 фоизга кўпайган.

Рўйхатга ва қайта рўйхатга олинган автомобиллар сонининг ўзгариши.

Автомобиль сотиб олиш ва вақтинча олиб кириш учун тўланадиган йиғимнинг бекор қилиниши иккиламчи бозорга таъсир қилишда давом этмоқда. Spot нашрининг ёзишича, ўзбекистонликлар «умумий ишончнома»дан автомашиналарни ўз номига расмийлаштиришга ўтмоқда.

2021 йилда иккиламчи бозорда бир ойда ўртача 40 минг дона автотранспорт воситалари сотилган бўлса, жорий йил апрель ойида ушбу кўрсаткич 96,9 минг донани ташкил этди, январь ойида 85,3 минг донага, февраль ойида 101 минг донага, март ойида эса 84,7 минг донага етган эди.

Бирламчи бозорда сотиб олинган автомобиллар сони 32,1 минг донани ташкил этиб, март ойига (27,5 минг) нисбатан 16,9 фоизга кўпайди. 2021 йил апрель ойига (21,3 минг) нисбатан автомобиль савдоси 51 фоизга ошди.

Бирламчи ва иккиламчи автомобиль бозорлари

Март ойи билан таққослаганда янги автомобиллар савдосида сезиларли даражада ўсиш Наманган (77%), Қашқадарё (38%), Тошкент (37%) вилоятларида кузатилди. Шу билан бирга, Самарқанд (-4%) вилоятларида пасайиш қайд этилди.

Импорт қилинган автомобилларга қизиқиш апрель ойида ҳам пасайди. Бу ойда 1560 га яқин автомобиль сотилган ва март ойига нисбатан 3,2 фоизга камайган. Декабрь ойидан бошлаб хорижий автомобиллар сотуви пасайган.

Маҳаллий ва чет элда ишлаб чиқарилган янги енгил автомобиллар савдоси улуши.