2023/2024 ўқув йилидан барча давлат олий таълим муассасаларига давлат буюртмаси параметрлари фақатгина давлат грантлари бўйича тасдиқланиши кутилмоқда. Бу назарда тутилган президент қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.

Тўлов-контракт асосидаги қабул ўринлари — ОТМлар, молиявий ва академик мустақиллик берилган ОТМларнинг Кузатув кенгашлари, бўйсунувига кўра тегишли вазирлик ва идоралар, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда мустақил тасдиқланади.

Қолаверса, 2022/2023 ўқув йилидан олий таълим муассасаларининг имкониятларидан келиб чиққан ҳолда таълимнинг масофавий шаклини жорий этиш таклифи ҳам билдирилди.

Қолаверса, жорий ўқув йилидан тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси ва фанлар кетма-кетлиги бир хил бўлган 5тагача бакалавриат таълим йўналишларини ҳамда бир вақтнинг ўзида барча таълим шаклларини танлаш имконияти яратилиши мумкин.

Аввалроқ, 2022/2023 ўқув йилида қабул квоталари учун давлат буюртмаси сонини камайтириш таклиф этилаётгани ҳақида ёзгандик. Хусусан, бакалаврларни тайёрлаш учун 110 278 нафар (2021 йилда — 157 755), магистрларни тайёрлаш учун 11 082 нафар (2021 йилда — 12 900) талабага ўрин ажратиш кўзда тутилмоқда. Молиявий мустақиллик берилган 35 та ОТМ эса тўлов-контракт асосидаги квотани ўзи белгилайди.