Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги «2022/2023 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида»ги президент қарори лойиҳасини жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилди.

Бунда тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш параметрларини олий таълим муассасалари томонидан мустақил белгилаш тартибини жорий этилгани қўшимча қилинган.

Лойиҳага кўра, 2022/2023 ўқув йили учун давлат буюртмаси параметрлари қуйидагича таклиф этилмоқда:

Бакалаврлар тайёрлаш бўйича:

  • кундузги таълим шаклига —76 728 нафар (2021 йилда — 113 530 / 2020 йилда — 103 575);
  • сиртқи таълим шаклига — 27 365 нафар (2021 йилда — 37 675 / 2020 йилда — 31 350);
  • кечки таълим шаклига — 2 575 нафар (2021 йилда — 6 550 / 2020 йилда — 5 025);
  • масофавий таълим шаклига- 3 610 нафар;

Магистрлар тайёрлаш бўйича — 11 082 нафар (2021 йилда — 12 900 / 2020 йилда — 10 425);

Хорижий ОТМ ва уларнинг филиаллари ҳамда нодавлат олий таълим ташкилотларида давлат гранти асосида кадрлар тайёрлаш бўйича — 100 нафар (2021 йилда — 500);

Филиаллар ва нодавлат олий таълим ташкилотларига ажратилган 100 нафар грантларнинг буюртмачиси сифатида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги белгиланади.

Ўқишга қабул бўйича давлат буюртмаси камайиши ҳисобига — молиявий ва академик мустақиллик берилган ОТМларнинг (уларнинг сони 35 та) тўлов-контракт асосидаги қабул параметрлари олий таълим муассасалари Кузатув кенгашлари томонидан мустақил белгиланиши режалаштирилмоқда. Айнан шу орқали 2022−2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида 2026 йилга қадар олий таълим билан қамров даражасини 50 фоизга етказиш кўзланмоқда.

2022/2023 ўқув йилидан бошлаб:

  • абитуриентларни онлайн рўйхатдан ўтказиш 15 июнидан 15 июлига қадар (15 июль куни ҳам) бўлган муддатда Ягона интерактив давлат хизматлари портали ҳамда Давлат тест марказининг расмий веб-сайти орқали амалга оширилади.
  • давлат олий таълим муассасалари магистратура босқичида таҳсил олувчи хотин-қизларнинг тўлов-контракт пуллари тўлиқ Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади;
  • Бунда, чет тили фанидан касбий (ижодий) имтиҳон ўтказиладиган таълим йўналишларига онлайн рўйхатдан ўтиш 15 июнидан 5 июлига қадар (5 июль куни ҳам) амалга ошириш;

Бундан ташқари, тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси ва фанлар кетма-кетлиги бир хил бўлган бештагача бакалавриат таълим йўналишларини ҳамда бир вақтнинг ўзида барча таълим шаклларини танлаш имконияти яратилади.