Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги 11-сонли тергов изоляторида маҳкумларга ичишга яроқсиз ичимлик суви берилди. Бу ҳақда Омбудсманнинг Хоразм вилоятидаги ҳудудий вакили Одилбек Оллаёровга тергов изоляторидаги маҳбуслардан мурожаат келиб тушди.

Ушбу ҳолат тасдиқланди, деб хабар қилди Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил матбуот хизмати. 12 май куни минтақавий вакил вилоят Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошқармаси масъул ходими билан биргаликда мурожаатни жойига чиқиб ўрганди.

Аниқланишича, 11-сон тергов ҳибсхонаси камераларида соат 22:00 дан эрталабки 6:00 га қадар электр энергиясидан фойдаланиш тақиқланган. Шу пайтларда маҳбуслар қайнатилмаган сув ичишга мажбур бўлган.

СЭС ходими сувнинг сифатини текшириб, маҳбусларга сувни фақат қайнатилган ҳолатда истеъмол қилиш бўйича тавсия берди.

Камераларда сувни қайнатиш жиҳозлари мавжуд бўлгани учун маҳбусларга соат 22:00 га қадар керакли миқдорда қайнатилган сувни захиралашлари кераклиги тушунтирилди.

Мониторинг доирасида тергов ҳибсхонасида сақланаётган шахсларга яратилган шароитлар бўйича маҳбусларнинг фикрлари ҳам ўрганилди. Омбудсман матбуот хизматининг «Газета.uz»га маълум қилишича, маҳбуслар томонидан бошқа шикоятлар бўлмаган.