Давлат хавфсизлик хизматининг ҳудудий бошқармалари томонидан қўшни давлатлардан Ўзбекистон ҳудудига олиб кирилган гиёҳвандлик востилари савдосига чек қўйилди.

Қайд этилишича, ДХХнинг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Тўрткўл туманида яшовчи шахс (1988 й. т.) Самарқанддан Нукусга 2 кг 10 гр «героин» моддасини олиб келиб, харидорга 90 минг долларга сотаётган вақтида қўлга олинган. Маълум бўлишича, мазкур гиёҳвандлик воситаси Ўзбекистонга тожикистонлик наркокуръер томонидан ўтказилган.

Фото: «Ўзбекистон 24»

Шунингдек, ДХХ Тошкент шаҳар бошқармаси ходимлари божхона ва ички ишлар органлари билан ҳамкорликда бир нечта тезкор тадбирлар ўтказишди. Жумладан, Учтепа туманида яшовчи, муқаддам гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноят содир этганлиги учун судланган шахснинг (1964 й. т.) яшаш хонадони белгиланган тартибда кўздан кечирилганда, уйнинг шифт қисмига яшириб қўйилган 1 кг 924 гр «опий» моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди, дейилади хабарда.

Фото: «Ўзбекистон 24»

Маълум бўлишича, ушбу модда учинчи шахслар томонидан Тожикистондан келтирилган. Хонадонда тегишли ҳужжатлари бўлмаган 1 дона пневматик пистолет ҳам борлиги маълум бўлган.

Қайд этилишича, Учтепа туманида кузатилган бошқа бир ҳолатда Тожикистондан айланма йўллар билан ўтказилган наркотик моддаларни Тошкентга олиб келиб сотиш билан шуғулланган, Сурхондарё вилоятида туғилган 3 нафар шахснинг ноқонуний фаолиятига чек қўйилиб, улардан 943 гр «гашиш» моддаси процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Фото: «Ўзбекистон 24»

Бундан ташқари, Қирғизистондан ноқонуний йўллар билан мамлакат ҳудудига ўтказилган наркотик моддалар ва кучли таъсир қилувчи дори воситалари ҳам аниқланди. Жумладан, Фарғона вилоятининг Фарғона туманида яшовчи, 1976 ва 1997 йилларда туғилган икки фуқаро келаётган «Ласетти» русумли автотранспорт воситаси пойтахтга кираверишдаги «ШАРҚ» ЙПХ масканида тўхтатилиб, кўздан кечирилганда, автомашина салонида 939 гр «гашиш» моддаси борлиги аниқланди ҳамда тегишли тартибда расмийлаштириб олинди, дейилади хабарда.

Фото: «Ўзбекистон 24»

Шунингдек, ДХХ ходимлари томонидан Божхона қўмитасининг Тошкент шаҳар бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Тошкентда яшовчи, 1977 ва 1995 йилларда туғилган 2 фуқаро Чилонзор туманида харидорга 560 дона «Регапен» ҳамда 100 дона «Тропикамид» кучли таъсир қилувчи дори воситаларини 26 млн сўмга сотаётган вақтида қўлга олинган.

Фото: «Ўзбекистон 24»

Уларнинг шериги, 2002 йилда туғилган яна бир шахс ҳам ушланиб, унинг вақтинча яшаш хонадонидан 1540 дона «Регапен», 630 дона «Тропикамид» ҳамда 30 дона «Селофен» кучли таъсир қилувчи дори воситалари ўрнатилган тартибда олиб қўйилди, дейилади хабарда.

Фото: «Ўзбекистон 24»

Қайд этилишича, ДХХ Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари божхона ва ички ишлар органлари билан биргаликда ўтказилган тезкор тадбирда «Фарғона-Наманган» йўналишида ҳаракатланаётган, 1990 йилда туғилган шахс бошқарувидаги автомашина Ёзёвон тумани ҳудудида тўхтатилиб, кўздан кечирилган.

Фото: «Ўзбекистон 24»

Натижада унинг салон қисмида мамлакатда муомаласи чекланган наркотик моддалар туркумига кирувчи 1920 дона «Трамадол» дори воситаси, шунингдек, дорихоналарда шифокор рецепти асосида сотилиши лозим бўлган 4704 дона «Регапен» ва 150 дона «Тропикамид» кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланди.

Фото: «Ўзбекистон 24»

«Қувасой-Тошкент» йўналишида ҳаракатланаётган автомашина «Наманган» ЙПХ масканида тўхтатилиб кўздан кечирилганда, унда Қувасой шаҳрида яшовчи, 1997 йилда туғилган шахсга тегишли 840 дона «Регапен» ва 240 дона «Тропикамид» кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги маълум бўлди ҳамда процессуал тартибда олиб қўйилди.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.