Ўзбекистон Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси Шахрух Шарахметов 16 май куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида радарларнинг аукционда сотилиши, UzIMEI тизими ҳамда ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун имтиҳондан ўтказувчи Тошкент имтиҳон маркази юзасидан ўзининг фикрларини билдириб ўтди.

Жамоатчилик илгари ушбу учта соҳадаги компаниялар фаолияти рақобат тўғрисидаги қонунга қанчалик мос келиши тўғрисидаги масалаларни кўтарганди. 2021 йилда Spot.uz 64-BIT ва Tech Age компаниялари аукционда Тошкентда қарийб барча радар ўрнатиш мумкин бўлган жойларни сотиб олаётгани ҳақида ёзганди.

Депутат Расул Кушербаев Тошкентдаги ҳайдовчилик гувоҳномасини берувчи Ягона имтиҳон маркази очилишида президент қарори талаблари бузилганини маълум қилганди. Март ойида марказ нархларни кўтариб, буни валюта курси ва бошқа мамлакатлардаги вазият билан изоҳлаганди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, марказ муқобили йўқлигига қарамасдан устун мавқега эга компаниялар реестрига киритилмаган.

UzIMEI тизими бўйича эса АҚШда Delta Telecom International номи остидаги рўйхатдан ўтказилган компания иштирокида ташкил этилган Information Technology Center SIM-карталарнинг ҳар бири учун IMEI-кодни рўйхатдан ўтказиш эвазига 54 минг сўмдан тўловни ундирмоқда. Шунга қарамасдан, ҳукумат вакиллари ҳануз мазкур нархлар қандай шакллангани борасида бирор маълумотни тақдим этишмади.

Антимонополия қўмитаси раисининг сўзларига кўра, UzIMEI тизими ва бошқа шунга ўхшаш (айнан — Ягона имтиҳон маркази ва радарлар) масалалари кун тартибида турган «энг долзарб ва мураккаб» масалалар ҳисобланади.

«Бу умумий гаплар деб ўйламанг. Ҳозир муаммони тушунтиришга ҳаракат қиламан. UzIMEI ва шунга ўхшаш бошқа давлат функцияларини бажариш давлат корхоналари ёки хусусий компанияларга берилганда рақобат қонунига мосми, мос эмасми, деган масала чиқиб келаяпти. Яъни, бу ҳолатни биз рақобат қонуни остида назорат қила оламизми, бизнинг ваколатга кирадими ёки йўқми деган масала», — деди у.

Шахрух Шарахметов UzAuto Motors ва автомобиль бозорини мисол қилиб келтирди ва бу ҳолатда «рақобат тўғрисида» гапириш мумкинлигини айтди.

«Радар масаласи, UzIMEI ёки [ҳайдовчилик гувоҳномалари учун] имтиҳонларни қабул қилиш — бу тадбиркорлик фаолияти эмас, давлат функциясини бошқа давлат корхонасига ёки хусусий компанияга бериш ҳисобланади. Давлат функцияси тадбиркорлик субъектлари ёки бошқа давлат корхонасига берилганида бу бизнинг ваколатга кирадими ёки йўқми, деган масала турибди», — деди у.

Қўмита раҳбари методик кенгаш тузилгани ва хизматга олинаётган маблағлар тўғрими йўқми ўрганилиши, умуман шу каби 3−4 та ҳолатга бирданига ечим берилишини маълум қилди.

У яна бир бор, рақарлар майдонини аукционда сотиш, UzIMEI тизими ва имтиҳон маркази масалаларида «гап тадбиркорлик фаолияти ҳақида эмас, балки давлатдан рухсатнома олиш жараёни ҳақида кетаётганини» таъкидлади.

Шахрух Шарахметов мазкур масалалар юзасидан Антимонополия қўмитасининг муносабатини билдириш учун 20 кун вақт сўради.