Жиззах шаҳрида молиявий пирамидани тарғиб қилиш орқали фуқароларнинг 692,3 млн сўмини қўлга киритган шахслар аниқланди, дея хабар қилди Бош прокуратура Департаменти матбуот хизмати.

Қайд этилишича, Департаментнинг Жиззах шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, фуқаролар Ю. М., Ш. И. ва бошқалар 2022 йилнинг март ойида Instagram ижтимоий тармоғи орқали Gift Of Legacy номли ўйинни ўтказиб, пластик картасига камида 200 минг сўм ёки 50 АҚШ доллари миқдоридаги маблағни ўтказиб беришса, қисқа муддатда ушбу маблағни 7−8 баробарга кўпайтириб беришни ваъда қилишган.

Улар Telegram мессенжерида «200 минг сўмлик ва 50 АҚШ долларлик онлайн гап» номли гуруҳни ташкил этишиб, ўйин иштирокчиларининг 692,3 млн сўмини ўзлари ва танишларининг пластик карталарга ўтказиб олишга эришишган. Пул маблағларининг бир қисмини эса кейинги иштирокчилар ҳисобидан дастлабки иштирокчилар ҳисобига ўтказиб беришган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 188−1-моддаси (пул маблағларини ва (ёки) бошқа мол-мулкни жалб этишга доир ноқонуний фаолият) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.