Европа Иттифоқи (ЕИ) ва Ўзбекистоннинг давлат ташкилотлари вакилларидан иборат 30 кишилик делегация Қорақалпоғистон Республикасига ва Оролбўйи минтақасини қўллаб-қувватлаш бўйича ЕИ мажбуриятлари доирасидаги БМТнинг Инсон хавфсизлиги бўйича Кўп томонлама шериклик траст жамғармасининг маҳаллий лойиҳаси ҳудудларига ташриф буюрди. Бу ҳақда «Газета.uz»га ЕИ делегацияси матбуот хизмати хабар берди.

Европа Иттифоқи Ўзбекистонда фалокат зоналарини тиклашга йўналтирилган қатор ташаббусларни қўллаб-қувватлайди. Улар орасида Ўзбекистон ҳукуматининг Оролқум чўли ва Қорақалпоғистоннинг яқин жойлашган аҳоли пунктларини минтақанинг иқлимий шароитларига мослаштирилган дарахтларни экиш йўли билан кўкаламзорлаштириш юзасидан «Орол денгизида менинг боғим» лойиҳаси ҳам мавжуд.

Мўйноқ ва «Кемалар қабристони»га ташрифнинг биринчи кунида ЕИ элчилари дарахтларнинг биринчи тўпламини экдилар ҳамда минтақанинг «яшил» келажагида ЕИ ва аъзо-давлатларнинг улушини эслатиб турувчи эсдалик тахтачасини ўрнатишди.


«Орол денгизининг йўқолиши — бу миллий ва халқаро чегаралардан ўтадиган фалокатдир. Европа яшил курси ва Марказий Осиё бўйича ЕИнинг янги Стратегиясига мувофиқ, Евроиттифоқ ва унинг аъзо-давлатлари Ўзбекистонни атроф-муҳит деградациясини олдини олиш ҳамда зарар кўрган аҳолининг барқарорлигини ошириш бўйича барча саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга тайёр», деди ЕИнинг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан.

«ЕИ Оролбўйи минтақаси учун БМТнинг Инсон хавфсизлиги бўйича Кўп томонлама шериклик траст жамғармасига 5 миллион евродан ортиқ маблағ ажратди, бу орқали у табиий офатнинг салбий оқибатларини юмшатиш ишига содиқлигининг юқори даражасини намоён қилди. Бу билан ЕИ Ўзбекистонга ЕИнинг 27 аъзо-давлатидан совға ва мамлакат Ҳукуматининг саҳрога айланаётган ерни тиклаш бўйича саъй-ҳаракатларига кўмак сифатида шу йилнинг охиригача 27 минг туп дарахт экиш мажбуриятини зиммасига олади. Шундай қилиб, биз бўлғуси „яшил“ инвестициялар ва эко-тизимнинг ҳамда Орол денгизи минтақасида барқарор турмушнинг яхшиланиши учун имконият яратилишига умид қиламиз», — дея қўшимча қилди Евроиттифоқнинг мамлакатдаги вакили.

Қорақалпоғистонда мутасаддилар Вазирлар Кенгаши, парламент ва Қорақалпоғистон давлат университети вакиллари билан учрашди, маҳаллий ҳамжамият ҳамда аҳоли қўллайб-қувватлайдиган БМТнинг сув ресурслари ва барқарор бизнесни бошқариш бўйича Кўп томонлама шериклик траст жамғармасининг лойиҳаларига ташриф буюриб, келгусида инвестицияларни сафарбар этишни муҳокама қилди.

Жаҳон банки маълумотларига кўра, ҳар йили Оролқум қум-чанг бўрони Қорақалпоғистонга 44 млн доллардан ортиқ иқтисодий зарар келтирмоқда. 2018 йилдан буён Орол денгизининг қуриган тубидан миллионлаб тонна чанг ва заҳарли тузлар тарқалишининг олдини олиш мақсадида 1,5 млн гектар майдонга чўл ўсимликлари экилди. Жорий йилда яна 100 минг гектар майдонда ўрмонзор барпо этиш режалаштирилган, ўсимликлар учун кўчатзор ҳам барпо этилмоқда.