2021 йил давомида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ва унинг ҳузуридаги Жамоатчилик гуруҳлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга 177 маротаба мониторинг ташрифлари амалга оширилди. Ушбу кўрсаткич 2020 йил якунларига кўра 76 тани ташкил этган, дея маълум қилди АОКАда ўтказилган брифингда омбудсман ахборот хизмати раҳбари Фотима Мадраҳимова.

Мониторинг ташрифлари давомида аниқланган камчиликларга йўл қўйган бир қатор ходимларга нисбатан тегишли ташкилотлар томонидан интизомий жазолар қўлланилган.

Ҳисобот йилида Омбудсман номига ёпиқ муассасаларда сақланаётган шахслар, уларнинг яқин қариндошлари ҳамда адвокатлари томонидан 6 104 та мурожаат келиб тушди. Уларнинг 2 119 таси бевосита ёпиқ муассасаларда сақланаётган шахсларнинг мурожаатларидир.

Суриштирув ва дастлабки тергов ҳаракатлари юзасидан келиб тушган шикоятлар бўйича Омбудсманнинг мурожаатига асосан Бош прокуратура томонидан олиб борилган ўрганишларга кўра, жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш ҳақидаги 32 та қарорнинг барвақт қабул қилинганлиги аниқланиб, бекор қилинган ва 16 та ҳолатда айбдор ходимларнинг хатти-ҳаракатларига нисбатан хизмат текшируви ўтказилиши таъминланган.

Прокуратура органлари томонидан олиб борилган терговга қадар текширув якунларига кўра, 11 та шикоят юзасидан жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қабул қилинган қарорлар Омбудсманнинг назорат хатига асосан юқори турувчи прокуратура органлари томонидан бекор қилиниб, қўшимча текширув ҳаракатлари ўтказилган. Шунингдек, ушбу шикоятлар юзасидан ўтказилган хизмат текшируви якунларига кўра 4 та ҳолатда ички ишлар органларининг 7 нафар ходимга нисбатан интизомий таъсир чоралари қўлланилган.

Жазони ёки эҳтиёт чорасини енгиллаштириш юзасидан маҳкумлар (маҳбуслар) томонидан келиб тушган мурожаатлар юзасидан Омбудсманнинг хатига асосан 13 та мурожаат бўйича тегишли судлар томонидан 59 нафар маҳкумга нисбатан тайинланган жазолар енгилроғига алмаштирилган ва 2 нафар маҳбуснинг эҳтиёт чоралари енгилроғига ўзгартирилган.

Маҳкумлар томонидан оиласига кўмак кўрсатиш масаласида келиб тушган мурожаатлар юзасидан тегишли ҳокимликлар томонидан 11 нафар маҳкумнинг оила аъзоларига турли хилдаги иқтисодий ва ижтимоий кўмак кўрсатилган. Шунингдек, Жазони ижро этиш департаменти томонидан 13 нафар маҳкум Омбудсманнинг мурожаатига асосан яшаш жойига яқин бўлган ҳудудлардаги жазони ижро этиш муассасаларига кўчирилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўташ даврида бажарилган ҳар қандай иш, агар ушбу иш учун ижтимоий солиқ тўланган бўлса, иш стажига қўшиб ҳисобланиши мумкинлиги ҳақидаги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилгани ҳақида хабар қилган эдик.