Қонунчиликка жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган ва жазони ўтаб бўлган шахсларга қатор имтиёз ва ҳуқуқларни беришни кўзда тутган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда. Тегишли қонун лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига муҳокамага қўйилди.

Мазкур қонун лойиҳаси билан «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонунига, «Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун ижтимоий хизматлар тўғрисида»ги қонунига ҳамда Солиқ кодекси ва Жиноят-ижроия кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши кўзда тутилмоқда.

Жумладан, «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонуннинг 37-моддасини озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар томонидан жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўташ даврида бажарилган ҳар қандай иш, агар ушбу иш учун ижтимоий солиқ тўланган бўлса, иш стажига қўшиб ҳисоблашни кўзда тутган бандлар билан тўлдириш таклиф қилинмоқда.

Ўз навбатида, Солиқ кодексининг 408-моддаси билан жазони ижро этиш муассасаларига озодликдан маҳрум этилган шахсларнинг солиқ тўловини амалга оширишни топшириш режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, «Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун ижтимоий хизматлар тўғрисида»ги қонуннинг 6-моддаси билан озодликдан маҳрум этиш тарзидаги жазони ўтаб бўлган шахсларни аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифасига киритиш режалаштирилмоқда. Бунинг натижасида ушбу шахслар «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги қонуннинг 38-моддаси бўйича давлат томонидан ишга жойлаштириш бўйича қўшимча кафолатга эга бўлмоқда.

Шу билан бирга, «Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун ижтимоий хизматлар тўғрисида»ги қонуннинг 13-моддаси «озодликдан маҳрум этиш тарзидаги жазони ўтаб бўлган шахсларга «Дастлабки ижтимоий-моддий ёрдам пакети»ни бериш билан боғлиқ хизматлар» мазмунидаги хатбоши билан тўлдирилиши назарда тутилмоқда. Таъкидлаш керакки, «Янги Ўзбекистоннинг 2022−2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси» доирасида Ички ишлар вазирлиги томонидан «Дастлабки ижтимоий-моддий ёрдам пакети»ни бериш тизимини ишга тушириш белгилаб ўтилган.

Юқоридаги қонунга янги — 171-модда киритилиб, озодликдан маҳрум этиш тарзидаги жазони ўтаб бўлган шахсларга «Дастлабки ижтимоий-моддий ёрдам пакети»ни бериш билан боғлиқ хизматлар рўйхати белгиланмоқда. Улар:

  • ижтимоий хизматлар кўрсатиш масалалари бўйича маслаҳатлар бериш, ижтимоий хизматлар кўрсатувчи тегишли органлар ва ташкилотларга йўналтириш;
  • махсус психологик ёрдам кўрсатиш;
  • бандликка кўмаклашиш, шу жумладан ўзининг тадбиркорлик, меъморчилик, ҳунармандчилик каби йўналишларда аниқ лойиҳаларини тақдим этиб, мустақил фаолиятни бошламоқчи бўлган фуқароларга бир марталик моддий ёрдам бериш;
  • биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, диспансер кўригидан ўтказиш, зарур бўлган ҳолларда стационарда даволаниш учун юбориш, тиббий кўрсатмаларга кўра дори воситалари, протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситалари билан таъминлаш.

Ушбу моддада қайд этилишича, «Озодликдан маҳрум этиш тарзидаги жазони ўтаб бўлган шахсларга ижтимоий хизматлар қонунчиликка мувофиқ бошқа турларни ҳам ўз ичига олиши мумкин».

Шунингдек, Жиноят-ижроия кодекси 8-моддаси «Маҳкумларга нисбатан қийноқлар ҳамда бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомала ва тазйиқлар қўлланилишига йўл қўйилмайди» мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдириш кўзда тутилмоқда. Қўшимча қилинишича, мазкур қонуннинг 9-моддаси билан маҳкумларга имо-ишора тили бўйича таржимон хизматидан фойдаланиш ҳуқуқини бериш таклиф қилинмоқда.

Қонуннинг 13-моддасидаги маҳкумларнинг жазони ижро этувчи муассаса ёки орган маъмуриятининг қонунга асосланган талабларини бажаришга мажбурлиги тўғрисидаги банддаги «мажбурдирлар» сўзи чиқариб ташланиб, «шифокор томонидан тасдиқланган жисмоний ва ақлий қобилиятларига мувофиқ меҳнат қилишга мажбурдирлар» мазмунидаги тўртинчи хатбоши билан тўлдирилмоқда.

Қонун лойиҳасида Жиноят-ижроия кодексининг 70-моддасини (тинчлантириш кўйлагини қўллаш) чиқариб ташлаш ҳам кўзда тутилган.

Шунингдек, камераларда жазо ўтаётган маҳкумларга кинофильм ва телекўрсатувлар кўришга рухсат бериш таклиф қилинмоқда (81-модда).

Қонуннинг 84-моддаси эса биринчи ёки иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган маҳкумлар учун мўлжалланган умумий турар жойлар махсус воситалар ва мосламалар билан жиҳозланиши лозимлиги бўйича қисм билан тўлдирилиши белгиланмоқда.

Таклиф этилаётган лойиҳада Жиноят-ижроия кодекси 971-модда (Маҳкумларни тузалиш йўлига ўтганлигини белгиловчи мезонлар) билан тўлдирилмоқда. Ушбу моддага кўра:

  • жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг хулқ-атворлари тизимли равишда баҳолаб борилади;
  • баҳолаш натижалари маҳкум тузалиш йўлига ўтган ёки ўтмаганлиги тўғрисидаги хулоса билан расмийлаштирилади.

Маҳкумлар тузалиш йўлига ўтганлиги меҳнатга ва таълимга виждонан ёндашиши, тарбиявий тадбирлар ўтказишда фаол иштирок этиши, муассасанинг ички тартиб-қоидаларига риоя қилиши, жиноят оқибатида етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплашга қаратилган интилиши асосида белгиланади.

Ҳужжат юзасидан жамоатчилик муҳокамаси 4 майга қадар давом этади.