Ўзбекистон президентининг 8 апрелдаги «Тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва хусусий секторни ривожлантириш орқали барқарор иқтисодий ўсиш учун шарт-шароитлар яратиш борасидаги навбатдаги ислоҳотлар тўғрисида»ги фармони билан бир қатор монопол компания ва ташкилотларга берилган эксклюзив ҳуқуқлар бекор қилинмоқда.

Хусусан, фармон билан қуйидаги компания ва ташкилотларнинг эксклюзив ҳуқуқлари бекор қилинмоқда:

  • аҳолига ва ижтимоий объектларга суюлтирилган газ етказиб бериш бўйича «Ҳудудгазтаъминот» АЖнинг (июнь).
  • ҳайдовчи ва ҳайдовчиликка номзодларни транспорт воситасини бошқаришга лаёқатлигини текшириш учун тиббий кўрикдан ўтказиш бўйича давлат даволаш-профилактика муассасаларининг (август);
  • ишлатилган техник мойларни тўплаш ва қайта ишлаш бўйича Uz-Prista Recycling МЧЖ ҚКнинг (сентябрь);
  • қишлоқ, овул ва шаҳар посёлкаларининг бош режалари лойиҳаларини ва топогеодезия хариталарини ишлаб чиқиш бўйича «Қишлоққурилишлойиҳа» АЖнинг;
  • «Ҳудудий электр тармоқлари» компанияси тизимидаги корхоналар буюртмасига асосан электр техника ускуналари ва қурилмалари, бутловчи буюмлар сарфлаш материалларини марказлаштирилган ҳолда харид қилиш бўйича «Энерго РЭС» МЧЖнинг (июнь).
  • қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини сертификатлаш бўйича «Агросаноат мажмуида хизматлар кўрсатиш маркази» ДУКнинг (январь);
  • ҳарбий хизматчилар, солиқ хизматчиларини мажбурий суғурталаш бўйича «Ўзбекинвест» миллий суғурта компаниясининг (июнь).

Шунингдек, экспорт ва реэкспорт қилинаётган товарларнинг келиб чиқиш тўғрисидаги сертификатни бериш, гувоҳлантириш орқали товарларнинг келиб чиқиш мамлакатини аниқлаш мақсадидаги экспертизани фақат «Ўзэкспертиза» томонидан ўтказилишини назарда тутган тартиб бекор қилинади (июнь).

Бундан ташқари, июль ойидан бошлаб ўлчаш воситаларини қиёслашдан ўтказиш хизматлари юридик шахсларнинг метрология хизматлари томонидан ҳам кўрсатилиши мумкин.

Июлдан «Биринчи резинотехника заводи»ни қишлоқ хўжалиги ва автомобиль шиналарининг ягона етказиб берувчиси этиб белгилаш тўғрисидаги қоида бекор қилинади.