Россия Федерацияси Давлат думаси раиси Вячеслав Володин сиёсатчи, Давлат думаси Либерал-демократик партиясининг (ЛДПР) фракцияси раҳбари Владимир Жириновский 75 ёшида вафот этганини маълум қилди.

Машҳур россиялик сиёсатчи 1946 йилда Олмаота (Қозоғистон) шаҳрида туғилган.

1970 йилда Москва Давлат университети (МДУ) қошидаги Шарқ тиллари институтини (ҳозирги Осиё ва Африка мамлакатлари институти) Туркия ва турк тили мутахассислигини, 1977 йилда МДУ юридик факультетининг кечки бўлимини «ҳуқуқшунос» мутахассислиги бўйича аъло баҳолар билан тамомлаган.

Владимир Жириновский 1989 йилда ЛДПРга аъзо бўлган ва 1990 йилда унга раҳбар бўлган.

Владимир Жириновский 1991 йилда РСФСР президенти лавозимига ва 1996, 2000, 2008, 2012, 2018 йиллардаги сайловларда Россия президенти лавозимига ЛДПРдан номзод бўлган.

У Россия Конституцияси лойиҳасини тайёрлаш бўйича 1993 йилдаги Конституциявий йиғилиш ишида иштирок этган.

Шу йилнинг февраль ойида Владимир Жириновский Москва марказий клиник шифохонасига ётқизилган эди. Унга коронавирус ташхиси қўйилгани ва ўпкасининг 50−75 фоизи шикастлангани маълум қилинди. Бунгача сиёсатчи саккиз марта коронавирусга қарши Россияда ишлаб чиқарилган вакциналар билан эмланганини айтганди.