Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистонда қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш билан шуғулланувчи «Тоза ҳудуд» давлат унитар корхонасига 120 млн доллар ажратмоқда. Бу ҳақда банк матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар берди.

Молиявий пакет Хоразм вилоятида зарур инфратузилмани модернизация қилиш учун 50 млн доллар ва Қорақалпоғистонда шу каби мақсадлар учун 70 млн долларлик кредитдан иборат.

«Бу Ўзбекистоннинг Париж келишувига мувофиқ иқтисодиётни карбонсизлантириш бўйича саъй-ҳаракатларига ҳисса қўшади ва қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқариш бўйича миллий стратегияни қўллаб-қувватлайди. Бу стратегия аҳолисининг ярмидан камроғи замонавий маиший чиқиндиларни қайта ишлаш хизматларидан фойдаланаётган Ўзбекистон учун устувор йўналишлардан биридир», — дейилади ЕТТБ хабарида.

«Хоразм ва Қорақалпоғистондаги мавжуд чиқинди полигонларнинг бирортасини санитария талабларига жавоб беради деб бўлмайди, — дейилади хабарда. — Уларда элементар ҳимоя ёки махсус хизмат кўрсатиш ускуналари йўқ ва шунинг учун бу ҳолат атроф-муҳит ҳамда аҳоли саломатлигига жиддий таҳдид солади».

1,7 млн аҳоли истиқомат қиладиган Хоразм вилоятида йилига 280 минг тоннага яқин қаттиқ маиший чиқинди ҳосил бўлади. Вилоят аҳолисининг 67 фоизи истиқомат қиладиган қишлоқ жойларида 10% аҳолигина чиқиндиларни қайта ишлаш хизматларидан фойдаланади

50 млн долларлик кредит Европа Иттифоқи талабларига жавоб берадиган, интеграциялашган механик ва биологик тозалаш иншоотларига эга, чиқиндиларни саралаш ва компостлаш қурилмалари билан жиҳозланган иккита санитария полигонини қуришни молиялаштиришга қаратилган. Шунингдек, бу олтита чиқинди ташиш станциясини қуриш ва полигонни бошқариш учун махсус автомашиналар ва ускуналар харид қилишга ёрдам беради.

Қорақалпоғистоннинг қарийб 2 млн аҳолиси йилига 187 минг тоннага яқин қаттиқ маиший чиқинди ишлаб чиқаради. Вилоят аҳолисининг ярми қишлоқларда истиқомат қилади, уларнинг фақат учдан бир қисми чиқинди ташиш хизматлари билан қамраб олинган.

70 млн АҚШ доллари миқдоридаги кредит Европа Иттифоқи талабларига жавоб берадиган янги санитария полигонини қуриш ва учта мавжуд полигонни модернизация қилишга ёрдам беради, шунингдек, интеграциялашган механик ва биологик тозалаш иншоотлари билан жиҳозланади. ЕТТБ Қорақалпоғистонда қаттиқ маиший чиқиндиларни ўтказиш пунктларининг ҳудудий тармоғини ташкил этиш ва ихтисослаштирилган ускуналар сотиб олишга ҳам кўмаклашади.

«Ушбу кредитлар ҳисобидан ҳар бир ҳудудий коммунал корхона қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқаришнинг ҳудудий комплекс тизимини қуриш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва юқори экологик стандартларни жорий этиш имкониятига эга бўлади. Лойиҳаларнинг амалга оширилиши атроф-муҳитнинг ифлосланиши ва чиқиндихоналардан чиқадиган иссиқхона газларини камайтириш каби катта экологик манфаатлар келтиради», — дейилади ЕТТБ.

«Биз Хоразм ва Қорақалпоғистонда зарур бўлган экологик ўзгаришларга таъсир кўрсата олишимиздан хурсандмиз. Бу Ўзбекистондаги яшил кун тартибимизнинг бир қисмидир ва умид қиламанки, бундай лойиҳалар маҳаллий коммунал хизматларни ўзгартиради ва маҳаллий аҳолининг ҳаёт сифатини яхшилайди», — деди ЕТТБ президенти Одил Ренауд-Бассо.

Бундан ташқари, ЕТТ аёллар ва ёшларни иш билан таъминлаш имкониятларини яхшилаш учун ўқув дастурларини қўллаб-қувватлаш мақсадида кредитлар ажратиши маълум қилинди.

Эслатиб ўтамиз, февраль ойи бошида президент Ўзбекистонда йиллик ҳосил бўлаётган маиший чиқиндилар миқдори 7 млн тоннага етганини маълум қилган эди. Уларни қайта ишлаш даражаси баъзи ҳудудларда паст экани, хусусан Қорақалпоғистонда бу кўрсаткич бор-йўғи 10 фоизни ташкил этишини билдирди.