Президент Шавкат Мирзиёев чиқиндилар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш ва ҳудудлардаги экологик ҳолатни яхшилаш юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида бугунги кунда кўпчилик ўз турар жойи атрофини тозалашга эринадиган бўлиб қолганини қайд этди. Бу ҳақда президент матбуот котиби хабар берди.

«Халқимиз азалдан табиатни муқаддас деб билган. Тупроқни, сувни, ҳавони, остонасини пок сақлашга интилган. Халқимизда „Бирни кессанг, ўнни эк“ деган доно мақол ҳам бежиз айтилмаган. Оилада янги фарзанд дунёга келса, унга атаб ниҳол экилган. Афсуски, мана шу эзгу одатлар бугун деярли йўқолиб кетди. Одамларимиз ҳатто эшиги ва ҳовлиси атрофини тозалашдан, дарахт, гул, кўчат экиб, саранжом-саришта қилиб қўйишдан эринадиган бўлиб қолди. Нимага бу масалада ОАВ орқали ҳамда маҳаллаларда бонг урилмаяпти? Қани маҳалла фаоллари, нуронийларимиз ва жамоатчилигимиз?», — деди давлат раҳбари ва бу ҳолатда кўпчилик томошабин бўлиб қолаётганини қўшимча қилди.

Бугун дунё миқёсида техника ва технология, саноат юқори даражада ривожланган XXI асрда экология билан боғлиқ муаммолар биринчи даражали муаммо сифатида кун тартибига чиқмоқда, дея қайд этди давлат раҳбари.

«Биз бу масалада фақат бугунни эмас, яқин ва узоқ келажакни ўйлаб иш тутмасак, кўзлаган мақсадимизга эриша олмаймиз. Авлодларимиз биздан кейин ҳам муносиб табиий муҳитда яшашлари учун биз табиатга меҳр ва эътибор беришимиз, у билан уйғун бўлиб яшашимиз керак. Бу нима дегани? Бу — табиатни тоза-озода тутиш, ер ва сув ресурсларини, экологик тизимни асраш, дарахт экиб, боғ яратиш дегани», — деди президент.

Мирзиёев энг муҳим масала — аҳолининг экологик маданиятини ошириш ҳақида жиддий бош қотириш зарурлигини қайд этди.

«Маҳаллада, кўчаларда чиқинди ташлаган кишини кўрганда, „бу ишингиз нотўғри бўлди“, дейдиган муҳитни шакллантиришимиз, одамларимизни бунга ўргатишимиз керак. Бу — ҳаммамизнинг ишимиз ва инсоний бурчимиздир», — деди президент.

Йиғилишда дунёда қаттиқ маиший чиқиндилар миқдори аҳоли жон бошига ҳар йили 1 фоизга ортиб бораётгани, Ўзбекистонда сўнгги йилларда иқтисодий ўсиш, аҳоли турмуш даражаси яхшиланиши натижасида ўсиш 2 фоизни ташкил этиб, йиллик ҳосил бўлаётган маиший чиқиндилар миқдори 7 миллион тоннага етгани айтилди.

Чиқиндиларни йиғиш, саралаш, олиб чиқиш, қайта ишлаш ва утилизация қилиш аҳволи қониқарли эмас, деди давлат раҳбари.

Таъкидланишича, маиший чиқиндиларни қайта ишлаш даражаси Андижонда — 45 фоиз, Бухорода — 43 фоиз, Навоий ва Наманганда — 36 фоизни ташкил этиб, ушбу ҳудудларда яхши натижа кўрсатилмоқда. Аксинча, Қорақалпоғистон — 10 фоиз, Фарғона ва Қашқадарё — 20 фоиз билан қолган ҳудудлардан орқада.

Шунингдек, йиғилишда чиқиндиларни олиб чиқиш қамрови 90 фоизга етган бўлсада (2017 йилда атиги 25 фоиз эди), 781 та маҳаллада 30 йилдан буён чиқиндини олиб чиқиш масаласи ҳал этилмагани танқид қилинди.

Президент 2022 йилда маиший чиқинди тўплаш қамровини 95 фоизга, қайта ишлаш ҳажмини 40 фоизга, хусусий сектор улушини 50 фоизга етказиш вазифасини қўйди.

Ушбу мақсадда импорт қилинадиган махсус техника, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар божхона божидан 3 йилга озод этилади. Саралаш ва қайта ишлаш техникаси хариди учун 5 йилгача имтиёзли кредитлар ажратилади ва қайта молиялаштириш ставкасидан ошган қисми қоплаб берилади.

Чиқиндини қайта ишлашга қодир кластерларга ер, мол-мулк ва ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз қилиб белгиланади. Кластерларни ташкил этиш тартиби қайта кўриб чиқилади, уларга ўз ҳудудидаги чиқиндиларни қайта ишлаш даражасини камида 40 фоизга олиб чиқиш талаби қўйилади.

1 мартга қадар 51 туман ва шаҳарда хусусий шерикчилик асосида жами 38 та корхона ташкил этиш бўйича танловлар бошланади, йил якунига қадар ушбу ҳудудлар учун 500 та махсус транспорт харид қилинади. 1 октябрга қадар ижтимоий муассасалар ва бозорларга 8 мингта, келгуси йил 1 майга қадар 11 мингта контейнер ўрнатилади.