Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузурида 46 та вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш штаби ташкил этилди. Бу ҳақда инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Азиз Воитов 23 март куни президент бошчилигидаги йиғилишдан кейин маълум қилди. маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Савдо-саноат палатаси билан биргаликда кечаю кундуз ишлайдиган call-марказлар очилган (+998 71 238 52 52, 1094). «Мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, тадбиркорлар томонидан муаммолар, таклифлар, тизимли ечимлар бўйича мурожаатлар тушмоқда. Бугунги кунга қадар 1150 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушган бўлса, шундан 350 таси ижобий ҳал этилган», — деди у.

Тадбиркорлар асосан кредит муддатини узайтириш, хомашё ёки асбоб-ускуналарни олиб кириш билан боғлиқ муаммолар, инфратузилма, экспорт бозорлари ва хорижий ҳамкорлар излаш масалалари бўйича мурожаат қилмоқда.

«Баъзи бир тадбиркорларимизнинг экспортга чиқаётганда бошқа транспорт коридорларидан фойдалангани учун транспорт-логистика харажатлари ошаяпти. Давлат раҳбари харажатларни камайтириш учун экспортёрларнинг транспорт харажатларининг 70 фоизгача (ҳозир — асосан 50 фоизгача — таҳр.) Экспортни рағбатлантириш агентлиги ҳисобидан қоплаш бўйича топшириқ берди, ҳозир қарор лойиҳаси устида ишлаяпмиз», — деди у.

ИТСВ раҳбарининг биринчи ўринбосари хорижий давлатлар билан ҳам Каспий денгизи орқали юк ташиш нархини 50 фоизгача камайтириш бўйича келишувга эришилганини айтди.

«Бундан ташқари, биз ҳамкор давлатлар билан Озарбайжон, Бокудан келадиган юклаш учун 30 фоизгача чегирмалар [тақдим этиш] бўйича ҳам келишиб олинди. Қолаверса, бошқа транспорт йўлакларида ҳам ишлар олиб бориляпти. Яқин кунларда Ҳиндистоннинг Мумбай портидан Ҳиндистон-Покистон-Афғонистон-Ўзбекистон йўналиши бўйича биринчи бор шакар маҳсулотлари карвони кириб келиши йўлга қўйилди. Энди бу тажрибани кўпроқ ишлатишни давом эттирамиз», — деди у.

Озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ошишининг олдини олиш мақсадида қўшни давлатлар билан транспорт харажатларини камайтириш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

«Жумладан, Қозоғистон билан шакар ва буғдой маҳсулотларини темир йўл орқали бўлган транспорт харажатларини 30 фоизгача камайтиришга эришилди. Президент [23 мартдаги] йиғилишда энди ички темир йўл ташиш нархини пасайтириш бўйича топшириқ берди», — деди Азиз Воитов.

Давлат раҳбари тадбиркорларнинг хорижий валютадаги кредитлари бўйича фоиз юкини оширмаслик бўйича чора-тадбирларни кўришга ҳам топшириқ берди, дея таъкидлади у.

Украинадаги уруш ва Россияга қарши санкциялар туфайли товарлар логистикаси билан боғлиқ муаммолар юзага келди, бу эса юк ташиш нархининг ошишига олиб келади. Ўзбекистон бир неча йиллардан буён юкларни етказиб беришда жанубий йўналишларнинг ролини ошириш чораларини кўрмоқда — бу денгиз портларига тезроқ ва арзонроқ чиқиш йўли ҳисобланади.

Президент Шавкат Мирзиёев 2021 йил апрель ойида Ўзбекистон ҳали ҳам Россия ёки Қозоғистон орқали маҳсулот экспорт қилиши кераклиги ҳақида маълум қилганди. Трансафғон темир йўли қурилгач, мамлакат экспорт бозорларини диверсификация қилиш имкониятига эга бўлади, қўшни давлатлар эса ўзбек маҳсулотларининг транзити учун тарифларни пасайтиради.