Президент Шавкат Мирзиёев жума куни Самарқанд вилоятида бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган «Мозори-Шариф — Кобул — Пешавор» темир йўли қурилиши лойиҳасининг аҳамиятига тўхталиб ўтди, дея хабар қилди «Газета.uz» мухбири.

«Агар 27 йил давомида Хитой ёки бошқа Осиё давлатларига олиб чиқадиган темир йўл қурганимизда эди, қўшимча бозорлар пайдо бўларди, ишлаб чиқараётган маҳсулотларимиз таннархи, экспорт йўл харажати 60−70 фоизга камайган бўларди», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, ҳалигача Ўзбекистон маҳсулотларини Россия ва Қозоғистон орқали экспорт қилишга тўғри келмоқда. Афғонистон орқали темир қурилиши бошланиши билан Ўзбекистон ўзининг экспорт бозорларини диверсификация қилиши, қўшни давлатлар эса ўзбек маҳсулотларига транзит тарифларини пасайтириши кутилмоқда.

Шавкат Мирзиёев Покистон бош вазири Имрон Хон ва Афғонистон президенти Ашраф Ғани билан бир қанча музокаралар ўтказиб, уларни қўшма лойиҳани амалга оширишга кўндирганини таъкидлади.

«Темир йўлнинг тинчлиги, хавфсизлигини ким таъминлаб беради? Фақат покистонликлар. У ерда 200 млн аҳоли бор, агар ушбу бозорга чиқа олсак, денгиз портлари орқали бошқа катта бозорларга ҳам чиқамиз», — деди у.

Давлат раҳбари 2 февраль куни бўлиб ўтган Ўзбекистон-Афғонистон-Покистон музокаралари якунлари бўйича Ўзбекистон учун бошқа бозорларга чиқадиган энг қисқа ва арзон йўл ҳисобланган «Мозори-Шариф — Кобул — Пешавор» темир йўли қурилиши бўйича қўшма ҳаракатлар режаси (йўл харитаси) қабул қилинганини маълум қилди.

Шавкат Мирзиёев Россия раҳбарияти ҳам ушбу лойиҳада қатнашишга тайёрлигини билдирганини айтиб ўтди. Қўшни давлатлар ҳам қизиқиш билдирмоқда, дея таъкидлади у.

«Мана шу масалалар билан президент шуғулланади, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари эса камбағалликни қисқартириш билан шуғулланишлари керак. Агар биз бунга пул бермаганимизда, шароит яратмаганимизда, «маҳаллабай» кесим қилмаганимизда эди, йўлга, светга, газга, «Ҳар бир хонадон — тадбиркор»га миллиардлаб долларларни ажратмаганимизда эди, мен ҳозир бу гапларни айтмасдим, қарсак чалинглар, ўзгарибдику, деб чиқиб кетган бўлардим», — деди у.

14 апрель куни Ўзбекистон президенти Покистон бош вазири Имрон Хон билан видеоанжуман шаклида учрашув ўтказиб, икки давлат ўртасида авиақатновларни қайта тиклаш, имтиёзли савдо тўғрисидаги битимни имзолаш, виза режимини соддалаштириш, транспорт-транзит ва бошқа масалаларни муҳокама қилган эди.

Қурилиш вазири Илҳом Маҳкамов мамлакатлар узунлиги 600 км га яқин «Мозори-Шариф — Кобул — Пешовар» темир йўл лойиҳасини амалга оширишни жадаллаштириш ҳам муҳокама қилинганини таъкидлади. Унга кўра, май ойида Афғонистонда жойлашган қурилиш майдончаларида экспедиция тадқиқотини ташкил этиш режалаштирилган.

Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги янги бўлғуси коридор

Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов «Газета.uz» учун ёзган мақоласида «Мозори-Шариф — Кобул — Пешавор» темир йўли қурилишининг Ўзбекистон учун қандай аҳамият касб этишини баён этган эди. Унинг фикрича, Марказий Осиё давлатлари учун трансафғон коридори Жанубий Осиёнинг истиқболли бозорларига чиқишнинг мутлақо янги ва энг қисқа йўлини очади.

Жанубий Осиё билан ўзаро иқтисодий алоқаларнинг улкан имконият эканлиги мазкур ҳудуднинг макроиқтисодий кўрсаткичлари ва ўсиш суръатлари билан асосланади. Жами аҳолиси 1,9 млрд киши (дунё аҳолисининг тўртдан бири) ва 3,5 тлрн долларлик ЯИМга эга бўлган Жанубий Осиё — дунёнинг энг тез ўсаётган (йилига 7,5 фоиз) минтақаси ҳисобланади.

Трансафғон коридори қурилиши Марказий Осиё транспорт оқимларини ҳам диверсификация қилади. Чунки минтақа давлатларида жанубий денгизларга чиқиш бўйича иккита йўл мавжуд бўлади. Бир томондан ҳозирда фойдаланилаётган Чабахар ва Бандар-Аббас портларига чиқадиган коридор бўлса, иккинчиси «Мозори-Шариф — Кобул — Пешавор» темир йўли билан Карачи ва Гвадар портларига чиқилади.

Лойиҳа амалга ошганидан сўнг Покистондан Ўзбекистонга товарларни ташиш муддати 35 кундан 3−5 кунга қисқариши кутилмоқда.