15 март куни Россия қўшинлари томонидан ўққа тутилиши давом этаётган Киевга поездда Польша бош вазири Матеуш Моравецкий, бош вазир ўринбосари Ярослав Качиньский, Чехия бош вазири Петр Фиала ва Словения бош вазири Янез Янша ташриф буюрди. Улар Украина пойтахтидаги вазият билан танишди ва президент Владимир Зеленский билан музокаралар ўтказди.

Польша ҳукумати сайтида эълон қилинган хабарда айтилишича, мамлакат делегацияси «Украина суверенитети ва мустақиллигини Европа Иттифоқи миқёсида сўзсиз қўллаб-қувватлашини тасдиқлаш» ҳамда «Украина ва украиналикларга кенг кўламли ёрдам кўрсатиш» мақсадида Европа Иттифоқи вакиллари сифатида Украинага ташриф буюрган".

Польша ҳукумати раҳбари Матеуш Моравецкий Украинанинг ЕИга номзод мақомини олиши муҳимлигини таъкидлади.

«Евроиттифоқ тезда номзод мақомини бериши ва Украинани ЕИга таклиф қилиши керак, — деди у. — Украина нафақат ўз эркинлиги ва мустақиллиги учун курашмоқда, балки фундаментал Европа қадриятларини ҳам ҳимоя қилмоқда».

Фото: gov.pl

Словения бош вазири Янез Янша ташриф якунлари ҳақида шундай деди: «Охирги икки йил давомида биз Европанинг асосий қадриятлари ҳақида гапиряпмиз. Асосан назарий муҳокамалар. Кейин биз тўсатдан ушбу фундаментал Европа қадриятлари ҳақиқатан ҳам мавжудлигини англаб етдик. Ва уларга таҳдид қилинмоқда. Ва европаликлар уларни ҳимоя қилади. Ўз жонлари билан. Украинада».

«Ҳозир биз қадриятларимиз ҳақида гапирадиган бўлсак, бутун қитъамизда Украинадан кўра Европа давлати йўқ. Нафақат ўз ватанингизни ва Европани ҳудуд сифатида ҳимоя қилганингиз учун, балки Европа қадриятлари ва турмуш тарзимиз моҳиятини ҳимоя қилганингиз учун ҳам раҳмат. Сизнинг курашингиз бизнинг курашимиз ва биз биргаликда ғалаба қозонамиз», — деди у.

Президент Владимир Зеленский Европа етакчиларининг «Украина учун оғир вақтда» ташрифини «қўллаб-қувватлашнинг кучли далили» деб атади. «Биз буни жуда қадрлаймиз», деди у.

«Россия Федерациясининг заминимизга кенг кўламли бостириб кириши туфайли кўплаб элчихоналар Украинани тарк этишди ва бу ҳурматли одамлар, ўзларининг гўзал, мустақил Европа давлатларининг раҳбарлари эса ҳеч нарсадан қўрқмайдилар. Ва бизнинг тақдиримиз учун кўпроқ қўрқишмоқда. Ва улар бизни қўллаб-қувватлаш учун шу ердалар. Бу улкан, мардона, тўғри, дўстона қадамдир. Ишончим комилки, шундай дўстлар, шундай давлатлар, қўшнилар ва шериклар билан биз ҳақиқатан ҳам ғалаба қозона оламиз», — дея таъкидлади Владимир Зеленский.