1 апрелдан бошлаб шароити оғир ва кам таъминланган кексаларга шифокорларнинг рецептларига асосан 3 ойлик эҳтиёждан келиб чиқиб дори воситалари, тиббий ва махсус протез-ортопедия мосламалари олиб берилади ҳамда жарроҳлик амалиётларининг харажатлари қопланади. Бу президентнинг 15 мартдаги қарорида кўзда тутилган.

Қарорда, шунингдек, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси маблағлари ҳисобидан ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ёлғиз яшайдиган кексаларни ҳар йили бир маротаба санаторийларда бепул соғломлаштириш белгиланган.

Жамғарма маблағлари ҳисобидан оғир ташхисли касалликлари ҳамда ногиронлиги бўлган кексаларга шифокорларнинг рецептларига мувофиқ, 3 ойлик эҳтиёждан келиб чиқиб дори воситаларининг 50 фоизигача бўлган суммаси компенсация қилинади. Бунда, дори воситаларининг рўйхати Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилади ҳамда Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлигининг қарори қабул қилинган кундаги дори воситаларининг тегишли суммаси компенсация қилинади.

Жамғарма маблағлари ҳисобидан кексаларнинг жисмоний тарбия ва спорт йўналишидаги муассасаларда (стадион, спорт заллари, бассейн ва бошқа спорт мажмуалари) жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишлари учун абонемент харажатлари қопланади. Бунда, абонемент харажатларининг бир ойлик суммаси БҲМнинг 2 бараваридан ошмаган ҳолда спорт йўналишидаги муассасаларнинг ҳисоб рақамига ўтказиб борилади.

Жамғарма маблағлари ҳисобидан давлат театрлари ва музейларига кексалар учун чипта нархлари тўлиқ қоплаб берилади.

Шунингдек, кексаларнинг республикадаги диққатга сазовор жойларга сайёҳлик сафарларини ташкил этиш мақсадида иккита замонавий автобус харид қилинади ҳамда тарихий шаҳарлар ва диққатга сазовор жойлар рўйхати шакллантирилиб, туманлар (шаҳарлар) кесимида автобуслар қатновлари графиги тасдиқланади.

2022 йилда жамғарма маблағларининг амалда ўзлаштирилишига қараб Давлат бюджетидан 50 млрд сўм ажратилади.

Аввалроқ президентнинг худди шу қарорига таянган ҳолда ходимнинг пенсия ёшига тўлганлиги муносабати билан у билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш тартиби тақиқлангани, шунингдек, мамлакатда фаол қариш индекси жорий этилиши ҳақида хабар қилган эдик.