Президентнинг 15 мартдаги қарори билан ходимнинг пенсия ёшига тўлгани муносабати билан у билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш тартиби тақиқланади.

Ҳужжатда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда ходимнинг пенсия ёшига тўлганлиги муносабати билан иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилишни тақиқлаш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилди.

Шунингдек, 2022 йил 1 сентябрга қадар халқаро тажрибадан келиб чиқиб, мамлакатда фаол қариш индексини жорий этиш белгиланди.

Бундан ташқари, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги икки ой муддатда «Бир нуроний ўн ёшга масъул» тамойили асосида маҳаллаларда ҳаётий ва катта амалий тажрибага эга бўлган обрў-эътиборли нуронийлар ва зиёлиларни ишсиз, тарбияси оғир ва муаммоли ёшларга бириктириш орқали уларни жамият учун фойдали инсонлар бўлиб етишишларига кўмаклашиш дастурларини ишлаб чиқади.

Фуқаролар йиғинларида жамоатчилик назорати йўналишида «Кексалар маслаҳати» гуруҳлари фаолият кўрсатади. Бунда, маҳаллаларда аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизматлар, мактабларда ўқувчиларнинг дарсларни ўзлаштириши, давомати, бандликка кўмаклашиш марказлари томонидан фуқароларни иш билан таъминлаш даражаси ва бошқа давлат хизматларининг кўрсатилиши бўйича нуронийларнинг жамоатчилик назорати ўрнатилади.