Душанба куни адлия вазири Русланбек Давлетов журналистлар ва жамоатчилик вакиллари билан учрашувда Юнусободдаги уч марта суиқасд уюштирилган дарахтлар муаммосига ҳам тўхталиб ўтди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар берди.

«Ер устида дарахти билан сотилиши мумкин. Бунга ҳеч қанақа қонунчилик нуқтаи назаридан чекловлар йўқ. Лекин, барибир мораторий турганидан кейин, президентни бунга ҳақ-ҳуқуқи бор, [мораторий] киритган. Тегиш мумкин эмас. Сиз уни қайси мақсадда олган бўлсангиз ҳам тегина олмайсиз. Тегсангиз сиз жиноят қилган бўласиз. Давлатимиз, экология органлари буни яхшилаб, назорат қилиб, ким шу ишни қилса, унга жазо муқаррарлигини таъминлаши керак», — деди у.

Вазир сўнгги йилларда дарахтлар кесилиши мавзуси долзарб тус олаётганини, 3 йил олдин бунга ҳеч ким эътибор қаратмаганини таъкидлади.

«3 йил олдин бунга ҳеч ким эътибор қилмасди. Ўша пайтда росса кўп [дарахт] кесиларди, 3 йил олдин бунга қараганда 10 баравар кўп эди. Мана бу жамиятда резонанс бўлганидан кейин камайяпти. Ҳозир битта дарахт кесилса ҳам, биз ҳаммамиз дод деяпсиз, жамият сифатида биз ҳам улғайяпмиз. Яъни, дарахтни моҳиятини, кераклигини ҳамма тушуниб етаяпмиз. 3 йил олдин ҳамма тушуниб етмасди, бўпти бу иккинчи даражали масала деярди. Шунинг учун ҳар битта вазиятга катта воқеадай эътибор қилинаяпти», — деди Русланбек Давлетов.

У шунингдек, мазкур можарони назорат ва ҳал қилиш қайси ташкилот зиммасида эканлигини ҳам айтиб ўтди.

«Энг асосий бу соҳани эгаси Давлат экология қўмитаси. Янги раиси [дарахтларни] биттаси кесилса ҳам ёнига бориб, ўзи назорат қилишга ҳаракат қилаяпти. Экология қўмитасида 12 минга одам ишлайди. Қаттиқ бошқарса бўлади. Энди янги раҳбари ишини яхши бошқарса, 12 минг одам билан яхши ишлар қилса бўлади. Прокуратура назорати бор бу ерда», — деди вазир.

Бундан ташқари, мазкур вазиятда тадбиркор қандай ҳаракат қилиши мумкинлиги ҳақида ҳам фикр билдирилди.

«Муаммо шундан иборатки, дарахтлар кесилмайди, тамом. Дарахт йўқ жойда ўзининг шаҳарсозлик фаолиятини олиб борсин. Агар ҳамма жойи дарахт бўлса, чиройли парк қуриб, уни пулли қилиб, даромад топсин. Мен сизга ҳуқуқшунос сифатида айтаман, бу ерда [тадбиркорнинг] ҳеч қанақа ҳуқуқи поймол бўлмайди. Чунки, мароторий турибди, ҳамма риоя қилиши шарт. Бошқа истисно йўқ. Бу ерда ҳуқуқ бузилмаяпти, бу ерда манфаатлар тўқнашаяпти. Манфаатлар тўқнашаверсин, ҳаммани манфаати бор», — деди Русланбек Давлетов.

«Ҳозир ҳамма қонунни бекор қилиб ташлайлик, ҳамма мазза қилиб, кўчага чиқиб, урра-урра қиламиз, — дея мисол келтирди адлия вазири. — Менга ҳам ёқмайдиган қонунлар кўп. Масалан, мени манфаатларимга зид бўлган қонунлар жуда кўп. Лекин, ҳамма, жамият шу қонунларни қабул қилганидан кейин бизга ёқса, ёқмаса, ўзизга қулай қонунларга риоя қилмайсиз. Биринчи ўринда, ноқулай қонунларга риоя қилиш керак, шунда тартиб бўлади».

Эслатиб ўтамиз, 3 ферваль куни Тошкентнинг Юнусобод туманида Амир Темур ва Чинобод кўчалари чорраҳаси ёнида (харита) жойлашган кўп қаватли уйлар билан автомобиль йўли орасидаги дарахтларга учинчи маротаба суиқасд қилингани ҳақида ёзгандик.

Тадбиркор соат 18:13 да бетон аралаштирувчи машина ва 15 га яқин ишчилар билан келиб, дарахтлар тагини бетонлаб ташлади. Унинг бу ҳаракатлари видеокузатув камераларига тушиб қолган. Аҳоли мурожаатига кўра, «Газета.uz» воқеа жойига етиб бориб, видеорепортаж тайёрлади.

Экологлар аралашуви билан дарахт тагига тўкилган қоришмалар Юнусобод туман ободонлаштириш бошқармаси ходимлари томонидан тозалаб олинди. Воқеа жойига Давлат экология қўмитаси раиси Нарзулло Обломурадов ҳам борди. Экология қўмитаси, Экопатруль ва Миллий гвардия ходимлари ҳамкорлигида мазкур ҳудудда 24 соат назорат ўрнатилиши белгиланди.

Бунга қадар, декабрь ойи ўрталарида 10 тупи номаълум шахслар томонидан ярмигача арралаб кетилган эди. Экологлар ботаника боғи мутахассисларини жалб қилган ҳолда зарарланган дарахтларни сақлаб қолиш учун уларнинг танасидаги жароҳатларни даволаб, ёпишди ва уларни рақамлашди.

Қолаверса, жамоатчилик вакилларининг қаршилигига қарамасдан 10 январга ўтар кечаси ниқобдаги номаълум шахслар 4 туп элдор қарағайини кесиб ташлашди. Агар одамлар арра овозини эшитиб, чиқиб қолмаганида кўпроқ дарахтлар нобуд бўлиши мумкин эди.

Маълумот ўрнида, дарахтларни кесишга уринишлар уларни кесишга доир мораторий этилган даврда содир этилмоқда. Президентнинг 30 декабрдаги фармони билан мораторий муддатсиз даврга узайтирилди. Ўзбекистонда 1 мартдан эса «Яшил йиллик» умуммиллий тадбири бошланади.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳозирга қадар ушбу баҳсли ер участкаси юзасидан изоҳ бермади.