Тошкент шаҳри Юнусобод туманида таг қисми бетонлаб ташланган дарахтлар ҳудудида 24 соат навбатчилик ташкил этиладиган бўлди. Бу ҳақда Давлат экология қўмитаси хабар берди.

4 февраль куни қўмитаси раиси Нарзулло Обломурадов воқеа жойига чиқиб, ҳолат билан яқиндан танишган. Экология, Экопатруль ва Миллий гвардия ходимлари ҳамкорлигида мазкур ҳудудда навбатчилик ташкил этилиб, 24 соат назоратга олиш вазифаси топширилган.

Айни дамда мазкур ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилгани айтилмоқда.


Жамоатчиликнинг кескин норозилигига сабаб бўлган ҳодиса 3 феврал куни рўй берган эди. Юнусобод тумани Амир Темур ва Чинобод кўчалари чорраҳаси (Шаҳристон метро бекати) ёнида жойлашган кўп қаватли уйлар билан автомобиль йўли орасидаги дарахтларга учинчи маротаба суиқасд уюштирилди.

Тадбиркор соат 18:13 да бетон аралаштирувчи машина ва 15 га яқин ишчилар билан келиб, дарахтлар тагини бетонлаб ташлади. Унинг бу ҳаракатлари видеокузатув камераларига тушиб қолган. Аҳоли мурожаатига кўра, «Газета.uz» воқеа жойига етиб бориб, видеорепортаж тайёрлади.

Экологлар аралашуви билан дарахт тагига тўкилган қоришмалар Юнусобод туман ободонлаштириш бошқармаси ходимлари томонидан тозалаб олинганди.