10 январга ўтар кечаси Тошкентнинг Юнусобод туманида ниқобдаги номаълум шахслар 4 туп элдор қарағайини кесиб ташлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар қилди.

Амир Темур ва Чинобод кўчалари чорраҳаси ёнида ўсиб турган 18 туп дарахтнинг 10 тупи декабрь ойи ўрталарида номаълум шахслар томонидан ярмигача арралаб кетилган эди. Уларнинг навбатдаги уриниши одамлар арра овозини эшитиб чиққанидан кейин чала қолди.

Фото: Экология қўмитаси.

Дарахтлар ўсиб турган участка электрон аукционда доимий фойдаланиш ҳуқуқини қўлга киритган тадбиркорга пойтахт ҳокимлиги томонидан бириктирилган.

«Газета.uz»даги маълумотларга кўра, аукцион 2020 йилнинг ёзида бўлиб ўтган. Бошланғич баҳоси 168 млн сўмни ташкил этган ер якунда қарийб 1 млрд сўмга сотилган. Ер участкасининг майдони 115 кв м. бўлиб, ҳужжатларда офис биноси ва новвойхона қуриш учун тақдим этилгани кўрсатилган.

Архив сурати: «Газета.uz».

Участкага туташ кўп қаватли уйлар аҳолиси қурилишга қарши чиқди. Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси дарахтларни кўчириб ўтказишни рад этди.

Архив сурати: «Газета.uz».

Кечаси 10 туп дарахт кесилгач, экологлар ботаника боғи мутахассисларини жалб қилган ҳолда зарарланган дарахтларни сақлаб қолиш учун агротехник тадбирларни амалга оширди. Қарағай дарахтлари танасидаги жароҳатлар даволанди ва ёпилди, дарахтлар рақамланди. Шов-шувларга қарамай, дарахтларга иккинчи марта суиқасд уюштирилди. Фотосуратларга қараганда, баъзи дарахтларни кесишга улгуришмаган.

Фото: Экология қўмитаси.

Экология давлат қўмитаси маълумотларига кўра, учаскага ҳуқуқ эгаси тадбиркор Ж.Г. ҳуқуқ-тартибот органларига экологлар устидан ариза билан мурожаат қилган. Унда айтилишича, дарахтларни кўчириб ўтқазишдан бош тортиш унинг ҳуқуқларини бузади. Суд унинг шикоятини қаноатлантиришни рад этди.

Мазкур участкадаги қонунбузилиш ҳолатларини ўрганиш бўйича тузилган махсус ишчи гуруҳи томонидан тўпланган маълумотлар билан бирга ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун Юнусобод туман прокуратурасига тақдим этилди. Ички ишлар органлари билан ҳамкорликда дарахтларга зарар етказган шахсларнинг шахсини аниқлаш чоралари кўрилмоқда, дейилади хабарда.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, декабрда арралаб кетилган ҳолат юзасидан жиноят иши очилди.

«Юнусобод туманида 10 дона қарағай арралаб кетилганлиги ҳолати юзасидан Жиноят кодексининг 198-моддаси 3-қисми (Экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган», — дейилади хабарда.

Фото: Экология қўмитаси.

Шу куни тунда ҳодиса жойига Экоқўм раиси ўринбосари Жусипбек Казбеков бошчилигидаги қўмита вакиллари ташриф буюрди.

Қўмита баёнотида қайд этилишича, ўрмон фондига кирмайдиган дарахтларнинг кесилишига жорий этилган мораторий муддатсиз даврга узайтирилган вақтда юз берган бу ҳолатни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Қўмита раҳбарияти ҳуқуқбузарларга нисбатан тез кунда қатъий чоралар кўрилишини изчил назорат қилади.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг 30 декабрдаги фармони билан давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар вабуталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторий муддатсиз даврга узайтирилди. Жарималар беш бараварга, табиатга етказилган зарар миқдори эса икки бараварга оширилди. Қолаверса, дарахтларни ҳар қандай ҳолатда кесиш ёки йўқ қилиш тўғрисида ҳукумат фармойишлари ва ҳокимлар қарорларини қабул қилиш тақиқланди.