«Ўзметкомбинат»нинг Мирзо Улуғбек тумани, Шаҳриобод кўчаси, 53-уй манзилидаги бўш турган бино-иншоотлари бўйича савдоларида Golden House Development компанияси ғолиб бўлди. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

Давлат тендер комиссиясининг қарорига кўра, компания Мирзо Улуғбек туманидаги темир сақлаш ва юклаш омбори учун 74 млрд сўм таклиф қилган.

Савдо ғолиби томонидан ҳудуднинг шаҳарсозлик меъёрларидан келиб чиқиб, маиший хизмат, спорт ва ижтимоий (таълим, соғлиқни сақлаш) хизматлар, кўнгилочар ва дам олиш марказлари, турар-жой мажмуалари ва умуман, ўзига хос инфратузилмага эга замонавий комплекс ташкил этиши кўзда тутилган.

Spot нашрининг ёзишича, темир сақлаш ва жўнатиш омбори 2021 йил ноябрь ойида бир қанча активлар билан бирга кимошди савдосига қўйилган. Ёзда президент фармони билан омборни хусусийлаштириш белгиланганди.

Шунингдек, тендер комиссияси Чорвоқ шаҳридаги «Чорвоқ оромгоҳи» дам олиш маскани ва «Чотқол оромгоҳи» бино-иншоотлари бўйича савдо жараёнининг биринчи босқичи якунланиб, иккинчи босқичига ўтган иштирокчилар рўйхатини тасдиқлади. Ушбу объектлар бўйича таклифлар 8 февралгача қабул қилинади.

Ушбу ҳудудлар билан биргаликда Матбуот уйи ҳам сотувга қўйилганди. Ўшанда бинонинг бошланғич нархи 18,7 млрд сўм этиб белгиланганди. Шундан кейин ушбу жой президент номидан ким ошди савдосидан четлаштирилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўзининг 2021 йил 30 июлдаги фармони билан шу йили сентябрдан савдога чиқариладиган давлат активлари рўйхатини тасдиқлаганди. Рўйхатдан 12 та объект ўрин олган эди. Рўйхатдаги 11 объект йил бошида хусусийлаштиришга тақдим этилган эди. Ўшанда объектлар апрелда сотувга қўйилган, бироқ улардан фақат иккитаси — собиқ газета ишлаб чиқариш биноси ва «Ичан Қалъа» меҳмонхонасини сотишга муваффақ бўлинган.