Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўзининг 30 июлдаги фармони билан сентярдан савдога чиқариладиган давлат активлари рўйхатини тасдиқлади.

Рўйхатдан 12 та объект ўрин олган:

  • «Тошкент» меҳмонхонаси (Lotte City Hotel Tashkent Palace);
  • Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонаси;
  • Premier Hall кинозали;
  • Матбуот уйи маъмурий бино («Газета корпуси»);
  • «Чотқол» дам олиш зонаси бино ва иншоотлари;
  • «Алгоритм» собиқ заводининг ишлаб чиқариш бинолари;
  • Собиқ «Марказ улгуржи савдо инвест» бино ва иншоотлари;
  • «Сергели» кичик саноат зонаси бино ва иншоотлари;
  • «Бектемир» кичик саноат зонаси бино ва иншоотлари;
  • «Ўзметкомбинат» темир сақлаш ва юклаш омбори;
  • Тошкент вилояти Зангиота туманидаги парранда фабрикаси;
  • Тошкент ИИББ собиқ кинология марказининг бўш биноси.

Кўрсатиб ўтилган объектлар Тошкент ва Тошкент вилоятида жойлашган бўлиб, банклар, ҳокимликлар, давлат органлари ва компаниялари балансида туради.

Рўйхатдаги биринчи 11 объект йил бошида хусусийлаштиришга тақдим этилган эди. Ўшанда объектлар апрелда сотувга қўйилган, бироқ улардан фақат иккитаси — собиқ газета ишлаб чиқариш биноси ва «Ичан Қалъа» меҳмонхонасини сотишга муваффақ бўлинди.

«Газета.uz» уларнинг айримлари ҳақида хабар берган эди. Хусусан, Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонасини The Abu Dhabi Uzbek Fund инвестиция жамғармасининг 110 млн долларлик маблағлари ҳисобидан хусусийлаштириш режалаштирилган эди.

Давлат активларини бошқариш агентлиги раҳбари Акмалхон Ортиқовнинг маълум қилишича, 2021 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон давлат активларини хусусийлаштиришдан 105 млн доллар даромад кўрди. Унинг қайд этишича, жорий йилда 900 та объект сотувга қўйилган бўлиб, йил охирига қадар 600 млн доллар даромад кўриш кутилмоқда.