Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги «Митинг, йиғилиш ва намойишлар тўғрисида"ги қонун лойиҳаси юзасидан расмий баёнот берди.
Баёнотда қайд этилишича, қонунни қабул қилишдан асосий мақсад, фуқароларнинг ўз ижтимоий фаолликларини митинг, йиғилиш ва намойишлар кўринишида амалга оширишга қаратилган конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, шунингдек уларнинг ушбу соҳадаги ҳуқуқий саводхонлигини оширишдан иборат.
ИИВ матбуот хизмати амалдаги қонунчилигида йиғилиш, митинг ва намойишлар тушунчалари, уларни ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмаслигини таъкидлаб ўтди.
«Мазкур ҳуқуқий бўшлиқ ҳанузгача, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 33-моддасида кўрсатилган қоидаларни тўлиқ рўёбга чиқаришга имкон бермасдан келмоқда», — дейилади баёнотда.
«Этот правовой пробел до сих пор не позволяет в полной мере реализовать положения, указанные в статье 33 Конституции Республики Узбекистан», — говорится в заявлении.
Конституциянинг 33-моддаси:
Фуқаролар ўз ижтимоий фаолликларини Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ митинглар, йиғилишлар ва намойишлар шаклида амалга ошириш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳокимият органлари фақат хавфсизлик нуқтаи назаридангина бундай тадбирлар ўтказилишини тўхтатиш ёки тақиқлаш ҳуқуқига эга.
ИИВ Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти қошидаги Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг 2019 йил 22 декабрда мамлакатимизда ўтказилган парламент сайловлари бўйича якуний ҳисоботидаги камчилик сифатида ҳам республикамизда фуқароларнинг ижтимоий фаолликларини тартибга солувчи бирорта норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмаслиги кўрсатилганини эслатиб ўтди.
Вазирлик қонуни лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилгандан сўнг, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг, ушбу қонунни қабул қилиш зарурати Белорусияда ўтказилаётган оммавий норозилик намойишларидан сўнг вужудга келганлиги тўғрисидаги фикрларни рад этди. Аввал хабар қилганимиздек, митинглар тўғрисидаги қонуннинг биринчи лойиҳаси ўтган йил июнь ойида муҳокама учун тақдим этилган эди.