Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида «Митинг, йиғилиш ва намойишлар тўғрисидаги» Ўзбекистон қонуни лойиҳаси эълон қилинди. Қонун лойиҳаси ИИВ томонидан ишлаб чиқилган.

Лойиҳага кўра, митинг, йиғилиш ва намойишларни ҳафтанинг иш кунлари соат кундузи 10:00дан 18:00гача вақт оралиғида ўтказишга рухсат берилади. Бир жойда ва бир вақтнинг ўзида бир объект ёнида икки ёки ундан ортиқ митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказишга рухсат берилмайди.

Қонун билан митинг, йиғилиш ва намойишлар давомийлиги икки соатдан ошмаслиги белгиланади.

Митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказишга рухсатнома олиш

Митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказишга рухсат олиш учун ариза ташкилотчи ёки уларнинг вакиллари томонидан маҳаллий ижро этувчи хокимият органларига ёзма ёки электрон шаклда, митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказишигача ўн беш иш кунидан кам бўлмаган муддатда тақдим этилиши лозим.

Аризага митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказиш регламенти илова қилинади, унда қуйидагилар кўрсатилиши лозим:

  • ижтимоий фаолликнинг шакли (митинг, йиғилиш ва намойишлар, шу жумладан кўча юриши, пикет ўтказиш ва флешмоб);
  • мақсади;
  • ўтказиладиган жой (жойлар), иштирокчиларнинг ҳаракатланиш йўналишлари;
  • бошланиш ва тугалланиш санаси ва вақти;
  • иштирокчиларининг тахминий сони;
  • фойдаланиладиган тарғибот материалларининг рўйхати, шунингдек, товушни кучайтирувчи техник қурилмалар;
  • ташкилотчи (ташкилотчилар) ёки уларнинг вакили (вакиллари)нинг фамилияси, исми, шарифи, шунингдек, у/уларнинг яшаш манзили ёки турар жойи, телефон рақами тўғрисидаги маълумотлар;
  • ташкил қилиш ва ўтказишни молиялаштириш манбалари.

Митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказишга рухсат олиш учун берилган мурожаатнинг қонун талабларига мувофиқлиги маҳаллий ижро этувчи хокимият органлари томонидан ўн иш куни давомида кўриб чиқилади.

Тақиқ ва чекловлар

Митинг, йиғилиш ва намойишларни ташкил этиш ва ўтказиш давомида қуйидагилар тақиқланади:

  • уларни конституцион тузумни тажовузкорлик йўли билан ағдариш, миллий, ирқий ёки диний адоватни қўзғаш, зўравонлик ва урушни тарғиб қилиш мақсадида ўтказиш;
  • давлат органлари ва ташкилотлар, корхона ва муассасаларнинг иш фаолиятига тўсқинлик қилиш;
  • шахснинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ёлғон маълумотларни қасддан тарқатиш;
  • митинг, йиғилиш ва намойиш ўтказиладиган ҳудудда транспорт воситаларидан фойдаланиш;
  • ниқоб ва улар шахсини визуал аниқлашни қийинлаштирувчи ва бошқа воситалардан фойдаланиш, шунингдек инсон ҳаётига тахдид солиши ва соғлиғига шикаст етказиши ҳамда атроф муҳитга салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатувчи қурилмалар ва бошқалардан фойдаланиш;
  • алкоголь ичимликлар, гиёҳванд моддалар ёки бошқа моддалар таъсири остидаги маст ҳолатда уларда иштирок этиш, шунингдек спиртли ичимликлар, психотроп ва инсон иродаси ва ақлий фаолиятига таъсир кўрсатувчи бошқа моддаларни истеъмол қилиш.

Қуйидаги ҳолатларда митинг, йиғилиш ва намойишларни ўтказиш тақиқланади:

  • Президент, Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари депутатлигига сайловлар бошланишидан бир кун аввал ва сайлов куни сайлов участкаси ёпилгунга қадар;
  • референдум ўтказилишидан бир кун олдин ва сайлов участкаси ёпилгунга қадар;
  • Президент ва Ҳукуматнинг алоҳида қарорлари асосида ўтказилаётган муҳим давлат аҳамиятига молик халқаро тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш давомида, улар ўтказиладиган шаҳар ва туманлар ҳудудларида.

Хорижий давлатлар, халқаро, хорижий ноҳукумат ва нотижорат ташкилотлар томонидан, ёки уларнинг топшириғига асосан бошқа шахслар томонидан митинг, йиғилиш ва намойишларни ташкил этиш ва ўтказиш учун молиялаштириш ва мулк тақдим этишга рухсат берилмайди. Фуқароларни моддий рағбатлантириш эвазига митинг, йиғилиш ва намойишларга жалб қилиш тақиқланади.

Ташкилотчиларга қўйиладиган талаблар

Лойиҳага мувофиқ, тўлиқ масъулиятни зиммасига оладиган 18 ёшга тўлган бир ёки бир неча Ўзбекистон фуқаролари, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари митинг, йиғилиш ва намойишлар ташкилотчиси бўлиши мумкин. У намойишлар давомида товушнинг баландлик даражаси қонунга мувофиқ бўлган, товушни кучайтирувчи техника воситаларидан фойдаланиши мумкин.

Ташкилотчи ўзини фарқловчи белги тақиши керак.

Қонун ташкилотчилик қила олмайдиганлар рўйхатини ҳам белгилайди. Уларга суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар, чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар, мамлакат ҳудудида фаолияти тугатилган НТТ аъзолари ёки раҳбарлари, судланган, озодликдан маҳрум этилганлар сақланадиган жойда ва пробация хизмати назоратида бўлган шахслар ва бошқалар киради.

Иштирокчилар

Ўн олти ёшга тўлган Ўзбекистон фуқаролари митинг, йиғилиш ва намойишлар иштирокчилари бўлиши мумкин.

Иштирокчилар намойишлар мақсадларига мувофиқ бошқа жамоат ҳаракатларининг қарорларини муҳокама қилишда ва уларни қабул қилишда иштирок этишлари, фуқароларнинг талабларини ва бошқа мурожаатларини қабул қилиш ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига, давлат органларига ва ташкилотларга юборишлари мумкин.

Намойишларни ўтказиш жойи ва вақтига қўйиладиган талаблар

Митинг, йиғилиш ва намойишларни маҳаллий ижро этувчи хокимият органлари томонидан махсус ажратилган жойларда ўтказиш мумкин бўлади.

Хавфсизликни таъминлаш мақсадида, қуйидаги объектлар ва ҳудудлардан 300 метргача масофада митинг, йиғилиш ва намойишлар учун, шунингдек, иштирокчиларнинг ҳаракатланиш йўналиши учун жой ажратиш тақиқланади:

  • давлат хокимияти ва бошқарув органларининг маъмурий бинолари, маҳаллий ижро этувчи хокимият органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, ҳарбийлаштирилган, ўта муҳим ва тоифаланган объектлар;
  • чет эл дипломатик ваколатхоналар ва халқаро ташкилотлар бинолари;
  • судлар ва жазони ижро этиш муассасалари бинолари;
  • ҳаво, темир йўл, сув ва автомобиль транспорти тизимига тегишли бинолар, иншоотлар ва ҳудудлар;
  • чегара зоналарига ва қўриқлашнинг алоҳида турларига тегишли ҳудудлар;
  • ижтимоий объектлар жойлашган бино ва ҳудудлар (таълим, тиббиёт, болалар муассасалари ва бошқа муассасалар;
  • дафн этиш жойлари ва диний ташкилотлар жойлашган жойлар;
  • оммавий ахборот воситалари жойлашган бинолар;
  • тарихий ва маданий ёдгорликлар;
  • хусусий мулк объектларига тааллуқли бўлган бино ва ҳудудлар.

Бевосита тарихий ва маданий ёдгорликлар ҳисобланган объектлар жойлашган ҳудудларда митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказиш учун жой ажратишда, Маданият вазирлиги билан мажбурий тартибда келишилган ҳолда рухсат берилади.

Митинг, йиғилиш ва намойишлар қонун талабларига номувофиқ ташкил этилган вазиятда, уларни тўхтатиб туриш учун қуйидагилар асос бўла олади:

  • митинг, йиғилиш ва намойишлар ўтказиш вақтида иштирокчилар томонидан жамоат тартибининг бузилиши ҳолатлари;
  • шахсларнинг соғлигига, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилинишига таҳдид соладиган ҳолатлар;
  • Регламентга амал қилмаслик.

Ташкилотчи ва иштирокчилар томонидан ноқонуний ҳаракатлар содир этилиши ва мазкур қонун талабларининг қасддан бузилиши, ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш тўғрисидаги талабларни бажармаслик, жамоат хавфсизлиги, шунингдек жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкига ҳақиқий таҳдидни юзага келтирувчи ҳолатлар ва бошқа фавқулодда вазиятлар юзага келса ушбу тадбирлар тугатилади.

Ушбу Қонун сиёсий партиялар ва бошқа диний ташкилотлар томонидан йиғилиш ва бошқа тадбирларни ташкил этиш ва ўтказилишида юзага келадиган муносабатларга нисбатан татбиқ этилмайди. Оммавий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби Ўзбекистон қонунчилиги билан белгиланади.

Вазирлик ушбу қонун лойиҳасини тайёрлашда Россия, АҚШ, Қозоғистон, Туркманистон, Германия, Франция, Эстония ва Озарбайжон давлатларининг тажрибаларини ўрганган.

Қонун лойиҳасининг муҳокамаси 2 сентябргача давом этади.