Ўзбекистонда илк бор митинглар, йиғинлар ва намойишлар тўғрисидаги қонун қабул қилиниши мумкин. Ички ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун (рус тилида) эълон қилинди. Муҳокамалар 27 июнгача давом этади.

Қонун сиёсий партиялар, жамоат ва диний ташкилотлар томонидан ўтказилувчи митинглар, йиғин ва намойишларга тааллуқли эмас.

Лойиҳага мувофиқ, митинг, йиғин ва намойишлар очиқ, ошкора ва тинч асосда ўтказилиши, унда иштирок этиш ихтиёрий бўлиши лозим. Ушбу тадбирларда конституцион тузимни ағдариш, миллий, ирқий ёки диний адоватни қўзғаш, зўравонлик ва урушни тарғиб қилиш, шунингдек давлат органларини таҳқирлаш тақиқланади.

Митинг, йиғиш ва намойишларни 18 ёшга тўлган бир ёки бир неча Ўзбекистон фуқаролари ташкил этишлари мумкин. Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилмаган ёки наркологик муассасалар рўйхатига турмайдиган, озодликдан маҳрум этилмаган шахслар, чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар ташкилотчилик қила олмайди.

Митинг, йиғиш ва намойишларда фақатгина 18 ёшга тўлган Ўзбекистон фуқаролари иштирок эта олади.

Митинг, йиғиш ва намойишлар вақтида иштирокчилар жамоат тартиби ва тадбир регалментига (вақтига) риоя этишлари, маҳаллий ҳокимият ва ҳуқуқ-тартибот органлари вакилларининг қонуний талабларини бажаришлари, ниқоб ва бошқа улар шахсини визуал аниқлашни қийинлаштирувчи воситалардан фойдаланмасликлари шарт.

Митинг, йиғиш ва намойишлар ўтказиш учун мажбурий тартибда рухсат олиш лозим. Ариза жойлардаги ижро ҳокимияти органига ёзма ёки электрон шаклда ижтимоий фаоллик ўтказилишигача 30 иш кунидан кам бўлмаган муддатда тақдим этилиши лозим.

Митинг, йиғиш ва намойишлар фақатгина ижро ҳокимияти органи томонидан ажратилган махсус жойларда ўтказилади. Маъмурий бинолар, чет эл элчихоналари ва халқаро ташкилотлар биносига 500 метр масофада митинг, йиғиш ва намойишлар учун жой ажратиш тақиқланади.

Қонун лойиҳасида митинг, йиғиш ва намойишларни ҳафтанинг иш кунлари соат 10:00 дан 17:00 гача вақт оралиғида ўтказиш кўзда тутилган. Шунингдек, режалаштирилган ижтимоий фаоллик ўтказилишига уч кун қолгандан фуқаролар ўртасида, жумладан ОАВ, озғаки чақириқ ва эълонлардан фойдаланган ҳолда дастлабки ташвиқотларни ўтказишга рухсат берилади.