Латвия коронавирус сабабли фавқулодда ҳолат режимини мартгача узайтиради

Латвия ҳукумати коронавирус сабабли жорий этилган фавқулодда ҳолатни 28 февралгача узайтиради, деди бош вазир Кришянис Каринс. Мамлакат ҳукумати бу қарорни 6 январь, пайшанба кунги йиғилишда расман тасдиқлаши керак. Бу ҳақда Коммерсантъ нашри хабар берди.

Латвия бош вазирининг аниқлик киритишича, мамлакат коронавирусга тест синовлари тезлигини ошириш, шунингдек, ниқоб кийиш талабларини кучайтириш ва коронавирус сертификатларининг амал қилиш муддатини узайтиришни режалаштирмоқда. «Вакцинация телефонни қувватлантиришга ўхшайди: батарея вақт ўтиши билан ўтириб қолади. Вакциналар ҳам шундай — улар оғир касаллик ва ўлимдан ҳимоя қилади, аммо вақт ўтиши билан уларнинг самарадорлиги пасаяди, шунинг учун сиз „эмлаш батареясини“ қувватлашингиз керак. Буни бустер дозалар ёрдамида амалга ошириш мумкин», — дея тушунтирди у.


Буюк Британия, Греция, Италия, Франция ва Швейцарияда кунлик COVID-19 ҳолатлари сони бўйича рекордлар янгиланди

Охирги сутка давомида Европа мамлакатларида коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони яна рекордларни янгилади. Беморлар сонининг кунлик максимал миқдори бешта давлатда — Буюк Британия, Греция, Италия, Франция ва Швейцарияда ўрнатилди.

  • Буюк Британия ҳукумати сайтидаги статистик маълумотларга кўра, мамлакатда ўтган кун давомида 218 724 киши COVID-19 билан касалланган. Вирус билан касалланганлар сони 13,7 миллиондан ошди, вафот этганлар эса 149 минг нафарни ташкил этди.
  • Грецияда cўнгги суткада 50 126 киши касалланган, 61 киши вафот этган. Греция Миллий соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоботига кўра, мамлакатда касалланганларнинг умумий сони 1,2 миллиондан ошди, ўлим сони эса 20 мингдан ортиқ.
  • Италияда бир суткада 170 844 та коронавирусга чалиниш ҳолати қайд этилган, 259 киши вафот этган. Мамлакатда касалланганлар сони 6,5 миллиондан ошди, вафот этганлар сони 138 минг кишидан ошди.
  • Францияда ўтган кун давомида 271 686 кишида коронавирус аниқланди. Мамлакатда касалланганларнинг умумий сони 10,4 миллиондан ошди, вафот этганлар — 125 минг киши.
  • Швейцарияда кунига 20 742 та COVID-19 ҳолати қайд этилган, 15 киши вафот этган. Мамлакатда касалланганлар сони 1,3 миллион кишидан, вафот этганлар эса 12 минг кишидан ошди — Коммерсантъ.

АҚШда қор бўрони туфайли беш киши ҳалок бўлди

Қўшма Штатлардаги ноқулай об-ҳаво Вашингтонда, шунингдек, қўшни Мериленд ва Виржиния штатларида электр энергиясининг катта узилишларига олиб келди. USA Today хабарига кўра, қор бўрони беш кишининг ҳаётига зомин бўлган.

«Душанба куни Атлантика океанининг жанубий ва марказий қирғоқларида содир бўлган кучли қор бўрони 850 мингдан ортиқ ҳолатда электр таъминотида узилишларга, ҳукумат ишини тўхтатишига ва беш кишининг ўлимига сабаб бўлди», — дейилади хабарда.

Мериленд штатидаги автоҳалокатда уч киши ҳалок бўлган. Қурбонлар орасида болалар ҳам бор. Хусусан, Теннесси штатида етти ёшли қизчанинг устига дарахт қулаб тушди. Жоржия штатида беш ёшли бола уйига дарахт қулаши оқибатида вафот этди.


Қозоғистондаги сўнгги вазият

  • Қосим-Жомарт Тоқаев мамлакатда давом этаётган норозилик намойишлари ортидан Олмаота шаҳри ва Мангистау вилоятида икки ҳафталик фавқулодда ҳолат жорий қилди.
  • Тоқаев яна қатор фармонларга ҳам имзо чекди. Улардан бири билан ҳукуматнинг истеъфоси қабул қилинди. Бош вазир вазифаларини бажариш бош вазирнинг биринчи ўринбосари Алихан Смаиловга юклатилди.
  • Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев мамлакат Хавфсизлик кенгаши раислик қилишни бошлади. Бунгача Нурсултон Назарбоев ушбу лавозимга бир умрга тайинланган эди.
  • Бугун кун давомида намойишчилар Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаевнинг Олмаотадаги қароргоҳини эгаллаб олди.
  • Шунингдек, намойишчилар Олмаота шаҳри маъмурияти биносига бостириб кириб, бинога ўт қўйди.
  • «Олмаота ҳокимлиги ходимлари ҳавфсиз. Давлат ҳизматчилари фавқулодда вазиятда ўз хизматларини бажармода. Шаҳарда коммунал хизматлар муаммосиз ишламоқда. Иссиқлик, газ, электр таъминоти таъминланган», — дея қайд этди шаҳар ҳокими ўринбосари Эржан Бабакумаров. У ҳокимиятга килинган ҳужумни «радикализмнинг намоён бўлиши» деб атади.
  • Интернет ишлашини таҳлил қилувчи NetBlocks ташкилоти маълумотларига кўра, бутун Қозоғистонда интернетнинг узилиши қайд этилди.
  • Бундан ташқари, Ақтўбе ҳокимияти биноси яқинида портлаш кузатилган, айрим манбаларда яраланганлар борлиги айтилмоқда.
  • Олмаотадаги намойишлар пайтида 500 га яқин киши калтаклангани айтилди.