Буюк Британия ташқи ишлар вазири ва собиқ бош вазири Дэвид Кэмерон Марказий Осиё бўйлаб турнеси доирасида 23 апрель куни Ўзбекистонда бўлади. Сафардан кўзланган мақсад минтақадаги иқтисодиёт, таълим ҳамда мустақилликни қўллаб-қувватлашдан иборат.

Британия элчихонасидан маълум қилишларича, «Ўзбекистонга Буюк Британия ташқи ишлар вазири охирги марта 1997 йил февралида ташриф буюрган ва у Малкольм Рифкинд эди». Ташриф баҳона «Газета.uz» Ўзбекистон-Британия муносабатларининг айрим саҳифаларини ўрганди.

Ташқи ишлар вазири Малкольм Рифкинд ташрифи

Буюк Британиянинг Тошкентдаги элчихонаси «ташқи ишлар вазиримиз сўнгги бор Ўзбекистонда 1997 йил февралида бўлган» деб маълумот берганига қарамай, бахтга қарши, ўша давр вақтли матбуотидан буни тасдиқловчи маълумотлар топилмади. Тўғри, Британия парламент қўмитаси томонидан 1999 йил июнида тайёрланган маълумотномада ҳам Малкольм Рифкинд 1997 йил февралида Ўзбекистонда бўлгани таъкидланса-да, аммо парламентнинг бошқа бир ҳисоботида Рифкинд ташқи ишлар ва Ҳамдўстлик ишлари вазири мақомида Ўзбекистонга фақат бир марта — 1996 йил январида ташриф буюргани кўрсатилган. Бу ташриф ўзбек матбуоти томонидан ҳам нисбатан батафсил ёритилган.

«Халқ сўзи» газетасининг 1996 йил 4 январь сонидан«Халқ сўзи» газетасининг 1996 йил 4 январь сонидан

Малкольм Рифкинд 1996 йил 5−6 январь кунлари Ўзбекистонда бўлган. Ташриф арафасида матбуотда Буюк Британия ташқи ишлар вазирининг ЎзАга берган интервью эълон қилинган. Унда вазир ушбу лавозимга тайинланганидан кўп ўтмай Ўзбекистонга келиш имкониятига эга бўлганидан мамнунлигини таъкидлаб, янги йилда Ўзбекистон халқига ҳам, Британия халқи ҳам тинчлик, сиҳат-саломатлик ва равнақ тилаган.

«Халқ сўзи» газетасининг 1996 йил 6 январь сонидан«Халқ сўзи» газетасининг 1996 йил 6 январь сонидан

5 январь куни Рифкинд президент Ислом Каримов қабулида бўлган. Ўзбекистон раҳбари «икки мамлакат ўртасидаги алоқалар ривожланиб бораётганидан мамнуният изҳор қилар экан, бу борада Буюк Британия ишбилармон доиралари, хусусан, Ўзбекистон бозорида муваффақиятли фаолият бошлаган Barclays Bank, Rothschild & Sons каби банклар, BAT Industries ва бошқа компаниялар вакиллари муносиб ҳисса қўшаётганини таъкидлаган.

«Халқ сўзи» газетасининг 1996 йил 6 январь сонидан«Халқ сўзи» газетасининг 1996 йил 6 январь сонидан

«Жаноб Малкольм Рифкинд самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Буюк Британия Ўзбекистон билан алоқаларни тараққий эттиришга алоҳида эътибор бераётганини айтди», — дейилади ЎзАнинг газеталарда эълон қилинган ахборотида. Шу куни британиялик амалдор Вазирлар Маҳкамасида Ўзбекистон бош вазири Ўткир Султонов билан, ТИВда эса ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан ҳам музокаралар ўтказган. Шунингдек, «Ўзгидромет» ва Британия элчихонасида ташкил этилган тадбирларда қатнашган.

Рифкинд ташрифнинг иккинчи куни — 6 январь, шанбада нималар қилгани ҳақида ўзбек матбуотида қайдлар йўқ. Бунинг сабаби эса жуда жўн — бу вақтда Ўзбекистонда якшанба куни чиқадиган газеталар йўқ эди, душанба сони бор «Тошкент оқшоми»ни ҳисобга олмаса, барча «кундалик газета»лар учун ҳафта сешанбадан бошланарди.

Қироллик оиласи аъзолари ташрифлари

Ўзбекистонга дастлаб Буюк Британия қироличаси Елизаветта Иккинчининг қизи малика Анна меҳмон бўлиб келган. 1993 йил 16 июль куни уни Тошкентда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Содиқ Сафоев кутиб олган. Эртасига малика турмуш ўртоғи билан бирга Ўзбекистон президенти қабулида бўлган.

«Халқ сўзи» газетасининг 1993 йил 20 июль сонидан«Халқ сўзи» газетасининг 1993 йил 20 июль сонидан

«Малика Анна Англия ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар фақатгина иқтисодий ва савдо-сотиқ соҳаси билан чекланиб қолмасдан, илм-фан, маданият, соғлиқни сақлаш, атроф муҳитни соғломлаштириш, болаларни ҳимоя қилиш, каби соҳаларни ҳам қамраб олиши лозимлиги тўғрисидаги Ўзбекистон президентининг таклифини қўллаб-қувватлади. Бу таклифларни амалга оширишда шахсан ёрдам беришга тайёр эканини маълум қилди», — дейилади ЎзА ахборотида.

Малика Анна 17 июль куни Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қўйган, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли Қурбонов номли болалар руҳий-асаб касалхонасида, Паркентдаги «Физика-Қуёш» илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасида, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида бўлган. 18 июль куни эса Самарқандни айланиб, 19 июль куни Лондонга жўнаб кетган.

Орадан уч йил ўтиб малика Аннанинг акаси — шаҳзода Чарльз Ўзбекистонга меҳмон бўлиб келган. Унинг ташрифи 1996 йил 9 ноябрь куни бошланган. У Британиянинг Тошкентдаги элчихонасида уюштирилган Иккинчи Жаҳон урушида ҳалок бўлган аскарларни хотирлаш маросимида қатнашган, Самарқанд ва Бухорони зиёрат қилган. 11 ноябрь куни Британиянинг бўлажак қиролини Ўзбекистон президенти Ислом Каримов қабул қилган.

«Президент Ислом Каримов шаҳзоданинг Ўзбекистонга ташрифи катта воқеа бўлганини, бу сафар мамлакатимизга, халқимизнинг бой тарихи ва маданиятига эътибор нишонаси эканини таъкидлади. Шаҳзода Чарльз ҳазрати олийлари Ўзбекистон бўйлаб, жумладан, унинг ажойиб гўшалари бўлган Самарқанд ва Бухорога сафари катта таассурот қолдирганини таъкидлади. Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашни ёқлаб фикр билдирди», — дейилади ЎзА ахборотида.

Шаҳзода 12 ноябрь куни «Ўзгидромет» ва Темурийлар тарихи давлат музейида бўлган, Буюк Британия элчихонаси ва British Council’нинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари очилишларида қатнашган.

Бошқа вазир ва амалдорларнинг ташрифлари

1993 йил 15 октябрь куни Буюк Британиянинг ташқи ишлар ва Ҳамдўстлик ишлари бўйича давлат вазири (ташқи ишлар вазири ўринбосари) Даглас Хогг президент Ислом Каримов қабулида бўлган. Шу куннинг ўзида Вазирлар Маҳкамасида бош вазир Ўткир Султонов билан учрашган. ЎзА ахборотига кўра, ушбу учрашувда меҳмон: «Биз мамлакатингиз раҳбари Ислом Каримовнинг Буюк Британияга сафарини орзиқиб кутяпмиз», деб айтган. Хогг Ўзбекистон парламенти ва Ташқи ишлар вазирлигида ҳам учрашувлар ўтказган.

Умуман, Британия ташқи ишлар вазирининг бир қатор ўринбосарлари Ўзбекистонда бўлган. Хусусан, 2013 йил июни ва 2014 йил апрелида Буюк Британия ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари баронесса Саида Варсий (у, бундан ташқари, 2012 йил апрелида ҳам портфелсиз вазир сифатида келиб кетган), 2016 йил апрелида ташқи ишлар вазири Тобиас Эллвуд, 2016 йил декабри ва 2019 йил апрелида ташқи ишлар вазири ўринбосари сэр Алан Дункан ташриф буюрган. Улардан фақат сэр Дункан Ўзбекистон президентида қабулида бўлган.

«Народное слово» газетасининг 2012 йил 29 февраль сонидан«Народное слово» газетасининг 2012 йил 29 февраль сонидан

2012 йил февралида Буюк Британия мудофаа вазири Филипп Ҳаммонд (президент Каримов томонидан қабул қилинган), 2022 йил июнида Буюк Британия савдо вазири Майк Фрир, қуролли кучлари ишлари бўйича кичик вазир 2021 йил сентябрида Жеймс Хиппи, 2023 йил августида «экспорт вазири» мақомидаги парламент аъзоси Малкольм Оффорд ҳам Ўзбекистонда бўлган. Ўзбекистонга келиб кетган Британия парламенти аъзолари — алоҳида, бошқа бир материал мавзусидир.

Борис Жонсон. Фото: Wikimedia / Pippa Fowles / No 10 Downing Street.Борис Жонсон. Фото: Wikimedia / Pippa Fowles / No 10 Downing Street.

Қўшимча ўрнида: Аввалроқ «Би-Би-Си Ўзбек хизмати» ўз вақтида Лондон мэри, Британия ташқи ишлар ва бош вазири лавозимларида ишлаган Борис Жонсон билан 2005 йилда бўлган суҳбатни эълон қилганди. 2005 йил кузида, ўша вақтда Британия парламенти аъзоси бўлган Жонсон, таътилни оиласи билан бирга Ўзбекистонда ўтказган. У журналист Ибрат Сафо билан суҳбат давомида шундай деган: «Таътилимиз ажойиб ўтди. Ўзбекистонга боришни барчага тавсия қиламан».