Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев давом этаётган намойишлар фонида Олмаота шаҳри ва Мангистау вилоятида фавқулодда ҳолат жорий этиш тўғрисидаги фармонларни имзолади. У икки ҳафта — 5 январдан 19 январгача давом этади.

«Вазият кескинлашуви муносабати билан жамоат хавфсизлигини таъминлаш, қонунийлик ва тартибни тиклаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш мақсадида давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Мангистау вилояти ва Олмаота шаҳрида 2022 йил 5 январь куни соат 1:30 дан 19 январь 00:00 га қадар фавқулодда ҳолат жорий этиш тўғрисидаги фармонларни имзолади», — дейилади мамлакат етакчиси сайтида.

Бундан ташқари, Олмаота ва Мангистауда соат 23:00 дан 7:00 га қадар комендантлик соати жорий қилинмоқда. Фавқулодда ҳолат вақтида шунингдек, кириш ва чиқиш, қолаверса, ҳаракатланишга чекловлар қўйилади ва ҳужжатлар текширилади, деб хабар бермоқда Tengrinews.kz.

Хронология

2 январдан бери қўшни давлатда намойишлар бўлиб ўтмоқда. У Қозоғистоннинг Мангистау вилояти Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи икки бараварга (60 тенгедан 120 тенгега) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқиши билан бошланган эди. Шундан кейин, намойишлар Актау вилояти марказида ҳам бўлиб ўтди, сўнгра Қозоғистоннинг бошқа ҳудудларига, жумладан пойтахт Нур-Султон шаҳрига ва собиқ пойтахт Олмаотага ҳам тарқала бошлади.

Аввалроқ, президент Қасим-Жомарт Тоқаев топшириғига биноан муаммога «ўзаро мақбул ечим» топиш мақсадида Ақтауда ҳукумат комиссияси иш бошлади. Сешанба куни Мангистау вилоятида «Казмунайгаз» «Казмунагаз» миллий компаниясининг ижтимоий масъулияти доирасида суюлтирилган газ нархи 50 тенгегача арзонлаштирилгани хабар берилганди.

4 январь куни кечқурун Telegram, WhatsApp va Signal интернет-мессенжерлари очилмай қолди.

Қозоғистон президенти ватандошларига йўллаган видеомурожаатида намойишлар иштирокчиларини «ақл билан иш кўришга, ички ва ташқи иғволарга берилмасликка, митингчилар ва ўзбошимчаликлар эйфориясига учмасликка» чақирди. «Ҳукумат қуламайди. Бироқ, бизга можаро эмас, ўзаро ишонч ва мулоқот керак», — деди у.