Тошкентда 15 ёшли мактаб ўқувчиси билан яқинлик қилган жисмоний тарбия ўқитувчиси ва унинг шерикларига оид иш кўриб чиқилди.

Аввалроқ, Тошкент шаҳар ИИББ 27 апрель куни 8 синф ўқувчиси 2006 йилда туғилган вояга етмаган қизга нисбатан дастлаб 1991 йилда туғилган А.Х. томонидан, кейинчалик унинг икки таниши — М.М. ва Б.Ғ. томонидан жинсий турдаги жиноят содир этилгани ҳақида хабар келиб тушгани ва гумондорлар қўлга олинганини маълум қилганди.

Тошкент шаҳар суди матбуот хизмати хабар беришича, 11 ноябрь куни, ЖИБ Миробод туман судида судланувчилар А. Х., Б. Г. ва М. М. га нисбатан жиноят иши бўйича ёпиқ суд жараёни ниҳоясига етган ва суд ҳукми эълон қилинган.

Суд ҳукмига кўра А. Х. Жиноят кодексининг 128-моддаси (16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) 2-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. Унга 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Унинг шериклари Б. Г. ва М. М. Жиноят кодексининг 128-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этган деб топилди. Уларнинг ҳар бирига 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Ҳукмдан норози тарафлар ҳукм эълон қилинган кундан 20 сутка ичида шикоят бериши ёки протест билдириши мумкин.