Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар Стратегияси доирасида 2017−2021 йилларда амалга оширилган ислоҳотлар натижалари тўғрисидаги маълумотлар акс этган Reforms.uz сайти очилди. Сайтдаги матнга кўра, Стратегия доирасида «олий таълим муассасаларининг академик мустақиллиги таъминланди» ва «олий таълим муассасаларининг жаҳон таълим маконига интеграцияси фаоллашди». Бу баёнотлар қанчалик ҳақиқатга яқин эканлигига аниқлик киритишга ҳаракат қиламиз.

Қандай ваъдалар берилган эди

2017 йилда қабул қилинган Стратегиянинг устувор йўналишларидан бири таълим ва фанни ривожлантириш бўлиб, унинг доирасида «таълим ва ўқитиш сифатини баҳолашнинг халқаро стандартларини жорий этиш асосида олий таълим муассасалари фаолиятининг сифати ҳамда самарадорлигини ошириш, олий таълим муассасаларига қабул квоталарини босқичма-босқич кўпайтириш» кўзда тутилган эди.

Бу мақсадларга эришиш учун ҳар йилги Давлат дастурларида аниқ қадамлар белгиланган эди. 2019 йилда маҳаллий ОТМларни QS ва Times Higher Education каби халқаро агентликларнинг рейтингига киритиш бўйича йўл харитасини, шунингдек, олий таълим учун ягона макон яратиш ва таълим иштирокчиларининг академик ҳаракатчанлигини таъминлашни назарда тутувчи Болонья жараёнига Ўзбекистоннинг кириши бўйича ташкилий чора-тадбирлар режасини тасдиқлаш кўзда тутилган эди.

2020 йилги дастурга, жумладан, Олий таълим вазирлигининг таълим мазмунига аралашмаслигини таъминлайдиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқиш, шунингдек, етакчи хорижий ОТМлар билан биргаликда маҳаллий олий ўқув юртларининг трансформациясини бошлаш кўзда тутилган эди. Бироқ, бундай трансформация нимадан иборат бўлиши ҳақида дастурда аниқ тушунтириш йўқ эди.

2021 йилги дастурда мамлакатнинг 30та ОТМига ўқув дастурларини мустақил ишлаб чиқиш, қабул квоталарини белгилаш ва молиявий масалаларни ҳал қилиш ҳуқуқи берилиши кўзда тутилган эди.

Нима ишлар амалга оширилди ва нималар қилинмади

2020 йилда 1997 йилги қонун ўрнига янги «Таълим тўғрисидаги қонун» қабул қилинди. Қонунда мамлакат таълим тизимини тартибга солувчи давлат органларининг ваколатлари белгилаб берилган.

Ушбу қонуннинг 34-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги давлат таълим стандартлари, малака талаблари, олий таълим, ўрта махсус таълим ҳамда профессионал таълимнинг ўқув режалари ва ўқув дастурлари ишлаб чиқилишини таъминлайди. Тузилмасида ОТМлар мавжуд бошқа вазирликлар ва органлар ўз стандартлари ва дастурларини Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан мувофиқлаштириши лозим.

Кўриб турганимиздек, ОТМлар томонидан ўқув режалари ва дастурларининг мустақил ишлаб чиқилиши, яъни уларнинг академик эркинлиги ҳақида ҳеч нарса айтилмаган. Тўғри, нодавлат таълим ташкилотларига мустақил ишлаб чиқилган ўқув дастурлари асосида таълимни ташкил қилиш ҳуқуқи берилган, лекин давлат ОТМлари бу ҳуқуқдан маҳрум.

Шу билан бирга, Олий таълим тўғрисидаги низом модулли ўқитиш тизимига ўтган ОТМларга ўқув режалари ва фанлар дастурларини мустақил ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш ҳуқуқини беради. Бироқ, бунда юридик чигаллик келиб чиқади: низом Олий таълим вазирлигининг буйруғи билан тасдиқланган ва қонунга нисбатан пастроқ юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатдир. «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида"ги қонунга мувофиқ, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўртасида тафовутлар бўлган тақдирда юқорироқ юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжат қўлланилади. Юқори юридик кучга эга бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжат — қонун эса, юқорида кўриб турганимиздек, давлат ОТМларига академик эркинлик бермайди.

2019 йилда олий таълимни 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси тасдиқланди, у республиканинг камида 10 та олий ўқув юртини халқаро рейтингларнинг энг яхши 1000талигига, флагманлар деб белгиланган иккита олий ўқув юртини эса (Ўзбекистон Миллий Университети ва СамДУ) энг яхши 500таликка киритишни кўзда тутади.

Бироқ, белгиланган мақсадга эришиш учун қандай аниқ қадамлар қўйилиши ҳақида мазкур ҳужжатда ҳеч нарса айтилмади. Lex.uz миллий қонунчилик базасида бу борадаги ҳаракатлар режаси бўлган бошқа ҳужжатларни излаш ҳам ҳеч қандай натижа бермади.

Концепцияда, шунингдек, концепцияни амалга оширишдан кутилган натижалардан бири сифатида олий ўқув юртларининг академик мустақиллигини таъминлаш ҳақида сўз боради. Бироқ, бу йўналишдаги аниқ ҳаракатлар ҳақида ҳеч нима дейилмаган.

Олий таълим вазирлигининг концепцияни амалга оширишга бағишланган матбуот анжуманида ҳам ОТМларга академик эркинлик бериш режалари ҳақида ҳеч қандай изоҳ берилмади. Шунингдек, 2019 йил 1 майга қадар бу йўналишдаги чора-тадбирларни тасдиқлаш кўзда тутилган бўлсада, Болонья жараёнига қўшилиш ёки қўшилмаслик ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмади.

2020 йилда талабаларнинг кредит бирликларни тўплаши ва бу кредитларнинг бошқа ОТМлар томонидан тан олиниши жараёнини аниқлаштириб берувчи кредит-модул тизимини ОТМлар ўқув жараёнига жорий қилиш тўғрисидаги Низом тасдиқланди. Қизиғи, ушбу ҳужжатда кредит-модул тизимга дахлдор ҳужжатлар, шу жумладан, ўқув дастурлари ва фанлар каталоги олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши қайд этилган, шу тариқа ОТМлар академик эркинликдан янада узоқлаштирилган.

Шунингдек, 2020 йилда «Олий таълим муассасаларини нуфузли хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда трансформация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ҳукумат қарори қабул қилинди. Олий таълим вазирлигига 2021 йил 1 мартгача очиқ танлов орқали бешта ОТМни танлаш ва 2021 йил 1 майга қадар ушбу ОТМларни трансформация қилиш дастурини тасдиқлаш топширилди.

Тажриба сифатида, 2021/22 ўқув йилидан бошлаб, танланган ОТМлар бакалавриат ва магистратурага кириш учун квоталарни мустақил белгилашлари, шунингдек, «энг яхши халқаро тажриба» асосида бакалавр даражасига кириш имтиҳонларини мустақил ўтказишлари керак эди. Шунингдек, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига ҳам 2021/22 ўқув йилидан бошлаб ушбу ОТМларга кенг академик мустақиллик бериш чораларини кўриш топширилган эди.

Интернет сарҳадларида бу каби танловнинг ўтказилганлиги ва унинг натижалари бўйича ҳеч қандай маълумот топилмади. Шунингдек, бирор-бир давлат ОТМининг қабул квоталарини мустақил белгилаши ёки кириш имтиҳонларини мустақил ўтказиши ҳақида ҳеч бир ахборот йўқ.

Отмларга академик эркинлик нега керак?

Европа университетларининг буюк хартияси — 1988 йилда Болоньяда (Италия) Европа университетлари ректорлари томонидан қабул қилинган ва дунёнинг 900 дан ортиқ университетлари томонидан имзоланган ҳужжат университет «илмий тадқиқот ва ўқитиш орқали маданиятни яратадиган, ўрганадиган, баҳолайдиган ва авлоддан авлодга қолдирадиган муассаса» эканлигини уқтиради.

Бу вазифани бажариш учун тадқиқот ва таълим ахлоқий ва интеллектуал жиҳатдан ҳар қандай сиёсий ҳокимият ва иқтисодий босимлардан мустақил бўлиши керак. Ҳужжат тадқиқот ва касбий тайёргарликдаги эркинликни «университет ҳаётининг фундаментал тамойили» сифатида тан олади.

1997 йил ноябрь ойида ЮНEСКОнинг Бош конференцияси томонидан қабул қилинган ОТМларнинг ўқитувчи кадрлари мақоми тўғрисидаги тавсияномаси университет автономиясини «олий ўқув юртлари ўзларининг илмий ишлари, тартиблари, бошқарувлари ва тегишли фаолиятига нисбатан самарали қарор қабул қилишлари учун керак бўлган ўзини ўзи бошқариш даражаси» сифатида баҳолайди.

1998 йилда ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон олий таълим конференцияси иштирокчилари томонидан қабул қилинган «XXI аср учун олий таълим тўғрисидаги бутунжаҳон декларацияси«га биноан, ОТМлар, уларнинг ходимлари ва талабалари «ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг мажмуаси сифатида тушуниладиган тўлиқ академик эркинлик ва автономиядан фойдаланишлари керак, шу билан бирга, жамият олдида тўлиқ жавобгар бўлишлари лозим».

Таълим сифати бўйича халқаро эксперт Бастиан Бауманн «Газета.uz» нашрига берган интервьюсида автономия ва масъулият муносабатлари ҳақида гапирганда, қуйидаги ўхшашликни келтиради: агар ОТМ учун барча қарорлар вазирлик ёки бошқа муассаса томонидан қабул қилинса, ОТМ ҳам сифат учун жавобгар эмаслигини айтиши мумкин.

Америка ўқитувчилари ассоциацияси таърифига кўра, академик эркинлик — бу ОТМ ўқитувчи-профессорлари тарикибининг ОТМ ўқув дастури, фанлар мазмуни, ўқитиш ва баҳолаш усулларини ташқи аралашувсиз, мустақил белгилаш ҳуқуқидир. Академик эркинлик ОТМларни талабалар ва ўқитувчилар ҳар қандай соҳада янги билимларни яратиши мумкин бўлган тадқиқот майдонига айлантиради.

Умуман олганда, ОТМларнинг академик эркинлиги (мустақиллиги, автономияси) улар учун энг муҳим вазифалардан бири — янги билимларни яратиш ва тарқатиш учун зарур шарт сифатида қаралади. Бундан ташқари, академик мустақиллик ОТМлар меҳнат бозорининг доимий ўзгариб турадиган талабларига ўз вақтида мослашиши ва ўқув жараёнининг сифатини таъминлаши учун зарурдир.

Шунингдек, академик эркинлик — бу ОТМлар ўртасидаги талаба учун рақобат ҳамдир. Худди ўша интервьюда Бауманн шундай деган эди: «ОТМлар ўқув дастурларини ўзгартира олса, ўқитмоқчи бўлган соҳасининг қайсидир жиҳатларига чуқурроқ кира олса, ўқитиш ва ўрганишнинг турли усулларини таклиф қила олсагина рақобат пайдо бўлади».

Шахсий тажрибамдан мисол келтиришга рухсат берсангиз. Олдимда магистратурада ўқиш учун Буюк Британиядаги ОТМни танлаш масаласи турганда, мени қизиқтирган йўналишда дастурларни таклиф қиладиган ОТМлар рўйхатини туздим. Бир йўналишнинг ўзи бўйича турли ОТМлар турли ўқув дастурларини таклиф қилишди ва ОТМ танлашда, бошқа омиллар қаторида, мен танлаган йўналиш бўйича қайси ОТМ мени қизиқтирган жиҳатларга кўпроқ урғу беришиига эътибор қаратдим.

Reforms.uz: ҳисоботдар қай даражада ҳақиқатга яқин?

Отмларнинг академик эркинлиги таъминланганми? ОТМларнинг жаҳон таълим маконига интеграцияси қанчалик фаоллашган? Бу саволларга жавобларни кўриб чиқсак. Юқорида кўрганимиздек, амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар давлат ОТМларига ўз ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва жорий қилишга рухсат бермайди.

ОТМнинг академик эркинлиги деганда талабаларни турли таълим дастурларига қабул қилиш ва уларни баҳолаш билан боғлиқ масалаларни мустақил ҳал қилиш имконияти ҳам тушунилади. Олий таълим тизимини бошқаришдаги охирги қарор ва таклифларга қараганда, маҳаллий ОТМлар бу борада ҳам мустақилликдан умид қила олмайди.

Олий таълим сифатини таъминлашнинг асосий тамойилларидан бири — ОТМнинг таълим дастурларига талабаларни қабул қилишда қўлланиладиган баҳолаш усуллари мазкур таълим дастурларини муваффақиятли якунлаш салоҳиятига эга бўлган талабаларни танлаш имконини беришидадир. Маҳаллий ОТМларда қўлланиладиган талабаларни танлаш усуллари бу тамойилга мос келадими? Бу саволга ижобий жавоб бериш мушкул.

Давлат тест марказининг 20 йилдан ошиқ вақт мобайнидаги фаолияти давомида талабанинг ОТМга кириш имтиҳонларида қайд этган натижаси ва кейинги ўқиш кўрсаткичлари ўртасидаги корреляция (боғлиқлик) тўғрисида ҳеч қандай тадқиқот натижалари чоп этилмаган. Бундай корреляция — фанда предиктив валидлик деб аталади — тест тизимимиз ҳақиқатан ҳам муносиб номзодларни танлаб бермоқдами ёки йўқлигига ишонч ҳосил қилиш имконини берган бўларди. Шунингдек, супер ва гипер-контрактлар асосида қабул қилинган битирувчиларнинг сифати бўйича тадқиқотлар ўтказиш ҳам фойдадан холи бўлмасди.

Бакалавриат дастурларига талабаларни қабул қилиш учун ишлатиладиган ДТМ тестларининг предиктив валидлиги борасида ишончли маълумотлар йўқлигига қарамай, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги раҳбарияти магистратурага қабул ҳам ДТМ тестлари орқали амалга оширилишини таклиф қилмоқда. Яъни, ОТМларни магистрлик дастурларига кимлар саралаб олинаётганини назорат қилиш имкониятидан маҳрум қилиш таклиф қилинмоқда. Балки, мақсад коррупцияга барҳам беришдир, бироқ коррупцияга қарши кураш академик эркинлик ва сифатнинг асосий тамойилларини инкор қилиш эвазига бўлиши шартми?

Яна бир қизиқ, лекин тушунарсиз таклиф — ОТМ битирувчиларини Давлат тест маркази томонидан синовдан ўтказиш. Биринчидан, ОТМ битирувчиси таҳлил қилиш, синтез, баҳолаш, муаммоларни ҳал қилиш каби кўникмаларга эга бўлиши керак, бундай кўникмаларни ДТМ ўзининг асосий баҳолаш инструменти бўлган ёпиқ турдаги тест топшириқлари (бир нечта жавоб вариантли тест) ёрдамида текшира олиши даргумон. Иккинчидан, ОТМда давлат аккредитациясининг мавжудлиги давлатнинг ОТМга бўлган ишончини билдиради, ОТМни ўз битирувчисини баҳолаш имкониятидан маҳрум қилиш таклифи бундай ишончни чиппакка чиқаради. Ва ниҳоят, бу ОТМни академик эркинликдан бутунлай маҳрум қилиш деганидир, ахир академик эркинлик талабаларни баҳолаш усулларини эркин танлаш имконини ҳам назарда тутади.

Бошқа бир янгиликни кўриб чиқамиз — мамлакат ичида бир ОТМдан бошқасига ва чет эл ОТМидан маҳаллий ОТМга ўқишни кўчириш талабларининг қийинлаштирилиши. Талабанинг ёки унинг ота-онасининг бошқа манзилга кўчиши каби узрли сабаблар бўлмаган тақдирда, мамлакат ичидаги бошқа ОТМга ўқишни кўчиришга фақат супер контракт тўлангандан кейин рухсат берилмоқда. «Турдош бўлмаган» йўналишга кўчириш эса умуман таъқиқланди.

Хорижий ОТМдан маҳаллий ОТМга ўқишни кўчиришмоқчи бўлган талаба ДТМнинг ўтган йили абитуриентлар учун ишлатилган саволларидан тузилган тестни топшириши керак ва ўтган йили белгиланган ўтиш балини тўплаши керак. Ҳатто дипломи Ўзбекистонда имтиҳонсиз тан олинадиган топ-1000ликдан ўрин олган ОТМда таҳсил олаётган талабалар ҳам ушбу жараёндан ўтишлари шарт.

Бундай ёндашув ҳам ОТМларнинг академик эркинлигини ва кредит тизимининг моҳиятини йўққа чиқаради. Бундай йўл билан ОТМларнинг жаҳон таълим маконига интеграциясига эришиш ҳам мумкин эмас.

Кредит тизимининг афзалликларидан бири — бу ўз мамлакати ичида ҳам, чет элда ҳам талабаларнинг академик ҳаракатчанлигини таъминлашидадир: талаба бир ОТМда ўқишни бошлаб, бошқасида давом эттириб, учинчисида диплом олиши мумкин.

Агар талаба ўқишини бошқа ОТМга кўчирмоқчи бўлса, бу ОТМ талаба олдин ўқиган ОТМдаги ўқув дастурини ўрганади, уни ўз дастури билан таққослайди ва талаба тўплаган кредитларнинг қанчаси тан олинишини ҳал қилади. Талаба бўлса янги ОТМда диплом олиш учун зарур бўлган кредитларни йиғишда давом этади. Ўқиш йўналишлари айнан мос келиши ҳам шарт эмас. Бир ОТМда тарих йўналишида ўқишни бошлаган талаба ўқишини бошқа ОТМнинг тилшунослик бўлимида давом эттириши мумкин — бу ҳолда у янги ОТМда кўпроқ кредит тўплаши керак бўлади.

ОТМларнинг мустақиллиги уларнинг иш берувчилар сифатида ходимлар билан, шу жумладан, профессор-ўқитувчилар билан муносабатларини эркин тартибга солиш ваколати ҳамдир.

ОТМлар ўқитувчиларга қўйиладиган талабларни, уларнинг иш сифатини назорат қилиш, уларни аттестациядан ўтказиш ва лавозимини ошириш тартибларини мустақил белгилайди. Файласуф ва антрополог Валерий Хан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланган профессор-ўқитувчиларнинг ишини баҳолашнинг амалдаги тизими илмий-педагогик ютуқларни баҳоламаслиги ва «боши берк кўча»га келиб қолгани ҳақида ёзган эди. Бу сўзларнинг тасдиғи сифатида менга бир воқеани айтиб беришди: маҳаллий ОТМлардан бирида ишлайдиган чет тилларини яхши биладиган, халқаро журналларда мақолалар чоп қилган ва хорижий ОТМлар билан халқаро лойиҳаларда қатнашадиган фан доктори ўша «машҳур» 110 баллик баҳолаш тизимидан ўта олмаган. Шунга қарамасдан, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан умумхалқ муҳокамасига қўйилган лойиҳани таҳлил қилсак, профессор-ўқитувчилар ишини тартибга солиш ва баҳолашга ёндашувлар ҳали бери ўзгарадиганга ўхшамайди.

«Қароқчи» журналларда сифати шубҳали «илмий» мақолалар чоп этиш ҳам — бу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон 2020 йилда биринчи ўринни эгаллаган — жаҳон таълим маконига интеграциялашувга ёрдам бермайди. ОТМлар ўз ходимларидан ҳар йили маълум миқдордаги мақолаларни халқаро журналларда чоп этишни талаб қиладилар, буни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг талаби ва халқаро рейтингларга кириш истаги билан изоҳлайдилар. Мақола чоп этиш бўйича бундай «режа»ни бажармаслик кўпинча меҳнат шартномасининг бекор қилинишига олиб келади. Аммо шуни ҳам тушуниш керакки, нуфузли илмий журналда мақола чоп этиш дегани — одатда жиддий илмий изланишларнинг якунидир, буни «конвейер»га айлантириб бўлмайди. Шубҳали журналлардаги мақолалар эса ОТМнинг обрўсига ижобий таъсир қилмайди ва халқаро рейтингларга киришга ёрдам бермайди.

Шундай қилиб, олий таълимни бошқаришнинг сўнгги тенденциялари таҳлили шуни кўрсатадики, Reforms.uz сайти муаллифлари «олий таълим муассасаларининг академик мустақиллигини таъминлаш» ва олий таълим муассасаларининг жаҳон таълим маконига интеграциясини фаоллаштириш" тўғрисида берган ҳисоботи ҳақиқатдан ҳали анча йироқ. Ўтган йиллар давомида давлат дастурларига киритилган кўп вазифалар ҳам шу кўйи қоғозда қолиб кетди. Маҳаллий олий таълимни ислоҳ қилиш дастурларини келажакда ҳам худди шундай тақдир кутмаслигига умид қилишдан бошқа чорамиз йўқ.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтайи назарини ифодаламаслиги мумкин.