Яқинда (июнь ойида) республика олий таълим муассасаларида илмий-педагогик кадрларнинг ўзига хос рўйхатини шакллантириш мақсадида ҳисоботлар топширилди.

Аҳамиятли жараён. Мамлакат президенти таъкидлаганидек, ислоҳотларга тўсқинлик қиладиган учта асосий муаммо — бу кадрлар, коррупция ва бошқарув даражаси. Охир оқибат, буни бир сўз билан ифодалаш мумкин — кадрлар, чунки коррупция ва бошқарув даражасидаги муаммо бизни кадрлар муаммосига, уларнинг ахлоқи ва бошқарув маҳорати (профессионализми) масаласига қайтаради. Агар ОТМларга нисбатан кадрлар ҳақида гапириладиган бўлса, сўз профессор-ўқитувчилар таркиби ҳақида боради.

Амалдаги ҳисоботлар кадрларни янгилашда бурилиш нуқта ролини ўйнаши керак эди: ўтмаганлар ишдан кетиши, ўтганлар билан эса йиллик шартнома тузилиши керак. Бу ҳақида мен мақолаларимдан бирида ёзган эдим.

Биз хусусий масалани кўтараётганимиз йўқ. ОТМлар маъмурияти ва профессор-ўқитувчиларининг меҳнати самарадорлигини баҳолаш ва уларни моддий рағбатлантириш масаласини ҳал қилмай туриб, биз ОТМларимиз сифати ва 2030 йилда Ўзбекистоннинг глобал инновацион индекс бўйича 50 та етакчи давлатлар қаторига кириши масаласини ҳал қилолмаймиз.

Бизга ОТМларни тубдан ислоҳ қилиш ўз-ўзидан эмас, балки 2019−2021 йилларга мўлжалланган Инновацион ривожланиш стратегиясида белгиланган янада муҳим вазифа, бош мақсадни — «мамлакатнинг халқаро майдондаги рақобатбардошлилиги даражасини ва инновацион жиҳатдан тараққий этганини белгиловчи асосий омил сифатида инсон капиталини ривожлантириш» — амалга ошириш учун керак. Таълим тизими томонидан яратиладиган айнан шу капитал инновацион иқтисодиётни яратишнинг муҳим омили ҳисобланади. Шу сабабли, бу университетларнинг мамлакат олдида турган улкан вазифаларни ҳал қилишдаги роли катта.

2022 йил ҳам узоқда эмас. Хўш, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги рақобатбардошлиги ва инновацион жиҳатдан тараққий этишини белгиловчи асосий омил инсон капиталининг ривожланиши, шу билан бирга, ОТМларнинг рақобатбордошлигини қандай баҳолаш мумкин? Агар маҳаллий ОТМлар ҳақида гапирадиган бўлсак, унда аҳвол чатоқ (вазият чет эл олий ўқув юртлари филиалларининг очилиши билан ўнгланиб турибди). ОТМларимизнинг обрўси ошдими, уларда сифат жиҳатдан ўзгаришлар юз бердими, чет эллик олимлар ва талабалар ОТМларимизда ўқишга интилишяптими?

Бу сатрларни ўқиган ҳар қандай киши: «Сиз ҳазиллашяпсизми?» дейди. Мен эса Олий таълим вазирлигининг собиқ ва амалдаги раҳбарлари, Президент аппарати ва Вазирлар Маҳкамасидаги тегишли йўналишлар бўйича давлат маслаҳатчилари ва амалдорлардан сўрамоқчиман: 2019−2021 йилларда мамлакатни Инновацион ривожлантириш стратегияси, президентнинг инсон капиталини яратиш учун масъул бўлган кадрлар корпусини баҳолаш учун рейтинг тизимини ишлаб чиқариш бўйича топшириғи — бу ҳазилми?

Кўплаб мақолаларда, шу жумладан менинг ҳам мақолаларимда таълим ва фан тизимидаги ислоҳотлар учун ҳақиқий тўсиқ — бу тенглаштириш эканлиги, иш ҳақининг миқдори ва таркиби ҳеч қачон рағбатлантирувчи омил сифатида ишламаслиги қайта-қайта таъкидланган.

«Қандай қилиб» деб сўрашади Олий таълим вазирлигида. Ҳали 2015 йилда биз бутун мамлакат бўйлаб илмий-ўқитувчилик фаолиятини баҳолашнинг 110 балли тизимга асосланган рейтингни жорий қилгандик (Олий таълим вазирлиги ҳайъатининг 2015 йил 29 сентябрдаги қарорини кўринг).

Олий таълим вазирлигининг ушбу баҳолаш тизимини тавсифлаб, шуни айтиш мумкинки, тизимни тузувчиларда оқиллик ҳам, мантиқ ҳам ва вазифани тушуниш қобилияти ҳам йўқ: улар, мисол учун 10 саҳифали матн (кичик мақола) ва 400−500 бетли илмий матн (пухта монография) ўртасида, талабалар турар жойига ташриф буюриш (ўқитувчининг ижтимоий юкламаси) билан илмий иш тайёрлаш (ўқитувчининг илмий фаолияти) ўртасида, дунёнинг на энг яхши 1000 талиги, на энг яхши 10 000 талигилига кирмайдиган, дунёда тан олинмайдиган университет конференциясида нутқ сўзлаш билан Колумбия ёки Стэнфорд университетларида доклад билан чиқиш ўртасида сифат фарқини кўришмайди.

Олий таълим вазирлиги томонидан жорий этилган рейтинг тизими университетларни халқаро даражага олиб чиқа оладиган юқори малакали кадрларни аниқламайди ва мувозанатни тикламайди.

Келинг, бир саволга жавоб топайлик: нима учун барча университетларда ўтказиладиган рейтинглар натижасида асосий «ботқоқлик» барибир ўша ерда қолаверади? Жавоб: университетларни «ботқоққа» тортаётганлар учун мавжуд рейтинглар муаммо эмас, чунки юқори интеллектуал ресурслар, миқдорий ва сифатли харажатларни талаб қиладиган илмий-педагогик фаолият амалда энг оддий меҳнат турлари ва мажбуриятлар билан тенглаштирилган.

Эҳтимол, тизимни тузиш учун олимлар, турли аппаратлардаги турли даражадаги амалдорлар жалб қилингандир. Эҳтимол, у бир неча бор тасдиқлашдан ўтгандир. Аммо натижа ачинарли: умидлар сароблигича қолди!

Бу тизимни яқиндан кўриб чиқамиз. Мен бир нечта университетлар ва институтларнинг рейтинг тизимлари билан танишиб чиқдим, уларнинг барчаси тузилиш методологиясида бир-биридан унчалик фарқ қилмайди, чунки улар базавий тизим сифатида Олий таълим вазирлигининг рейтингларига таянади.

Энг асосийси — турли хусусиятга эга нарсалар тенглаштирилади. Маҳаллий конференциядаги иштироки учун — 2 баллгача, халқаро конференциядаги иштироки учун — 3 баллгача, ўзимизнинг Олий аттестация комиссияси (ОАК) журналидаги мақола учун — 2 баллгача, монографиялар — 3 баллгача, фан номзоди илмий даражаси ва доцент унвони учун — 1 балл, чет тилларини билиши, материалларни ишлаб чиқишда ва ўқитишда улардан амалий фойдаланганлиги учун — 2 баллгача.

Вазият қуйидагича: маҳаллий журналларда 2 та мақола чиқаришга (10−12 бет) монографиядан кўра (бир неча юзлаб бетлар) кўпроқ балл берилади, муаллиф ўзи тўлов киритиб қатнашадиган конференцияларда бир неча ўнлаб нусхада чиқариладиган, рўйхатдан ўтмайдиган, бир сўз билан — макулатурага айланадиган 2 саҳифали тезислар учун ва чет тилларини билиш, материалларни ишлаб чиқишда улардан амалий фойдаланиш ва ўқитиш учун бир хил балл берилади.

Ўқув қўлланманинг нашр этилиши 8 баллгача, монографиялар ёки докторлик диссертациясини ёзиш ва ҳимоя қилиш — 5 баллгача баҳоланади. Лекин ўқув қўлланмани 90% ўқитувчилар ёзиши мумкин, чунки улар ўнлаб йиллар давомида биргина фанни ўтишади (кенг тарқалган плагиатни ҳисобга олган ҳолда эса — 100% ҳаммаси), шу билан бирга, докторлик диссертациясини фақат саноқли кишилар ҳимоя қила олади — шунинг учун бизда кўп кафедраларда фан докторлари йўқ, тағин рейтинг тизими фан билан шуғулланишга руҳлантирмайди.

Ётоқхонага ташриф 2 баллгача баҳоланади — чет тилларини билиш, улардан материалларни ишлаб чиқиш ва ўқитишда амалий фойдаланиш билан бир хил. Талабалар турар жойига нечта ўқитувчи ташриф буюриши мумкин? Ҳамма. Колумбия ёки Стэнфорд университетларига нечта ўзбек олимлари ўз маърузаларини ўқишга таклиф қилинган? Очиқ-ойдин бемаъниликка қарамай, бу мезонлар ўқитувчиларимизни баҳолашда қўлланилиб келинмоқда.

Кўпгина ибораларни тушуниш қийин. Ётоқхоналарга ташриф буюриш тўғрисидаги айни банд «ётоқхонада тасдиқланган режа асосида олиб бориладиган ёшлар фаолияти ва маънавий-маърифий йўналишлар» деб таърифланган. ОТМлардан бирида менга талабалардан туалетлари яхши ишлаяптими йўқми деб сўраш кераклигини айтишди. Агар носоз бўлса, журналга тегишли ёзувни қолдиришимни айтишди. Унда ётоқхонада комендантлар нима қилади? Бошқа ОТМда эса улар талабалардан бирини чақириб, у билан шашка, ундан ҳам яхшиси шахмат ўйнашни таклиф қилишди.

Ёки ўқитувчилик фаолиятини олайлик. Назарий билимлар, амалий кўникмалар ва замонавий ўқитиш тенденцияларини эгаллаганлик даражасини қандай баҳолаш мумкин? Ким назарий билим даражаси паст ёки замонавий ўқитиш тенденциялари билан таниш эмас деб тан олинади? Шунинг учун, комиссиялар ҳеч қандай ўрганишларсиз ҳаммага максимал 8 балл қўядилар (юқорида келтирилганларга комиссияларнинг ўзи жавоб берадими йўқми — бу ҳам аниқ эмас). Бундан келиб чиқадики, шунчаки ишга бориб келасиз ва 8 балл кафолатланган, бир неча йил давомида изланиб ёзган монографиянгизни нашр этасиз-у — 3 баллингизни оласиз!

Ёки талабалар билимини баҳолашнинг замонавий усулларидан фойдаланиш ёки амалиётга жорий қилинган халқаро баҳолаш дастурлари (PISA, PIRLS, TIMSS) каби рейтинглар бандини олайлик. Бу дастурлар мактаб таълим сифатини баҳолайди, масалан PIRLS ўқувчилар матнларни ўқиши ва тушунишини текширувчи тестлар. ОТМ ўқитувчиларининг 100% бу баҳолаш дастурлари билан таниш эмас, чунки улар Ўзбекистонга ҳали энди жорий қилинади. Нима учун рейтингга мантиқсиз мезонларни киритиш керак?

Илмий-педагогик кадрларнинг жорий рейтинг баҳолашида бажарилган ишлар миқдори ҳисобга олинмайди. Масалан, ўқитувчи икки ёки бешта конференцияда иштирок этганининг фарқи йўқ. Мақолалар билан ҳам худди шундай. Мақола ва монография ўртасидаги фарқ минимал, уни ётоқхонада талаба билан ўтказиладиган битта шашка ўйини билан ёпиш мумкин. Ахир, монография йиллар давомида ёзиладиган илмий иш!

Тўпламлардаги мақолалар, жамоавий монографиялардаги бўлимлар ҳисобга олинмайди, фақат журналлардаги мақолалар ҳисобга олинади. Қайси асосда? Тасаввур қилинг, сиз маҳаллий журналда эълон қилган мақолангиз ҳисобга олинди, бироқ, Oxford University Press томонидан чоп этилган жамоавий монографиядаги мақолангиз ҳисобга олинмайди.

Балларнинг максимал қиймати ҳам шубҳа уйғотади — 110. Нега 110, 115 ёки 120 эмас? Чегара ёки очиқ бўлиши керак (ким қанча йиға олса) ёки максимал даражада баланд бўлиши лозим.

Илмий-тадқиқот ишлари — 110дан 30 балл олиб турган бир пайтда балларнинг катта қисми ўқув ва ўқув-услубий ишлар учун ажратилган, илмий даража, чет эл амалиёти, чет тилларини билиш эса — арзимаган 10 балл билан баҳоланади. Бундай рейтинг тизими билан биз кучли кадрларни жалб қилолмаймиз ва ўқув-услубий мажмуаларни, дастурларни ва маъруза матнларини интернетдан юклаб оладиган, ўзбек тилига таржима қиладиган ва ўз ботқоғида ўзларини яхши ҳис қиладиган, ҳатто 30% устама тўловларни талаб қиладиган қобилиятсиз кадрларга эга бўламиз.

Хулоса ўрнида ОТМларнинг бирида 110 баллик тизимдан ўтиш бўйича ҳаётий тажриба ҳақида гапириб бераман (2015 йилдан). Чет элда дарс бериб юрган ва илмий лойиҳалар билан шуғулланган бир ўқитувчи Ўзбекистонга қайтгач, маҳаллий ОТМлардан бирига ишга кирди. Бошқалар каби у ҳам рейтинг учун жадвални тўлдиди ва шунда у энг паст балл олгани аниқланди. Бу қандай бўлиши мумкин, ахир ўқув йили давомида олим 30 га яқин илмий мақолаларни нашр этган бўлса, улардан 15 таси чет элда, Германия, Корея, Қирғизистон ва Россия Федерациясида ўтказилган 5 та халқаро конференцияларда қатнашган, маърузалар ўқиш ва талабалар уй вазифаларини тайёрлашда инглиз тилидан фойдаланиш амалиётини жорий қилган бўлса? Бу бошқа бутун бошли кафедралар амалга оширган ишлардан кўпроқ.

Қаҳрамонимизнинг кекса ҳамкасби камтарона баллар билан тўлган жадвалга қараб, айтди:

— Эх, ёш ва тажрибасизсиз, келинг сизга ёрдам бераман. Хорижий нашрлар ва конференциялар, инглиз тили — бу яхши. Ётоқхонага бордингизми?

— ??? Йўқ, нима учун?

— Қанақасига? Талабаларнинг яшаш шароитларини текширишчи?

— Аммо у ерда комендант борку?

— Тартиб шунақа. Боргансиз деб ёзамиз.

— Жиддий айтяпсизми?

— Бундан жиддийроқ бўлмайди. Талабалар билан музей, ҳайвонот боғига бордингизми?

— Йўқ, -жавоб берди қаҳрамонимиз. — Улар кап-катта одамларку.

— Тартиб шунақа. Боргансиз деб ёзамиз.

Ўқитувчининг рейтинг паст баҳо олганлигининг сабабини кўрсатган бошқа шунга ўхшаш саволлар пайдо бўлди. Гарчи чет элда ўқитувчининг фаолияти бошқачароқ баҳоланади.

Энди рейтингдаги жой яхшироқ кўринишга эга бўлди: ўқитувчи «аълочи» бўлмасада, чет тилларини билмайдиган, халқаро илмий форумларда қатнашмаган нуфузли хорижий нашрларда мақоласи чиқмаган ўқитувчилар рейтингининг ўртасида барқарор ўринни эгаллади.

Йиллар ўтди, лекин 2015 йилги рейтинг тизимини ҳеч ким танқид остига олмади. Президентнинг 2019 йилги ПҚ-4358-сонли қарорида эса «деканатлар ва кафедралар раҳбарлари, шунингдек, профессор-ўқитувчилар таркиби меҳнати самарадорлигини баҳолашнинг ва кейинчалик уларни моддий рағбатлантиришнинг рейтинг тизими жорий этилмаган» дейилган.

Кўринишидан, Олий таълим вазирлиги профессор-ўқитувчилар таркибининг самарадорлигини баҳолаш учун рейтинг тизими жорий этилган деб ҳисоблаган ва президент қарори раҳбарият учун тааллуқли деб ўйлаб, тезда ОТМлар раҳбарияти — ректорлар, проректорлар, деканлар ва кафедра мудирлари меҳнатини баҳолаш бўйича эгизак ҳужжатни (2019 йил 2 декабрдаги 1100-сонли буйруқ) клонлаштирган. Янги ишлаб чиқарилган клон кадрлар самарадорлигини баҳолаш бўйича курсга ҳурматсизликни давом эттирди.

Хўш, олимнинг ОТМда фаолиятини қандай тўғри баҳолаш мумкин? Олдиндан шуни айтиш лозимки, олим меҳнатининг самарадорлигини баҳолаш қийин масала ва биз унга бир зумда ягона тўғри жавоб топа олмаймиз. Бу ёш бўлган фаннинг мавзуси — фанметрия. Бироқ, унинг энг муҳим тамойилларини изоҳлаш мумкин. Бу, албатта, ҳожатхоналарни текшириш ёки шубҳали «жамоат» ишлари эмас. Аммо бу кейинги мақоланинг мавзуси.

Яқиндан бошлаб, профессионал муҳитда кўплаб саволлар туғдирган ОТМларнинг рейтинглари эълон қилина бошланди. Адлия вазирлиги эса ўтказилган биринчи рейтингни бекор қилди. Иккинчи рейтинг натижалари ҳам илмий жамоатчиликни ўйлантирди. Кўринишидан, тизимнинг ўзи эгизак ҳужжатлардан кўчирилган бўлган.

Бу клонларни йўқ қилиш ва ОТМларни баҳолаш тартибини профессионал ва ошкора қилиш, шунингдек, Ўзбекистондаги ОТМларнинг топ-1000таликка киришига тўсқинлик қиладиган ёки ҳеч бўлмаганда эзгу мақсадларга яқинлаштирадиган ҳаққоний бандларни аниқлаш вақти келмадими?

Муаллифнинг фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.